Жаҳон | 10:40 / 29.03.2024
6808
5 дақиқада ўқилади

Ғазода очарчилик бошланган. БМТ суди Исроилга янги талаблар қўйди

Халқаро суд Исроилдан Ғазо секторига шошилинч инсонпарварлик ёрдамлари етказилишига халақит бермасликни талаб қилди. Суднинг қайд этишича, ғазоликлар эндиликда “ортиқ очарчилик хавфи билан юзлашаётгани йўқ”, балки у ерда “очарчилик аллақачон бошланган”. БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолкер Турк Исроил очарчиликни урушда қурол қилиб ишлатаётганини таъкидлади.

Рафаҳдаги овқат тарқатиш пункти, 12 март / Фото: The Washington Post

БМТ Халқаро суди 28 март, пайшанба куни Жанубий Африка Республикасининг Исроилга қарши даъвоси бўйича бир қатор қўшимча вақтинчалик чоралар ҳақида қарор чиқарди ҳамда Исроил армиясидан Ғазода фаластинликларнинг ҳуқуқлари бузилишига йўл қўймасликни талаб қилди.

«Суд Исроилдан ўз қуролли кучлари Ғазо секторидаги фаластинликларнинг ҳуқуқларини бузувчи ҳар қандай хатти-ҳаракатларга йўл қўймаслигини, шу жумладан, шошилинч инсонпарварлик ёрдамини етказишга халақит бермаслигини зудлик билан таъминлашни талаб қилади», дейилади суд матбуот релизида.

Бундан ташқари, суд Исроилни кечиктириб бўлмас асосий хизматлар ва гуманитар ёрдамни узлуксиз таъминлаш учун барча чораларни кўришга чақирди. Суд қарорига кўра, Исроил Ғазодаги турар жой секторини ҳимоя қилиш мажбуриятига эга.

Суд қарори билан қабул қилинган янги вақтинчалик чоралар 26 январдаги қарорда кўзда тутилганларга қўшимча ҳисобланади. Ўшанда суд Исроилга Ғазо секторидаги фаластинликларни ҳимоя қилиш учун барча чораларни кўришни буюрганди. Ҳаага суди, шунингдек, Исроилга БМТнинг Геноцид жиноятининг олдини олиш ва унинг учун жазолаш тўғрисидаги конвенциясига тааллуқли бўлиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳаракатлардан тийилишни, Исроил мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) Ғазо секторида геноцид ҳаракатларини содир этмаслигини таъминлашни буюрган.

Шунга қарамай, биринчи қарор чиққан 26 январдан кейин Ғазодаги фаластинликларнинг яшаш шароити фақат ёмонлашган.

Ғазода очарчилик бошланган

БМТ судининг навбатдаги қарори Ғазо секторида очарчилик ёйилаётган бир вақтда янграмоқда.

Жаҳон озиқ-овқат дастури ва бошқа ташкилотлар ўтган ҳафта эълон қилган ҳисоботга кўра, Ғазода фалокатли вазият ривожланиб боряпти. Хусусан, секторнинг 2,2 миллион аҳолиси “озиқ-овқат етишмовчилигининг ўткир даражасини бошдан кечирмоқда”. Май ойи охиригача Ғазо шимолида очарчилик авж олиши кутиляпти.

Халқаро суд қарорида таъкидланишича, ғазоликлар эндиликда “ортиқ очарчилик хавфи билан юзлашаётгани йўқ”, балки у ерда “очарчилик аллақачон бошланган”. БМТ кузатувчиларига кўра, секторда 31 киши, хусусан 27 нафар бола аллақачон озиқ-овқат етишмовчилигидан вафот этган.

Суд, шунингдек, БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолкер Туркнинг ўтган ҳафтадаги ҳисоботидан ҳам иқтибослар келтирган. Унга кўра, Ғазода кузатилаётган очарчилик – “инсонпарварлик ёрдамлари ва тижорий юкларнинг кириб келиши ва тарқатилишига нисбатан Исроилнинг кенг кўламли чекловлари, аҳолининг аксарияти яшаш жойидан кўчирилгани, шунингдек, энг муҳим фуқаролик инфратузилмаларининг вайрон этилгани оқибатидир”.

Фолкер Турк BBC'га берган интервюсида айтишича, Исроил очарчиликни Ғазодаги урушда қурол қилиб ишлатаётганини кўрсатувчи ишончли ҳолатлар бор ва бу ўз исботини топган тақдирда, уруш жинояти дея эътироф этилади.

Ўтган ойларда Ғазо секторига Миср томондан киришда юк автомобилларининг узун навбатлари кузатилди. Кузатувчилар Исроил томонини бу юкларни мураккаб ва ўзбошимча текширувлардан ўтказишда айблаб келади.

Исроил томони эса ёрдамларнинг аксарияти ҲАМАСнинг қўлига бориб тушишини даъво қилиб, БМТни инсонпарвалик ёрдамлари тинч аҳолига етиб боришини таъминлай олмасликда айблайди.

БМТ судининг навбатдаги қароридан кейин Исроил Ташқи ишлар вазирлиги яна бир бор Ғазога инсонпарварлик ёрдами олиб кирилишини блоклаб қўйгани ҳақидаги танқидлар “мутлақо асоссиз” эканини айтиб чиқди. Идорага кўра, Исроил БМТ ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда Ғазога “қуруқлик, ҳаво ва денгиз орқали” давомли равишда юклар кириб келишининг “янги чораларини қўллаб-қувватлаш ва амалда мавжудларини кенгайтириш”да давом этмоқда.

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти – «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди, кейинроқ қуруқлик операцияси бошланди. Можаро авж олгандан бери 32 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид