Ўзбекистон | 13:57 / 27.03.2024
6154
2 дақиқада ўқилади

Андижонда қиймати 8,2 млрд сўмлик ерости йўли қурилиши мумкин

Узунлиги 60 метр, эни 4 метр бўлган ерости йўли вилоятнинг “Мумтоз” савдо мажмуаси олдида барпо этилиши режа қилинмоқда. Лойиҳа учун 8 млрд 215 млн сўм ажратилади. Бу йўл сабаб жойдаги тирбандлик ва ЙТҲлар сони камайиши кутиляпти. 

Фото: ЎзА

Тирбандлик даражаси ва ЙТҲлар сони кўплиги сабаб Андижон шаҳрининг Бобур шоҳкўчасида жойлашган “Мумтоз” савдо мажмуаси олдидаги чорраҳада янги ерости йўли қурилиши режа қилиняпти. Бу ҳақда Ўзбекистон журналистлар уюшмаси вилоят ИИБ ЙҲХБ ўтказган пресс-турдан хабар берди.

Қайд этилишича, бу чорраҳадан бир суткада 35 мингдан зиёд транспорт воситаси, 82 минг нафарга яқин пиёда ўтади. Куннинг асосий қисмида – эрталаб 7:00 дан кеч 19:00 гача тирбандлик жуда юқори бўлади.

“2023 йил давомида мазкур чорраҳада пиёдалар иштирокида 23 та йўл-транспорт ҳодисаси юзага келган. Бунинг натижасида 5 нафар фуқаро вафот этган бўлса, 27 нафар фуқаро турли даражада тан жароҳати олган”, дейилади хабарда.

Уюшманинг таъкидлашича, вилоят ЙҲХБ ерости ўтиш йўлини қуриш бўйича таклиф ва лойиҳа ишлаб чиқиб, ҳокимлик ҳамда тегишли ташкилотларга тақдим этган. Жами қиймати 8 миллиард 215 миллион сўмга тенг бу лойиҳа доирасида узунлиги 60 метр, эни 4 метрли ерости ўтиш йўли барпо этилиши мумкин. 

Шунингдек, бошқарма ўтказган пресс-тури давомида журналистлар Хўжаобод тумани деҳқон бозорида бўлишган. Айтилишича, ҳозирда ҳудудда 4 миллиард 950 миллион сўмга тенг лойиҳа доирасида узунлиги 30 метр, эни 4 метр бўлган ерости ўтиш йўли қуриляпти.

Маълумотларга кўра, бозор ёнидан ўтувчи Андижон – Ўш магистрал автомобил йўлидан бир суткада 80 мингдан ортиқ пиёда ҳамда 35 мингдан ортиқ транспорт воситаси ўтади. Бу йўл атрофи ва яқинида 100 га яқин савдо, хизмат кўрсатиш, ижтимоий соҳа объекти фаолият олиб боради. Йўлнинг бозор ҳудудидаги қисмида ўтган йили юз берган йўл-транспорт ҳодисалари натижасида 3 нафар фуқаро вафот этган, 12 нафар фуқаро турли даражада тан жароҳати олган.

Мавзуга оид