Ўзбекистон | 22:50 / 28.03.2024
12476
2 дақиқада ўқилади

МТРК собиқ раҳбари Алишер Хўжаев Кинематография агентлигида иш бошлайди

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан у Кинематография агентлиги директори ўринбосари этиб тайинланди.

Фото: Маданият вазирлиги

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси собиқ раҳбари Алишер Хўжаев Кинематография агентлиги директори ўринбосари этиб тайинланди. Бу ҳақда Маданият вазирлиги хабар берди.

Қайд қилинишича, 28 март куни Киночилар уйида Президент Администрацияси Ижтимоий ривожланиш департаменти раҳбари Одил Абдураҳмонов, Маданият вазири Озодбек Назарбеков, Президент Администрацияси ҳамда Вазирлар Маҳкамаси масъуллари, Маданият вазирлиги ҳузуридаги Кинематография агентлиги раҳбарияти ва тизим ташкилотлари ходимлари иштирокида соҳанинг бугунги ҳолати таҳлили, олдинда турган муҳим вазифаларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтган. Унда Кинематография агентлиги директори ўринбосари лавозимига тайинланган Алишер Хўжаев жамоага таништирилди.

Маълумот учун, Алишер Хўжаев 1963 йили Тошкент вилоятида таваллуд топган, 1985 йили Самарқанд давлат университетини тамомлаган. 1985–1993 йилларда Ўзбекистон Фанлар академияси тизимидаги илмий-текшириш институтлари, ишлаб чиқариш бирлашмаларида фаолият олиб борган, 1993–1996 йилларда НКК фирмасида тизим муҳандиси бўлиб ишлаган.

1996 йилдан 1998 йилга қадар «КомУзАзия» компаниясида, 1998–2001 йилларда эса УзПАК компаниясида бош директор лавозимида меҳнат қилган.

2001–2002 йилларда Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Миллий хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари, 2002–2005 йилларда Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги раҳбари ўринбосари, 2005–2017 йилларда МТРК раиси сифатида фаолият кўрсатган.

2017 йил бошида танқидга учраб ишдан кетган, лекин бир муддатлик танаффусдан кейин, август ойида яна МТРК раиси лавозимга қайтганди. 

Жами қарийб 20 йилга яқин вақт давомида Миллий телерадиокомпанияга раҳбарлик қилган Хўжаев 2024 йил февралида бу лавозимни яна бир бор тарк этди. Унинг ўрнига Абдурашид Жўрабоев тайинланди.

Мавзуга оид