Иқтисодиёт | 13:00 / 27.03.2024
20153
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда мобил рақам қарийб 88 минг долларга сотилди

200 млн бошланғич нарх билан аукционга чиқарилган +998200000000 мобил рақами 1 млрд 70 млн сўмга сотилди. Уч соатдан кўп вақт давом этган онлайн-савдоларда 10 та талабгор иштирок этиб, улар томонидан 87 маротаба нарх таклифлари берилган. Бунинг натижасида мобил рақамнинг бошланғич баҳоси 5 баробарга қимматлаган.

Скриншот

Товар-хомашё биржасида ўтказилган онлайн аукционда +998200000000 мобил рақами 1 млрд 70 млн сўмга сотилди. Ушбу кўрсаткич биржанинг mobilraqam.uzex.uz савдо тизими ишга туширилган пайтдан буён мобил рақамнинг энг максимал баҳоси ҳисобланади.

«Мазкур мобил рақам жисмоний шахсга мўлжалланган бўлиб, унинг бошланғич нархи 200 000 000 сўмни ташкил қилган. Уч соатдан кўп вақт мобайнида давом этган онлайн-савдолар давомида 10 та талабгор иштирок этиб, улар томонидан 87 маротаба нарх таклифлари берилган. Бунинг натижасида мобил рақамнинг бошланғич баҳоси 5 баробарга ўсди», дейилади биржа матбуот хизмати хабарида.

Эндиликда, аукцион ғолиби мобил рақамни 10 иш куни давомида уяли алоқа операторида расмийлаштириши керак.

Аукцион қоидаларига кўра, харидордан комиссия йиғими (бу ерда 32,4 млн сўм) ҳам ундирилиши кўзда тутилган. Натижада мазкур мобил рақам харидор учун қарийб 1,1 млрд сўмга айланади.

Маълумот учун, Ўзбекистонда мобил рақамларни аукцион орқали сотиш жараёни 2019 йилнинг 4 июнидан бошлаб йўлга қўйилган. Аукцион онлайн шаклда mobilraqam.uzex.uz веб-сайти орқали ўтказилади.

Мавзуга оид