Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қозоғистон Еврода ўйнамайди, Украинада яна бир қадам қолди
22 мартга ўтар кечаси Евро-2024 саралаши доирасида 12 жамоа яримфинал ўйинларида майдонга тушди. Исроил драматик кечган баҳсда йирик ҳисобда мағлубиятга учради.
Қозоғистон танаффусга қадар 4 та жавобсиз гол ўтказиб юборди
Греция — Қозоғистон 5:0
Голлар: Бакасетас (9, пеналти), Пелкас (15), Иоаннидис (37), Курбелис (40), Тапалов (87, автогол).
Греция – Влаходимос, Болдок (Рота, 67), Хацидиякос (Рецос, 46), Мавропанос, Цимикас, Бакасетас (Бухалакис, 74), Манталос, Курбелис, Пелкас (Якумакис, 64), Масурас, Иоаннидис (Константелиас, 64).
Қозоғистон – Шацкий, Каиров (Тапалов, 46), Ерланов, Бистров, Марочкин, Вороговский, Чесноков (Зуев, 68), Бейсебеков (Садибеков, 46), Астанов (Оразов, 46), Зайнутдинов, Самородов (Аймбетов, 77).
Огоҳлантиришлар: Вороговский (17), Хацидиякос (30), Садибеков (54), Оразов (67), Ерланов (68).
Қозоғистон миллий жамоасининг Евро томон шов-шувли юриши аянчли якунланди. «Лочинлар» Миллатлар лигаси туфайли қўшимча имкониятга эга бўлишганди, аммо бу йўлда Греция тўсиғидан ўта олмади. Қозоғистонликлар «эллинлар»га ҳеч қандай қаршилик кўрсата олмасдан, йирик ҳисобда ютқазишди.
Магомед Адиев муҳим ўйин арафасида миллий жамоанинг асосий футболчиларидан бири — ҳимоячи Нурали Алипни йўқотганди. «Зенит» футболчисининг сариқ карточкалари кўпайиб кетганди, натижада мураббий Эрланов — Марочкин — Бистров учлигидан иборат схема танлади.
Густаво Пойетда эса таркиб борасида жиддий муаммолар йўқ эди — асосий таркибдаги чап қанот ҳимоячиси Яннулис йўқлигида унинг ўрнини «Ливерпул» вакили Цимикас эгаллади, Нидерландиянинг АЗ клубида тўп сураётган тўпурар ҳужумчи Павлидис захирада қолдирилди, унинг ўрнини «Панатинаикос» вакили Иоаннидис эгаллади.
Грекларнинг энг сермаҳсул ҳужумчиси захирада қолгани осиёликларни қутқара олмади. 7-дақиқадаёқ Каиров жарима майдони ичида Димитриосга қарши қўполлик ишлатди, пеналтини эса Бакасетас ишончли тарзда ижро этди. Аммо бу ҳали муаммоларнинг бошланиши эди — 15-дақиқада мезбонлар қозоқлар мудофаасини пароканда қилди ва Пелкас қанотдан узатилган тўпни бош билан дарвоза тўрига михлади.
Лекин греклар икки голдан кейин ҳам хотиржамликка берилмади, Қозоғистон эса, аксинча, нурсиз ўйин кўрсатишда давом этди — аҳён-аҳёнда уюштирилган ҳужумлар хавфли тус олмади. Мезбонлар эса ортиқча куч сарфламасдан ҳисобни йирик кўринишга келтирди. 37-дақиқада Иоаннидис Масураснинг узатмасидан учинчи голни урди; 40-дақиқада бурчак тўпидан кейин Курбелис ўз номини таблога ёздириб қўйди.
Адиев танаффусда керакли сўзларни топа олганди, чунки танаффусдан кейин Қозоғистон бутунлай бошқача ўйнай бошлади. Шунчаликки, 20 дақиқа давомида тўпга эгалик қилинди, бу оралиқда зарбалар бўйича ҳисоб қозоқлар фойдасига 8:2 кўринишини олди — меҳмонлар таслим бўлишмаганди.
Аммо бу ёрдам бермади. Меҳмонлар барибир гол уришди, аммо ўз дарвозасига. Тапалов бош билан тўпни нотўғри томонга йўналтирди ва битта ҳам жавоб голи ура олмаган қозоғистонликлар оғриқли мағлубиятга кўнишди.
Жамоа ўз тарихида Европа чемпионати саралашидаги энг яхши иштирокини ўтказиб, Дания, Словакия ва Финландия каби кучли рақибларни мағлуб этди, аммо тарихий муваффақиятга эриша олмади.
Украина 85-дақиқага қадар ҳисобда ортда эди, аммо финалга чиқди

Босния ва Ҳерцеговина — Украина 1:2
Голлар: Матвиенко (57, автогол) — Яремчук (85), Довбик (88).
Босния ва Ҳерцеговина – Шеҳич, Дедич (Чивич, 68), Колашинац, Ҳажикадунич, Аҳмедҳожич (Ковачевич, 82), Газибегович, Цимирот, Ҳайрадинович (Пянич, 82), Крунич (Раҳманович, 90), Жеко, Демирович.
Украина – Лунин, Конопля, Матвиенко, Забарний, Миколенко, Зинченко (Малиновский, 76), Зубков (Гуцуляк, 76), Мудрик, Судаков, Бражко (Яремчук, 81), Довбик (Таловеров, 90).
Огоҳлантиришлар: Колашинац (9), Матвиенко (16), Газибегович (26), Конопля (58), Аҳмедҳожич (79), Яремчук (90+1), Ковачевич (90+4).
Бу сафарги Евро саралаши формуласи ғалати вазиятни юзага келтирди. Таркибида Эдегор ва Ҳоланд каби юлдузлар бўлган Норвегия, шунингдек Исак ва Кулусевски билан Швеция куздаёқ Германия йўлланмасидан умид узганди. Лекин саралаш босқичида атиги бир очко олган Эстония ўтиш ўйинларига ўтди. Саралаш босқичида 10 ўйиндан еттитасида ютқазиб, фақат Лихтенштейнни ортда қолдирган Босния ҳам плей-офф босқичида иштирок этди. Барчаси Миллатлар лигаси туфайли, ушбу турнирда ўз гуруҳида яхши қатнашган Эстония ва Босния Евро учун иккинчи имконга эга бўлишди.
Украина миллий жамоаси ҳам асосий турнирга йўлланма учун иккинчи имкониятга эга бўлди, аммо жамоа классик саралаш орқали ҳам йўлланма олишга яқин келганди: Сергей Ребров жамоасини сўнгги турда Миланда дуранг ҳам қониқтирган бўларди, аммо италянлар қийинчиликсиз 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди ва рақибни ўтиш ўйинларига юборди. 12 жамоа иштирокидаги мини-турнир яримфиналида эса Украина айнан Боснияга рўбару бўлди.
Боснияликларда муваффақият қозониш имконияти у қадар юқори эмасди, аммо қуръага кўра улар украинларни ўз уйида қабул қиладиган бўлди. Табиийки, мезбонлар ҳеч қанақа очиқ футбол таклиф этишмади, Саво Милошевич жамоаси максимал даражада рақиб ўйинини бузишни мақсад қилганди ва улар амалда буни уддалашди.
Украинлар таркибида жароҳат олган Циганков етишмади, аммо «Жирона» вингерисиз ҳам ҳужум чизиғи кучли эди: Мудрик, Судаков, Довбик ва Зубков тезкорлик эвазига вазиятлар яратиши мумкин эди, аммо боснияликлар ҳимояда бўш ҳудудлар қолдиришмади. Болқон вакиллари чуқур ҳимояланишди ва рақибга тўп билан узоқ муомила қилиш имконини беришмади.
Шу туфайли ўйин зерикарли ва оғир тус олди, аммо бу боснияликларни мутлақо ташвишга солмасди. Улар вазиятдан максимум натижа чиқаришга ҳаракат қилишди ва маълум маънода биринчи бўлимни рақибдан кўра яхшироқ ўтказишди. Украинларда танаффусга қадар бирорта яққол вазият юзага келмади ва ҳатто бирор зарба дарвоза соҳасига бормади, мезбонлар эса икки бор голга жуда яқин келишди.
Милошевич асосий эътиборни стандарт вазиятларга қаратганди: Босниянинг бурчак ва жарима зарбалари хавфли тус олди. Танаффусдан кейин меҳмонлар фаолроқ ўйнай бошлашди. Аммо биринчи бўлимда хато қилишдан қўрқиб, эҳтиёткорона ўйнаган украинлар барибир хатога йўл қўйишди.
Барчаси бурчак зарбасидан бошланди: Босния биринчи уринишда натижа чиқара олмади, аммо иккинчи темп муваффақият келтирди. Дедич тўпни пастлатиб узатди, Миколенко эса тўпни ўз дарвозасига йўллаб қўйди.
Бу вазиятда Хаджикадунич жуда ақлли ҳаракат қилди. Ҳужум вақтида офсайд ҳолатида эканини билган футболчи тезда ўрнидан туриб, ортга қайтди, бу эпизод Миколенкони ҳам чалғитди.



Милошевич дарҳол «автобус қўйди». Бунгача ҳам камдан кам ҳужум уюштирган Босния урилган голдан кейин ўз жарима майдонига қамалиб олишди. Ва украинлар узоқ вақтгача бунга чора топа олмади.
Болқонликлар ғалабани сақлаб қолиш учун барча зарур воситаларга эгалигини англаган ҳолда, доимий равишда вақт чўзишди. Аммо улар иккинчи голни уриши ва барча масалани олдинроқ ҳал қилиб қўйиши ҳам мумкин эди: 83-дақиқада захирадан ўйинга тушган Пянич тўпни Демировичга қулай қилиб етказиб берди, аммо Лунин меҳмонларни қутқариб қолд.
Ўйин тақдирини Яремчук захирадан тушиши ҳал қилди: «Валенсия» ҳужумчиси аввалига Коноплининг узатмасидан кейин мувозанатни тиклади, бир неча дақиқа ўтиб Довбикни голли ассист билан таъминлади. Украина 85-дақиқада ҳам мағлубиятга учраётганди, аммо тезда барчасини ўзгартириб юборди.
Қолган вақтда эса руҳий устунликка эга бўлган меҳмонлар ғалабани сақлаб қолишди. Аммо бу вазифа тўлиқ уддаланмади: сешанба куни улар Евро йўлланмаси учун ҳал қилувчи баҳсда майдонга тушади — бу ўйин шу куни Исроилни йирик ҳисобда таслим этган (4:1) Исландияга қарши бўлиб ўтади.
Гуржистонликлар тарихий муваффақиятга яқинлашди

Гуржистон — Люксембург 2:0
Голлар: Зивзивадзе (40, 63).
Гуржистон – Мамардашвили, Какабадзе, Кашия, Кверквелия, Двали, Китейшвили, Кочорашвили (Канкава, 86), Чакветадзе (Квеквескири, 77), Шенгелия (Цитаишвили, 72), Зивзивадзе (Квилитая, 86), Микаутадзе (Давиташвили, 77).
Люксембург – Морис, Бонерт, Янс, Шано, Маҳмутович (Муратович, 90), Пинту (Мартинс, 42), Мартинс Перейра, Баррейро, Олесен (Тилл, 77), Родригеш (Корац, 90), Боржес Санчес (Курчи, 77).
Огоҳлантиришлар: Зивзивадзе (21), Пинту (24), Родригеш (54), Баррейро (66), Квеквескири (78), Мартинс (82), Мартинс Перейра (87), Канкава (87), Кашия (90+2), Бонерт (90+2).
Четлатиш: Шано (56).
Гуржистонликлар дисквалификация туфайли ўйнай олмаган Кварацхелиясиз ҳам устунлик қилишди. Люксембург биринчи бўлимда ўта нурсиз ўйин кўрсатди ва дарвоза томон бирорта зарба йўлламади. Мезбонлар сафида эса биргина Зивзивадзе аввал дарвоза устунини мўлжаллади, кейин эса ҳисобни ҳам очди: тўп бурчакдан ўйинга киритилганда Олесен бош билан яхши ўйнай олмади ва тўпни Будунинг оёғига ташлаб берди, у эса юқори яқин бурчакни аниқ нишонга олди.
What an assist that would've been... 😲💫@HisenseSports || #EURO2024 || #EQSkills pic.twitter.com/m2CQsWrkzY
— UEFA EURO 2024 (@EURO2024) March 21, 2024
Иккинчи бўлимда Люксембург қарши ҳужумда илк имкониятдаёқ дарвозани ишғол этди. Аммо кейин ҳакам голни бекор қилди ва шу билан бир вақтда меҳмонлар ҳимоячиси Шанони майдондан четлатди. Люксембургликлар ҳимоячиси голли ҳужум бошланишидан олдин Морис Микаутадзени сўнгги умид фоли билан йиқитгани маълум бўлди. Бу эпизодлар орасида танаффус юзага келмаганди ва шу туфайли арбитр фақат гол урилганидан кейингина такрорий вазиятни кўриб чиқиши мумкин бўлди. Кейинроқ Зивзивадзе Шенгелиянинг узатмасидан дубл расмийлаштирди ва шу билан ўйин масаласи ҳал бўлди.
Уэлс яна Еврога чиқмоқчи
Уэлс — Финяляндия 4:1
Голлар: Брукс (3), Уилямс (38), Жонсон (47), Жеймс (86) — Пукки (45).
Уэлс – Уорд, Робертс, Дэвис, Родон, Мифем, Уилямс, Ампаду, Уилсон (Броудҳед, 90), Брукс (Мур, 61), Жеймс, Жонсон (Жеймс, 73).
Финляндия – Градецки, Алхо (Нисканен, 87), Тенхо, Иванов, Пелтола, Шюллер (Кайринен, 73), Камара, Луд (Антман, 73), Хоканс, Пукки (Йенсен, 78), Похянпало (Челлман, 78).
Огоҳлантиришлар: Луд (22), Тенхо (50), Жеймс (54), Уилсон (65), Хоканс (68), Мифем (74), Мур (90+5).
Плей-оффнинг нисбатан тенг кучли бўлиб кўринган жуфтлигида тезкор гол урилди. Аммо ҳисоб бундай осонлик билан очилиши алдамчи тасаввур эди. Финнлар умидсиз ҳолатда эмасди ва бир неча бор жавоб голига яқин келишди. Шу билан бирга, иккинчи гол ўтказиб юборилиши ҳам мумкин эди, аммо Жонсон жарима майдонида бўш шеригини топа олмади ва тўпни дарвоза тўрининг ташқи томонига қарата тепди. Бўлим охирларида Уилямс Уилсоннинг товон орқали берган пасидан кейин иккинчи голни ҳам урди, аммо бир неча дақиқа ўтиб Пукки жавоб қайтарди, тажрибали ҳужумчи Похянпало пас узатаётганда ҳимоячилар ортида очилди ва совуққонлик билан тўпни яқин бурчакка йўналтирди.
🚨 Goal of the Round contender 🚨
— UEFA EURO 2024 (@EURO2024) March 21, 2024
Neco Williams, take a bow 🥵#EQGOTT || #EURO2024 || @AlipayPlus pic.twitter.com/6Ny4R3UDfv
Фақат интрига узоқ сақланиб қолмади — иккинчи бўлим бошида «аждарлар» стандарт вазиятда учинчи голни уришди. Узатма, иккинчи қаватдаги тўп учун курашдаги устунлик, Брукснинг тўпга яна бир тегиниши ва Жонсоннинг бир метр масофадан урилган голи — ҳақиқий британча классика. Дэвиснинг голи офсайд туфайли бекор қилиниши эса ҳеч нарсани ўзгартирмади. Финнлар бошқа жавоб қайтара олмади, ўйин охирида эса ҳимоячининг қўпол хатоси Дэниел Жеймс майдон марказидан чопиб бориб, ўйинга мантиқий якун ясашига олиб келди.
Будапештдаги драма
Исроил — Исландия 1:4
Голлар: Заҳави (31, пеналти) — Гвюдмундссон (39, 83, 87), Траустасон (42).
Исроил – Глазер, Даса, Мигел Витор, Голдберг, Ревиво, Кинда (Сафури, 62), Перец (Абу-Фани, 71), Каниховский (Глух, 46), Заҳави, Тургеман, Ҳалайли (Абада, 71).
Исландия – Валдимарссон, Паулссон, Ингасон, Гретарссон, Тораринссон, Сигурдссон (Андерсон, 78), Траустасон (Йоуҳаннессон, 63), Ҳаралдссон, Виллумссон (Торстейнссон, 46), Гвюдмундссон, Оускарссон (Гудёнсен, 62).
Огоҳлантириш: Захави (73).
Четлатиш: Ревиво (73).
Исроил ҳарбий можаро бошланганидан буён уй учрашувларини Венгриядаги бетараф майдонда ўтказмоқда, жамоа бу ерда ҳали умуман ғалабага эриша олмаган. Саралаш босқичи гуруҳ ўйинлари доирасида Швейцария билан сўнгги дақиқаларда ҳисоб тенглаштирилган бўлса (1:1), руминлар билан ўйинда кузги саралаш ўйинларигача икки йил давомида миллий жамоа сафида ўйнамаган 36 ёшли Заҳавининг тезкор голи очко олиш учун етарли бўлмаганди (1:2).
Пайшанба кунги ўйинда ҳам исроилликлар ҳисобни очишди. Лекин Заҳави ўзи ишлаган ва аниқ бажарган пеналтига Исландия уч дақиқа ичида стандарт вазиятлардан икки гол уриш билан жавоб қайтарди. Гвюдмундссон жарима зарбасини шундай ижро этдики, Глазер тўпга етган бўлса-да, голнинг олдини ололмади. Траустасон эса бурчакдан узатилган тўпни тўхтатмасдан дарвоза тўрига йўллади.

Балки, ўз мухлислари билан тўла бўлган трибуналар қаршисида исроилликлар ўйинни қутқариб қолиш учун кўпроқ имкониятга эга бўлган бўларди, Бухарестда эса кераксиз вазиятдаги қизил карточка исроилликларнинг режаларини бузиб юборди — Ревиво майдон марказида оддий вазиятда тўп ўрнига рақибни тепди.
Исроил кутилмаганда яна бир имконга эга бўлди. Арбитр мониторга бориб исландиялик ҳимоячи жарима майдони ичида қўл билан ўйнаганини тасдиқлади, аммо Заҳавининг асаблари дош бермади. Жамоа тарихидаги энг яхши тўпурар иккинчи 11 метрлик зарбани хато йўллади, бунинг ортидан Гвюдмундссон ҳет-трик нишонлади. Энди Исландияни украинларга қарши ҳал қилувчи баҳс кутмоқда.
Бир дарвозага ўйин
Полша — Эстония 5:1
Голлар: Франковски (22), Зелински (50), Петровски (70), Метц (74, автогол), Шимански (77) — Веткал (78).
Полша – Шченсни, Давидович, Беднарек, Кивер, Франковски (Кэш, 46; Пухач, 56), Залевски, Зелински (Шимански, 72), Петровски (Модер, 73), Слиш, Левандовски, Свидерски (Букса, 72).
Эстония – Хейн, Паскочи, Клаван, Тамм, Метс, Калласте (Пикк, 67), Соометс (Айнсалу, 82), Веткал, Палуметс (Поом, 67), Тамм (Хуссар, 31), Юргенс (Лепик, 67).
Огоҳлантиришлар: Паскочи (15), Пухач (60).
Четлатиш: Паскочи (27).
Поляклар ўз вақтида саралаш турнирлари қироли деб ҳисобланарди, аммо бу сафар барчаси анча мураккаб кечмоқда. «Оқ бургутлар» беш турдан кейин атиги олти очко олишгач, Фернанду Сантуш истеъфога чиқарилди, унинг ўрнига ёшлар жамоаси мураббийи Михал Пробеж тайинланди. Ўтиш ўйинларида полякларга қулай рақиб тушди ва Эстония билан учрашув кутилганидек бир томонлама ҳаракат ташкил этилган учрашувга айланди.

Болтиқбўйи жамоаси саралаш турнирида жуда ёмон қатнашганди — бир дуранг ва етти мағлубият, тўплар нисбати 2-22! Ва эстонлар жамоаси фақат Миллатлар лигасида ўз гуруҳидаги энг яхши натижага эга бўлган жамоа бўлгани туфайлигина қўшимча имкониятга эга бўлди. Аммо жароҳатлар гирдобида қолган жамоага 38 ёшли Клаваннинг қайтиши ҳам ёрдам бермади, эстонияликлар ўзи Полшанинг вазифасини енгиллаштириб беришди. Калласте оддий вазиятда Франковскига ҳисобни очишга қўйиб берди, Паскочи эса 27-дақиқадаёқ иккинчи сариқ карточкани олиб майдонни тарк этди.
Фақат биринчи бўлим кичик ҳисобда якунлангани ажабланарли эди. Аммо иккинчи бўлим бошланиши билан Зелински Залевскининг узатмасини дарвозага йўллади. Эстонияликлар яна маълум вақт чидаб беришди, аммо барибир ҳисоб йирик кўриниш олди. Энди полякларни Уэлсга қарши ҳал қилувчи баҳс кутмоқда.
26 март кунги финал учрашувларида қуйидаги жамоалар ўзаро ўйнайди:
Гуржистон — Греция
Уэлс — Полша
Исландия — Украина
Мавзуга оид
21:05 / 26.07.2024
Уларга бозорда талаб юқори. Евро-2024’да нархи ошган 10 футболчи
10:45 / 25.07.2024
«Евро-2024» футбол мусобақалари ёзувидан рухсатсиз фойдаланган шахс жаримага тортилди
11:42 / 21.07.2024
Италиялик ҳимоячи, «МЮ»нинг порлаган юлдузи ва Испаниядаги истеъдодлар. Евро-2024’нинг асосий кашфиётлари
14:07 / 19.07.2024