Ўзбекистон | 11:38 / 28.03.2024
9163
2 дақиқада ўқилади

Кучли шамол вақтида қандай хавфсизлик чоралари кўрилиши керак? – ФВВ тавсиялари

28 март куни Тошкент шаҳрида бўлаётган шамол натижасида айрим кўпйиллик дарахтлар синиб қулаб тушди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги кучли шамол вақтида нима қилиш кераклиги бўйича тавсияларини эълон қилди.

28 март куни ижтимоий тармоқларда тарқалган расмларда дарахт Cobalt’ни босиб қолгани кўринган.

Шунингдек, яна бир видеода Тошкент шаҳри Чилонзор тумани экани айтилаётган ҳудудда катта дарахт кўп қаватли уйлар юза қисмини тирнаб ўтиб, пиёдалар ўтиш йўлаги устига қулаб тушгани кўринади.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги кучли шамол вақтида қуйидаги хавфсизлик чораларига амал қилиш кераклигини маълум қилди.

– яшаш жойларида эшик-деразалар, чордоқ ва ҳаво айланиш тизимларини маҳкам беркитиш;

– электр ва газ воситаларини ўчириш;

– кўчаларда дарахт ва электр устунлари тагида турмаслик;

– кўп қаватли бинолар балконларида, дераза токчалари ҳамда ташқаридаги буюмларни имкон қадар хавфсиз жойларга олиб қўйиш ёки мустаҳкамлигини текшириш;

– шамол кучайганда, мустаҳкам қурилган бинолар, ерости ўтиш йўллари ва бошқа яшириниш мумкин бўлган жойларда муҳофазаланиш;

– очиқ майдонда юрган ҳолларда пастликлар, чуқурликлар ва барча хавфсиз ерларга ётган ҳолда ҳимояланиш;

– бузилган биноларга кириш, хавфли устунлар, реклама устунлари ва дарахтлар ортига яшириниш тақиқланади;

– кучли шамолдан сўнг электр ва газ жиҳозларидан улар текширилгандан кейин фойдаланиш талаб этилади.

Шунингдек, вазирлик ҳайдовчиларга автомобилларни дарахтлар ва енгил конструкцияли қурилмалар остида қолдирмасликни тавсия этган.

Маълумот учун, Ўзгидромет 28 март куни республиканинг аксар ҳудудида ёғингарчилик ва момақалдироқ бўлишини билдирган эди. Шу билан бирга, пойтахтда шамол 5-10 м/с тезликда эсиб, 12-17 м/с гача кучайиши мумкинлигини маълум қилган эди.

Мавзуга оид