Тошкент ҳайвонот боғида эму томошабин ташлаган озуқани деб ёмон аҳволга тушиб қолди
Боғга келган томошабинлардан бири эмунинг катагига егулик отган, лекин егуликнинг бир қисми қушларгача етиб бормай, сетканинг тагига тушган. Уни емоқчи бўлиб бўй чўзган эмунинг боши сеткага тиқилиб қолган, бошини чиқариб оламан деб ўз бўйнини ўзи узиб юборишига бир бахя қолган. Воқеадан кейин қуш операция қилинган.
Тошкент ҳайвонот боғида томошабинлар ҳайвонларга егулик бериши яна бир нохуш ҳодисага олиб келди. Боғнинг Telegram-каналида 26 март куни эму (учмайдиган қуш)лар катагида рўй берган ҳолат видеоси эълон қилинди.
Видеода кўринишича, томошабин йигит иккита эму турган катакка қандайдир егулик отган, лекин унинг ҳаммаси ҳам қушларгача бормай, сетканинг тагига тушган. Эмулардан бири уни емоқчи бўлиб бўйин чўзганида боши сеткага тиқилиб қолган, қуш қаттиқ типирчилаганча бошини чиқариб олган.
“Мана эмуга овқат бериш нимага олиб келди. У ташриф буюрувчи ташлаган озуқани ейишга уринганида боши сеткага тиқилиб қолиб, ўз бошини ўзи юлиб олишига бир бахя қолди. Ветеринар шифокорларимиз уни операция қилишди. Аҳволи оғир”, – дейилади хабарда.
Эмулар – туяқушлар, нанду ва казуарлар қаторида учмайдиган қушларнинг энг йириқларидан саналади. Ҳозиргача сақланиб қолган турлари Австралиянинг чўл ва дашт бутазорларида яшайди. Бўйи 170 смгача, оғирлиги 55 кггача бўлади. Халқаро Қизил китобга киритилган.
Эслатиб ўтамиз, ҳайвонот боғида жониворларнинг саломатлигини сақлаш мақсадида ташриф буюрувчиларнинг уларга егулик бериши тақиқланган.
Мавзуга оид
23:30 / 29.09.2024
Нигерияда шер ҳайвонот боғи ходимини ғажиб ташлади
13:07 / 31.08.2024
Германия ҳайвонот боғида дунёдаги энг кекса ялқов вафот этди
17:13 / 22.08.2024
40 йиллик тутқунликда — Жанубий Африка ҳайвонот боғидаги сўнгги фил озод этилди
17:43 / 18.02.2024