Жаҳон | 20:17 / 22.03.2024
13735
2 дақиқада ўқилади

Песков: «Россия уруш ҳолатида»

Кремл вакили илк бор «махсус ҳарбий амалиёт» ибораси ўрнига уруш сўзини қўллади. Бунгача Россияда урушни уруш деб атагани учун россияликлар жавобгарликка тортилган.

Россия президенти Владимир Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков мамлакат уруш ҳолатида эканини айтди.

Песковнинг фикрича, барчаси Путин айтганидек «махсус ҳарбий амалиёт» кўринишида бошланган ва гўёки Ғарб ҳарбий ҳаракатларга аралашганидан кейин Россия уруш ҳолатига кирган.

«Бизда тўртта янги субъект пайдо бўлди. Вазифамиз бу ерлардаги одамлар хавфсизлигини таъминлаш ва уларни амалда Киев режими босқинидан озод қилиш.

Биз уруш ҳолатидамиз. Ҳа, барчаси «махсус ҳарбий амалиёт» кўринишида бошланди. Аммо коллектив Ғарб Украина томонда саф тортганда, бу биз учун урушга айланди. Менинг бунга ишончим комил, бошқалар ҳам ўзи учун билиб қўйгани яхши», деган Песков «Аргументы и факты» газетасига берган инрервюсида.

Маълумот учун, Россияда Украинадаги урушни расман «махсус ҳарбий амалият» деб аташади. Урушни уруш деб атаганлик учун россияликлар жавобгарликка ҳам тортилиши мумкин. Кремлда илк марта мамлакат уруш ҳолатида экани ҳақида гапиришди.

Мавзуга оид