Жаҳон | 13:32 / 27.03.2024
10248
2 дақиқада ўқилади

Райимбек Матраимов Бокудан Бишкекка экстрадиция қилинди

Қирғизистон Божхона қўмитаси бошлиғининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимов Бокудан ушлаб келинди. У билан бирга унинг акаси, «Ўшгаз» идораси раҳбарининг собиқ ўринбосари Тилак Матраимов ҳам келтирилган.

Райимбек Матраимовнинг “Манас” халқаро аэропортида самолётдан олиб тушилиши

2024 йилнинг январ ойида Қирғизистон миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Матраимовга нисбатан қидирув эълон қилган эди. У шахсларни куч ишлатиб озодликдан маҳрум этишда гумонланмоқда.

2021 йилда Райимбек Матраимов божхонадаги коррупция иши фигурантига айланган эди. У 2015–2017 йилларда божхона қўмитасида раис ўринбосари бўлганида Хитойдан келтирилган автомобилларни рўйхатга олиш бўйича найрангларда иштирок этишда айблашган. Матраимов тергов билан ҳамкорлик қилиб, 22 млн доллар зарарни қоплаган эди.

Райимбек Матраимов Фото: eltr.kg

Райимбек Матраимовнинг акаси Тилакдан ташқари яна икки ака-укаси Искандар ва Ислом Матрайимовлар Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига келтирилгани хабар қилинмоқда.

Райимбек Матраимов 2010-йилларда Қирғизистонда божхонага катта таъсири бор, ҳукуматда кенг алоқаларга эга инсон сифатида танилган эди. Матраимовлар кланига ўнлаб бинолар, йирик транспорт компаниялари, омборхона ва бошқа нарсалар тегишли бўлган. Сўнгги йиллар ичида Матраимовлар оиласи божхонадаги позицияларидан маҳрум этилиб, Қирғизистондаги активларининг бир қисмидан ҳам мосуво бўлган.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид