Жаҳон | 10:50 / 29.03.2024
3197
3 дақиқада ўқилади

Варшава ва Киев қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бўйича келишувга яқинлашди

Полша ва Украина бош вазирлари музокараларни конструктив деб атади, бироқ Украина қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш бўйича фақат умумий ёндашувларни белгилаб олди. 

Фото: AP

28 март, пайшанба куни Варшавада икки давлат бош вазирлари – Доналд Туск ва Денис Шмихал ҳамраислигида Полша-Украина ҳукуматлараро маслаҳатлашувлари бўлиб ўтди. Уларнинг асосий мавзуси Украина озиқ-овқат маҳсулотларини Европа бозорларига етказиб бериш бўйича келишмовчиликлар эди

Музокаралар ва якуний матбуот анжумани ортидан Туск томонлар келишувга яқинлашишга муваффақ бўлганини айтди. Унинг таъкидлашича, музокаралар давомида мамлакатлар Украинадан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини олиб кириш квоталарини белгилаш, шунингдек, Киевдан Полша ҳудуди орқали юкларни транзит қилиш масаласида муваффақиятга эришган. Полша бош вазири Шмихал билан яқинда қабул қилинган Европа Иттифоқининг Украина билан савдо соҳасида Варшава манфаатларига жавоб берадиган қарорларини муҳокама этганини таъкидлади. «Бу Украина томонида ҳайрат уйғотмаса керак, аммо биз ҳеч кимга оғриқ келтирмайдиган усулларни қидирмоқдамиз», деди бош вазир. Тускнинг сўзларига кўра, Киев ва Варшава Украинадан Полшага келиши мумкин бўлган маҳсулот миқдорини аниқлагач, муаммони ҳал қилишга яқинлашади. 

Шмихал, ўз навбатида, музокаралар ниҳоятда конструктив ўтганини таъкидлади. «Бугун айта оламанки, биз блокадани олиб ташлашда аниқ муваффақиятга эришдик», — дея хулоса қилди у полшалик фермерлар томонидан икки давлат чегарасидаги бир қатор назорат-ўтказиш пунктлари тўсиб қўйилганига ишора қилиб. 

Полша фермерлари назорат-ўтказиш пункти блокадасини тўхтатди 

Шу куни норозилик билдирган фермерлар Украина билан чегарадаги «Угринов-Долгобичув» назорат-ўтказиш пунктини вақтинча очиб қўйди. Бу ҳақда Украина Давлат чегара хизмати хабар берди. Департамент аниқлик киритишича, юк машиналарининг назорат-ўтказиш пункти орқали кириши одатдагидек ҳар икки йўналишда ҳам амалга оширилмоқда ва тахминан 2 апрелгача давом этади. 

Айни пайтда назорат-ўтказиш пунктида 120 та юк транспорти чегарадан ўтиш учун навбат кутмоқда. Маълум қилинишича, Полша томонидан иккита энг йирик «Ягодин» ва «Рава-Русская» назорат-ўтказиш пунктларини тўсиб қўйиш давом этмоқда. 

Мавзуга оид