Жаҳон | 15:53 / 23.03.2024
29593
4 дақиқада ўқилади

Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича резолюцияга Хитой ва Россия вето қўйди

АҚШ БМТ Хавфсизлик кенгашига Ғазо секторида ўт очишни тўхтатишни кўзда тутувчи резолюция лойиҳасини киритди. Россия ва Хитой унга вето қўйган бўлса, Жазоир қарши овоз берди.

Фото: Getty Images

БМТ Хавфсизлик кенгашида 22 март, жума куни АҚШ томонидан Ғазо секторида зудлик билан ўт очишни тўхтатиш бўйича киритилган резолюция лойиҳаси муҳокама қилинди.

Резолюция лойиҳасида «тинч аҳолини ҳар томондан ҳимоя қилиш, муҳим гуманитар ёрдам кўрсатиш ва инсонлар азобини енгиллаштириш учун зудлик билан ўт очишни тўхтатиш зарурлиги» таъкидланган. 

Ғазо секторидаги уруш бўйича АҚШ курсининг ўзгариши

Қўшма Штатлар таклиф қилган ҳужжат Вашингтоннинг курси ўзгарганини билдиради. 2023 йил октябр ойидан бери Исроилнинг яқин иттифоқчиси бўлган Қўшма Штатлар БМТ Хавфсизлик кенгашида ўт очишни тўхтатиш резолюцияларига уч марта вето қўйган. Бироқ Ғазо секторида тинч аҳоли қурбонлари сони ортиб бораётгани ва очарчилик таҳдиди фонида у Исроилга босимни кучайтирди.

 БМТдаги россиялик дипломатлар Америка резолюциясини танқид қилди, чунки уларнинг фикрича, унда ўт очишни тўхтатишга аниқ чақириқ йўқ. Расмий Москва матнни «иккиюзламачилик» деб атади.  

Исроилнинг бош вазири Бинямин Нетаняҳу асосий иттифоқчисининг қўллаб-қувватловисиз ҳам Рафаҳ шаҳрига қуруқлик ҳужумини давом эттиришини айтган. АҚШ давлат котиби Энтони Блинкеннинг таъкидлашича, бундай амалиёт тўғри ечим эмас.

Расмий Вашингтон ўз позициясининг ўзгаришини ҲАМАС томонидан гаровга олинган 253 нафар исроилликнинг озод этилишига кўмаклашиш билан изоҳлаган.

Россия ва Хитой лойиҳага вето қўйган бўлса-да, 15 та аъзога эга кенгашдаги 11 давлат уни ёқлаб овоз берди. Жазоир қарши овоз берди, Гаяна эса бетараф қолди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик кенгаши томонидан резолюция қабул қилиниши учун Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари – АҚШ, Россия, Франция, Британия ва Хитой томонидан вето қўйилмаган тақдирда, унинг 15 аъзосидан камида тўққизтаси томонидан қўллаб-қувватланиши керак. БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюциялари халқаро ҳуқуқ нуқтайи назаридан мажбурийдир. 

Шу сабабли оташкесимга чақирувчи янги ҳужжат бўйича овоз бериш душанба кунига қолдирилди. Россиянинг БМТдаги элчиси Василий Небензиа матнни «ўта сиёсийлаштирилган» дея танқид қилиб, унда Исроилнинг Рафаҳга режалаштирган ҳужумининг олдини олиш учун ҳеч нарса йўқлигини айтди. АҚШнинг БМТдаги элчиси Линда Томас-Гринфилд Россия ва Хитойнинг ҳаракатларини «чуқур беадаблик» деб атади.

Эммануэл Макрон Франция томони муқобил резолюция устида иш олиб боришини айтди.

«Эътибор қилиш керак бўлган нарса шундаки, Қўшма Штатлар ўз позициясини ўзгартирди ва сулҳни ҳимоя қилиш учун ирода кўрсатди. Узоқ вақт давомида америкаликлар жим бўлиб келаётганди. Энди бу сукут йўқолди», деди Макрон.

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 31 минг 988 нафар фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид