Ҳисор қўриқхонасидаги фотоқопқон объективига Туркистон силовсини муҳрланди
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар департаменти тасарруфидаги Ҳисор давлат қўриқхонасида ўрнатилган фотоқопқон объективига Туркистон силовсини муҳрланди. Бу ҳақда қўриқхона матбуот хизмати хабар бермоқда.
Туркистон силовсини табиий мажмуаларда заиф, табиатан камёб, локал тарқалган тур ҳисобланади. Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқининг Қизил рўйхатига киритилган.
Шунингдек, Туркистон силовсини Ўзбекистон Қизил китобига заиф, камайиб бораётган, мозаик тарзда тарқалган кичик тур сифатида киритилган.
У Ғарбий Тян-Шан ва Помир-Олой ҳудудларида тарқалган. Баргли ва арча ўрмонларида яшайди. Ҳисор тоғ тизмасида 150 га яқин, Кўҳитанг тизмасида 20-25 та, Ғарбий Тян-Шанда 100 га яқин, Туркистон тизмасида 300 га яқин силовсин яшайди.
Туркистон силовсини кўпинча туёқли ҳайвонлар, майда қушлар ва кемирувчилар билан озиқланади.
Кузатувларга кўра, Туркистон силовсини бугунги кунда Ҳисор қўриқхонасининг Ғилон, Мираки, Танхоздарё, Қизилсув бўлимларида учрайди ва уларнинг умумий сони 160 бошни ташкил қилади.
Қайд этилишича, Туркистон силовсини Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан доимий муҳофазага олинган.
Мавзуга оид
12:14 / 03.07.2024
Зомин қўриқхонасидаги фотоқопқонга Туркистон силовсини муҳрланди
17:30 / 22.03.2024
Фото: Туркистон силовсини Чотқол қўриқхонаси кузатув фотоқопқонига муҳрланди
19:19 / 11.09.2022
Ўзбекистоннинг энг баланд тоғлари жойлашган гўша: «Ҳисор» давлат қўриқхонаси ҳақида (Фотогалерея)
20:10 / 25.08.2022