Жамоат транспортидаги амалдорлар ва пиёдалар муаммосини бошдан кечирган вазир. Тошкентда «Автомобилсиз кун» акцияси
«Автомобилсиз кун»да ҳам Тошкентда тирбандликлар йўқолмади. Кўплаб вазирлар ва бошқа амалдорлар ишига пиёда, велосипед ёки жамоат транспортида боришди. Тошкент шаҳар ҳокимияти эса бир кун учун «парковка»сини бўшатганини маълум қилди.
Бутун дунёда 22 сентябр «Халқаро автомобилсиз кун» сифатида ўтказилади. Бу кунда йўллар, кўчалар машиналар учун тўсилиб, одамлар кўпроқ экотранспорт воситалари: велосипед, автобус, метродан фойдаланишга ёки пиёда юришга чақирилади. Мақсад – иложи борича шаҳар ва унинг аҳолисини соғломлаштириш, атроф-муҳитга заҳарли газлар чиқишини камайтириш.
Шу йил 21 феврал санасида имзоланган тегишли фармон билан Тошкентда ҳар ойнинг бир иш кунида «Автомобилсиз кун» жамоат лойиҳаси ўтказилиши маълум қилинганди. Экология вазирлиги ташаббуси билан дастлабки «байрам куни» 29 март бўлиши эълон қилинди. Хўш, Тошкент бу кунни қандай ўтказди?
Катта тирбандлик билан бошланган кун
Пойтахт шаҳар учун тирбандликлар, ҳатто «Автомобилсиз кун»да ҳам нормал ҳолатга айланиб улгурган. Тиғиз вақтларда, яъни эрталабки соат 07:00 дан 10:00 гача ва 17:00 дан 20:00 гача деярли ҳар куни катта тирбандликлар кузатилади.
Шу сабабли 29 март тонги 6 балли тирбандлик билан бошланганига ҳайрон қолмаса ҳам бўлади. Соат 11:00 ларга келиб тирбандлик даражаси бир баллга тушиб, 5 баллни ташкил қилаётганди. Кечки соат 5 яримларда эса бу даража 8 баллга кўтарилди.
Маълумот учун, 2023 йилда 23 октябр куни Тошкентдаги бир қанча кўчаларда 10 балли мегатирбандлик кузатилганди. Ўшанда Транспорт вазирлиги бунга бир нечта асосий кўчалардаги қурилиш-таъмирлаш ишлари сабаб бўлгани, бошқа кўчалардаги мавжуд оқимга қўшимча юклама ҳосил қилганини айтиб чиққанди.
Лекин шаҳарсозлар муаммо юзага келиш сабабини қурилиш ишлари билан эмас, йўллар кенглиги, автомобиллар жозибадорлигини камайтиришга уринмаслик ва пиёдалар учун устуворлик йўқлиги билан боғлашганди.
Ишига автомобилсиз борган раҳбарлар
«Автомобилсиз кун» жамоат лойиҳаси эълон қилингач, бинолари Тошкент шаҳрида жойлашган барча республика ҳамда ҳудудий ижро этувчи ҳокимият органларининг раҳбар ва бошқа ходимлари иш жойига жамоат транспортида бориши орқали шахсий намуна кўрсатиши буюрилганди. Шунга асосан, тармоқларда баъзи сенатор, вазир ҳамда раҳбар ходимларнинг машинасиз кўчага чиққани акс этган фотосурат ва видеолари тарқалди.
Масалан, спорт вазири Адҳам Икромов светофор ўрнатилмаган пиёдалар ўтиш жойида бир муддат йўлдан ўта олмади. Кенг полосали кўчада унга автомобиллар йўл бермади.
Божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлонов эса велосипедда кўриниш берди.
Куннинг мутлақ «эгаси» - транспорт вазири Илҳом Маҳкамов ҳам метро, ҳам автобусда юргани акс этган суратлари келиб тушди.
Қолаверса, вазирнинг биринчи ўринбосари Маманбий Омаров ҳамда яна 2 нафар ўринбосари Жасурбек Чориев ва Илҳомжон Абдугафаров ҳам автобусдан фойдаланишди.
Канаданинг Марказий Осиё давлатлари бўйича элчиси Алан Ҳэмсон ҳам акцияга қўшилиб, 29 мартда автобусдан фойдаланди. Унинг айтишича, у жамоат транспортида юришни яхши кўради, бу транспортлар қулай ва арзон. «Бундан ташқари, [у] ҳавонинг ифлосланишини камайтиради», дейди у экофаолга берган кичик интервюсида.
Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов эса иш биносига пиёда бора қолди.
Чилонзор тумани ҳокими Саидқаҳҳор Холхўжаев акция доирасида ишга метрода бориб, уни таниб қолган йўловчилардан бири билан селфига тушди.
Эътиборли жиҳати, Чилонзор тумани ҳокими ўринбосарлари, ҳокимлик масъуллари ва бошқа ходимлар ҳам бугун жамоат транспортида, шунингдек, пиёда юриб, ишга келган.
Сергели тумани ҳокими Элбек Шукуров эса автобусда кетаётган кадрлари тарқалди.
Қуйидаги видеода эса ушбу акциянинг ҳар кунлик иштирокчиси бўлган Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов акс этган.
Шунингдек, куннинг иккинчи ярмида Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов ҳамда сенатор, Навоий вилояти собиқ ҳокими Қобул Турсунов метродан фойдаланаётгани акс этган видеолар тарқалди.
Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев автобусдаги суратини намойиш этди.
ФВВ марказий аппарати ходимларининг хизмат автомобиллари «гараж»да қолган.
«Автомобилсиз кун» акцияси ташаббускори бўлган экология вазири Азиз Абдуҳакимов соат 12:00 га қадар президент видеоселекторида иштирок этгани туфайли (у йиғилишга хизмат автомобилида борган) акциядаги иштирокини куннинг иккинчи қисмида амалга оширди.
Тушдан кейин Абдуҳакимов ҳам метродан фойдалангани видеоси пайдо бўлди, у ОАВга куннинг аҳамияти ҳақида интервю ҳам берди.
«Тошкент шаҳрида режалаштирилган тадбир доирасида давлат идораларининг раҳбарлари ва ходимлари жамоат транспортидан фойдаланиши орқали ойда бир кун давомида шаҳарда юрадиган автотранспорт воситалари сони ўртача 200 минг, 22–25 фоизга камаяди. Натижада атмосфера ҳавосига автомобиллардан зарарли ташламалар ҳам 22–25 фоиз, ўртача 580 тоннага қисқаради ҳамда шаҳар ичидаги тирбандликлар камайишига эришилади.
Ўзи умуман, «Автомобилсиз кун», «Ер соати», Zero Waste Day каби акцияларни ўтказиш халқ орасида одатга айланиб борса ва бу оила ёки жамоа даврасида кенг тарғиб қилинса, экологик маданият ошиб бориб, кўзлаган мақсадимизга эришамиз. Бунда, албатта, оммавий ахборот воситаларининг аҳамияти ҳам катта», – дейди Азиз Абдуҳакимов.
Қолаверса, 29 мартнинг ишдан кейинги кечроқ вақтида АОКА раҳбари Асаджон Хўжаев ҳам акцияда қатнашиб, метрода поезд кутаётгани акс этган суратлари тарқалди.
Шаҳар эгаси «Автомобилсиз кун»ни қандай ўтказди?
ОАВга деярли кўриниш беришни истамайдиган Тошкент шаҳри ҳокими в.б. Шавкат Умрзоқов бу кунни қандай ўтказгани маълум эмас. Ҳокимият матбуот хизмати эълон қилган видеога таянилса, маъмурият ходимлари ҳам акцияда иштирок этишган, иш жойига автомобилсиз борган. Машиналардан холи бўлган автотураргоҳ шунга ишора қилади.
«Тошкент шаҳар ҳокимлиги ходимлари бу акцияни тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Шаҳар ва туман ҳокимликлари ходимларини унда тўлиқ иштирок этишга ундайди ва тарғиб қилади», – дейилади ҳокимлик матбуот котиби Гулноза Қосимованинг Kun.uz’га берган изоҳида.
Ўзбекистонда ҳар ой «Автомобилсиз кун» акцияси ўтказилади
Ўзбекистонда эндиликда ҳар ойнинг тўртинчи чоршанба куни «Автомобилсиз кун» акцияси ўтказилади.
ЎзА хабарига кўра, ҳукумат топшириғига биноан, 2024 йил март ойидан бошлаб ҳар ойнинг тўртинчи чоршанба куни (агар байрам кунига тўғри келса, пайшанба куни) Тошкент шаҳрида автомобиллар ҳаракатланишини (жамоат транспортлари, махсус ва шошилинч ёрдам хизматларидан ташқари) қисқартиришга қаратилган «Автомобилсиз кун» деб эълон қилинди.
«Автомобилсиз кун» жамоатчилик лойиҳасида вазирлик ва идоралар, ҳудудий ижро этувчи ҳокимият органларининг раҳбар ва масъул ходимлари иш жойига жамоат транспортида келиб, намуна кўрсатиб бориши белгиланди.
Мавзуга оид
18:04 / 18.11.2024
Урганч шаҳрига 50 та замонавий автобус келтирилди
13:48 / 13.11.2024
Жаҳон банки вакили Ўзбекистоннинг COP29’даги павилёни билан танишди
19:32 / 30.10.2024
Фарғонада жамоат транспорти йўл ҳақи оширилди
15:35 / 21.10.2024