Вашингтонда Оролбўйига ёрдам кўрсатишга қаратилган хайрия қабули ўтказилди
Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонасида Қорақалпоғистонга молиявий ёрдам кўрсатиш мақсадида хайрия қабули бўлиб ўтди.
"Дунё" хабарига кўра, қабул 1987 йилдан буён ривожланаётган мамлакатларга замонавий тиббий асбоб-ускуналар ва асбоблар тақчиллигини бартараф этишда ёрдам бериб келаётган Американинг Project C.U.R.E. нодавлат ташкилоти билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Хайрия қабули Қорақалпоғистон Республикасига 12 миллион долларлик замонавий тиббий асбоб-ускуналар етказиб беришга кўмаклашишга қаратилган эди.
Ўзбекистон элчиси Фурқат Сиддиқов йиғилганларга Орол денгизининг қуриши кўлами ва оқибатлари, унинг Оролбўйи минтақасига салбий таъсири ҳақида сўзлаб берди. Ушбу фожиа янги Оролқум чўлининг пайдо бўлишига ва ҳудуддаги экологик вазиятнинг ёмонлашишига олиб келгани, аҳоли саломатлиги, атроф-муҳит ва ҳудуд иқтисодиёти учун жиддий оқибатларга сабаб бўлаётгани алоҳида таъкидланди.
Project C.U.R.E. президенти Дуглас Жексон ўз чиқишида, мазкур ташкилот Оролбўйи минтақаси кўп сонли аҳолисига инсонпарварлик ёрдамини кўрсатишдан мамнун эканини таъкидлади. Қайд этилишича, айни пайтда Қорақалпоғистондаги тиббий асбоб-ускуналар ва технологияга жуда муҳтож бўлган тиббиёт муассасаларига 5 та контейнердан иборат дори воситалари етказиб берилган.
Тадбир давомида жорий йилнинг биринчи ярмида Қорақалпоғистонга умумий қиймати 2 миллион доллар бўлган тиббий жиҳозлар иборат янада 4 та контейнер етказиб берилиши маълум қилинди.
Шунингдек, Project C.U.R.E. истиқболдаги режалари эълон қилинди. Унга кўра, 2024-2025 йиллар давомида Ўзбекистонга умумий қиймати 10 миллион долларлик қўшимча 15 та контейнерда тиббий гуманитар юк жўнатилиши назарда тутилмоқда.
Мавзуга оид
20:53 / 28.10.2024
Саида Мирзиёева БМТнинг Ўзбекистондаги доимий резидент-координатори билан учрашди
08:50 / 14.09.2024
Вашингтон ва Лондон Украинанинг Россияга зарба бериши бўйича қарорни кейинга қолдирди
07:05 / 20.08.2024
Оролбўйида иқлим ўзгариши оқибатини юмшатишга 80 млн доллар берилади
14:16 / 06.06.2024