Иқтисодиёт | 14:41 / 28.03.2024
10734
7 дақиқада ўқилади

Статагентлик расмийлари – ташқи савдо ва ойлик маош ҳисоботлари ҳамда расмий инфляцияга ишонч ҳақида

Ташқи савдо ҳақида очиқланаётган умумий характерга эга статистик маълумотларни аниқ деталлар билан бойитиш режаси борми? Ойлик маошлар ҳисоботида кичик бизнес ва қишлоқ хўжалиги субъектларини мунтазам инобатга олиш мумкинми? Статистика агентлиги масъуллари Kun.uz'нинг шу каби саволларига жавоб берди.

Статистика агентлиги 27 март куни АОКАда матбуот анжумани ўтказди. Унда агентлик вакиллари Kun.uz мухбирининг очиқликни кенгайтириш борасидаги саволларига жавоб берди.

– Нима учун ташқи савдо статистикаси кенгроқ таҳлил қилиш имконини берадиган мамлакатлар, товарлар, ўлчов бирликлари қирқимида эълон қилинмайди? Агентликнинг бу маълумотларни кенгайтириш режалари борми?

Ботиржон Эргашев, агентлик бошқарма бошлиғи: Ташқи савдо бўйича Ўзбекистон кўрсаткичлари мунтазам равишда расмий вебсайтда эълон қилиб борилади. Шу билан бирга, товарлар қирқимида, давлатлар қирқимидаги маълумотларимиз халқаро товарлар базаси – БМТнинг Comtrade сайтидан хоҳлаган кўрсаткичларни ойлар ва йиллар қирқимида кўришингиз мумкин.

Биз ҳам сайтимизнинг имкониятлари, ресурслардан келиб чиқиб маълумотларни жойлаб борамиз. Бизда ҳам маълумотларни кенгайтириш режалари бор. Бу борада ҳам ишлар амалга ошириб борилади.

– Бу қачон амалга оширилади? Аниқ муддати борми?

Одил Мамадалиев, агентлик бошқарма бошлиғи: Статистика идораларининг олдидаги муаммолардан бири – чекланмаган эҳтиёжларни чекланган ресурслар билан қондириш бўлади. Шунинг учун эътибор беришимиз керак, агентлик сайтида қўйилаётган маълумотлар бошқа давлатлардаги ҳамкасбларимизнинг ёндашувидан келиб чиқиб қўйилган маълумотлардир. Ахборот тизимига қўйилган маълумотлар ҳам кам эмаслигини эътироф этиш керак. Сиз эътироф этган масала ўринли. Агентлик тизимидаги ходимлар ҳам нафақат маълумот тақдим этувчи, балки айрим ҳолларда фойдаланувчи бўлиши ҳам мумкин. Яъни муайян ўзимизнинг иш фаолиятимиздан келиб чиқиб.

Одил Мамадалиев

Одил Мамадалиев, агентлик бошқарма бошлиғи:

Халқаро тараққиёт уюшмаси иштирокида статистика салоҳиятини мустаҳкамлаш лойиҳаси ишга тушди, ҳозирги кунда бу йўналишда ҳам фаолият бошланди. Лойиҳа доирасида бир қатор режаларимиз бор – Статистика агентлиги тизимида дата марказ ташкил этиш. Ҳозирги кунда бизнинг жами ҳисоботларимиз ялпи ва танланма кузатувлардан иборат бўлса, уларнинг ҳар бири турли платформаларда турли ресурсларда йиғилиб боради. Дата марказни ишга туширишдан мақсад – барча маълумотларни бир ахборот ресурсига бирлаштириш, ягона тилда кодлаштириш орқали ахборот банкини яратиш бўлади. Фойдаланувчи сайт орқали хоҳлаган кўринишдаги талаблар асосида маълумот шакллантириб олиши мумкин бўлади.

– Ўшанда ташқи савдо билан боғлиқ маълумотларни ҳам олиш мумкин бўладими?

– Нафақат ташқи савдо, балки барча статистика тизимига алоқадор маълумотлар бўлади.

– Ташқи савдо бўйича кенгайтирилган статистика бўладими? Масалан, қайси давлатга қанча ҳажмда газ экспорт қилингани ҳақида?

Ҳамкасбим ҳам айтиб ўтди, бу маълумотлар Comtrade'га жойлаб борилади. Биз ҳозир қайси ҳажмдалигини аниқлаб олсак, аниқроқ жавоб берсак бўлади. Биз қўяётган маълумотлар ҳажми бошқа давлатларда ҳам қўйилаётган, солиштириш имкони бор бўлган маълумотлар. Агар қўшимча маълумотлар керак бўлса, сўров асосида олишингиз мумкин. Доим эшигимиз очиқ, маълумот керак бўлса, тезлик билан тайёрлаб бериш чоралари кўрилади.

– Нима учун иш ҳақи статистикасида қишлоқ хўжалиги ва кичик тадбиркорлик субъектлари маълумотлари инобатга олинмайди? Аввалги анжуманларда бунга сабаб сифатида бу субъектлар йилда бир марта ҳисобот топширади деган эдингиз. Баҳолаш асосида маълумот тайёрлаш имкони борми?

Шерзод Абраев, агентлик бошқарма бошлиғи ўринбосари:  Ҳақиқатан тўғри айтдингиз, ўртача ойлик иш ҳақидаги маълумотлар чораклик қишлоқ хўжалиги корхоналари ва кичик тадбиркорлик субъектларидан ташқари эълон қилиб борилади. Йилда бир марта тўлиқ ҳажмдаги ўртача иш ҳақи тўғрисидаги маълумотлар ҳам эълон қилинади. Лекин бу ўртача ойлик иш ҳақини кўтариш мақсадида эмас. 2023 йил давомида маъмурий иш ҳақи тўғрисида маълумот йиғадиган солиқ ва меҳнат органлари билан интеграция амалга оширилди. 2025 йилдан тўлиқ ҳажмда чораклик иш ҳақларини эълон қилишни режа қилганмиз. Ҳозир бу синов тариқасида амалга оширилмоқда.

Шерзод Абдаев

Шерзод Абраев, агентлик бошқарма бошлиғи ўринбосари:

Аввал кичик тадбиркорлик субъектларининг ҳисобот тақдим этиш юкини камайтириш мақсадида йилда бир марта ҳисобот тақдим этиши белгиланганди. Бундан ташқари, бир-бирини такрорловчи ҳисоботлардан воз кечиш учун йилда бир марта тақдим этиш назарда тутилган. Ҳозирда йилда бир марта статистика эълон қилиб бориляпти. Кейинги йилдан интеграция ишлари тўлиқ якунлангач, тўлиқ, ҳар чоракда эълон қилиш имкони бўлади.

– Нима учун инфляция статистикаси учун 10-20-саналари сўров даври қилиб олинган. Ҳафталик нарх ўзгаришлари инфляция статистикасидан доим тушиб қолади. Бунга сабаб нима? Аҳолида расмий статистикага ишончини ошириш борасида чоралар кўрилишини айтдингиз, агентлик статистикага ишонч пастлигини тан олди, бунга сабаб нима деб ўйлайди? Нега аҳолининг инфляция борасидаги статистикага ишончи кам?

Одил Мамадалиев, агентлик бошқарма бошлиғи: Ишонч паст деган кўрсаткич нисбий кўрсаткич. Чунки ҳали тадқиқот олиб борилмаган. Ҳамкасбим юқорида айтиб ўтди, ишонч индекси ишлаб чиқилади. Ўзбекистон таржибаси бўлади бу. Ўзимиз ташаббус кўрсатдик. Бутун статистикларнинг олдида турган масала – фойдаланувчини бераётган рақамига ишонтириш. Шу нуқтайи назардан айтдик. Ишонч паст деган гап нисбий хулосага айланиб қолиши керак эмас.

Сифатни назорат қилиш сиёсати ва унга асосан бир қатор ҳужжатлар жорий этилиши назарда тутилади. Бунинг натижаси ўлароқ ўрганиш ички ва ташқи фойдаланувчилар асосида амалга оширилиши мумкин. Бир марта бундай ўрганиш ўтказганмиз. 2018 йилда Европа иқтисодий комиссияси, Евростат, халқаро савдо ташкилоти вакиллари иштирок этган. Шу ўрганишнинг иккинчисини жорий йилда ўтказишни режа қилганмиз. Ундан кейин экспертларнинг хулосаларини кўрамиз.

Мухтор Умаров, агентлик бошқарма бошлиғи: Дунё тажрибасини олсак, давлатлар ўзининг маълум бир муддатларини белгилаб олган. Ўзбекистонда ҳар ойнинг 10-20-саналарида кузатув олиб борилади. 20-дан кейинги вақт маълумотларни қайта ишлаш муддати бўлади.

Мухтор Умаров, агентлик бошқарма бошлиғи

Биз бир вақтнинг ўзида маълумотларни олиб, таҳлил қилиш жараёнида ОАВга 40 вараққа яқин пресс релизларни шакллантиришимиз керак. Қолган 10 кунлик ишлаш даврига тўғри келади. Лекин бизнинг кузатувимиз 1 ойлик интервални ўз ичига олади. Яъни 20-санада кузатилган маълумот кейинги ойнинг 20-гача бўлган оралиқни ҳисобга олади.

Мавзуга оид