Жаҳон | 00:48 / 23.03.2024
13605
1 дақиқада ўқилади

Uzbekistan Airways Москвадан парвоз қиладиган йўловчиларни аэропортга эртароқ келишга чақирди

Бу «Крокус Сити Ҳолл» концерт залида юз берган терактдан кейин хавфсизлик чоралари кучайтирилгани билан изоҳланди.

Фото: Reuters

Uzbekistan Airways авиакомпанияси Москва шаҳрининг Домодедово ва Внуково аэропортидан парвоз қиладиган йўловчиларни аэропортга эртароқ келишга чақирди.

Компания буни хавфсизлик чоралари кучайтирилгани билан изоҳлади.

«Москвада хавфсизлик чоралари кучайтирилганлиги сабабли, Uzbekistan Airways Домодедово ва Внуково халқаро аэропортларидан парвоз қиладиган йўловчиларни Москва аэропортларига белгиланган вақтдан олдинроқ келишларини сўрайди», дейилади хабарда.

Аввалроқ, Москва вилояти, Красногорск шаҳридаги «Крокус Сити Ҳолл» концерт залида отишма юз бергани, номаълум шахслар автомат милтиқдан одамларга қарата ўқ узгани, ўнлаб қурбонлар борлиги ҳақида хабар берилган эди.

Шундан сўнг, Москва шаҳри ва вилояти маъмурияти аэропортлар, вокзалларда хавфсизлик чоралари кучайтирилганини эълон қилди.

Шу билан бирга, Москвадаги онлайн такси хизматларига буюртмалар сони кескин кўпайгани, йўлкира ҳақи ҳам бир неча баробар ошгани ҳақида хабар берилди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид