Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
26 мартдан Тошкентда иситиш мавсуми якунланади
Баҳорги илиқ кунлар бошлангани ва ҳарорат кўтарилиши муносабати билан 26 мартдан бошлаб Тошкент шаҳрида 2023-2024 йилги иситиш мавсуми тугалланади. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати Kun.uz'га маълум қилди.
Тошкент шаҳар ҳокимлигига кўра, бунда шаҳар гидрометеорология марказининг маълумотлари ва ўртача суткалик ҳарорат 10 даражадан юқори бўлаётганлиги инобатга олинган. Шунга мувофиқ, жорий йилнинг 26 март кунидан 2023-2024 йилги иситиш даври якунланиши кўзда тутилган.
Маълумот учун, Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 июлдаги “Коммунал хизматлар кўрсатишни тасдиқлаш қоидалари тўғрисида"ги 194-сонли қарорига асосан иситиш даври ташқи ҳавонинг ўртача суткалик ҳарорати 8 даражадан юқори бўлган 5 кунлик давр тамом бўлган кундан кейинги кундан тамомланиши белгиланган.