Жаҳон | 10:03 / 29.03.2024
3877
2 дақиқада ўқилади

Чехия Виктор Медведчукка қарши санкциялар киритди

Чехия махсус хизматларига кўра, Медведчук ОАВ ва сиёсатчилар орқали Россия Федерациясининг Европадаги таъсирини кенгайтириш бўйича операциялар ортида турибди.

Фото: kremlin.ru

Чехия ҳукумати россияпараст Украина партияси собиқ раҳбари Виктор Медведчукка нисбатан санкциялар жорий қилди. Бу ҳақда 28 март, пайшанба куни Чехия ҳукумати сайтида маълум қилинди.

Расмий Прагага кўра, санкциялар изоҳида Медведчук «Украинанинг ҳудудий яхлитлиги, суверенитети ва эркинлигини бузиш» мақсадида «Россия Федерациясидан Чехия Республикасида Россия таъсирини бошқариши» айтилган.

Медведчук ўзининг «операцияларини» ўтказиш учун Артем Марчевский ишлайдиган Voice of Europe янгиликлар порталидан фойдаланади. Чехия ҳукумати сайти хабарига кўра, Марчевский ва портал ҳам Чехия санкциялари рўйхатига киритилган.

ЕИ сиёсатчилари учун Россия пуллари 

Санкциялар рўйхатида Медведчук «Европа Иттифоқига аъзо кўплаб давлатларда Voice of Europe ва Марчевскийдан Россия Федерациясининг ташқи сиёсий манфаатларини қўллаб-қувватлаш мақсадида журналистлар билан ҳамкорликни молиялаштириш ва Европа парламентига сайловларда алоҳида номзодларни яширин молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида фойдалангани» айтилади. 

Чехия бош вазири Петр Фиаланинг айтишича, санкциялар жорий этиш қарори Чехия хавфсизлик ва ахборот хизмати (BIS) маълумотларига асосланган бўлиб, у Чехия Республикасида Россия томонидан молиялаштирилган таъсир кўрсатиш тармоғи фаолиятини фош қилган. 

Denik N газетаси ва Der Spiegel журналига кўра, Медведчук билан боғлиқ веб-сайт сиёсатчиларнинг Украинага ёрдамни тўхтатишга чақириқларини чоп этган. Улардан баъзиларига июн ойида бўлиб ўтадиган Европа сайловлари учун сайловолди ташвиқоти харажатларини қоплаган суммалар тўланган. Der Spiegel маълумотларига кўра, пул Прагадаги шахсий учрашувлар пайтида берилган ёки криптовалютадан фойдаланган ҳолда ўтказилган. Тўловлар Германия, Белгия, Франция, Венгрия, Нидерландия ва Полша сиёсатчилари томонидан олинган. 

Мавзуга оид