Ўзбекистон | 08:42 / 02.04.2024
13518
2 дақиқада ўқилади

Метан заправкаларда газ 3800 сўмдан сотилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Вазирлик муносабат билдирди

Ижтимоий тармоқларда метан заправкаларда газ нархи 3800 сўмга кўтарилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу белгиланган чегара, яъни 3350 сўмдан юқори. Энергетика вазирлиги истеъмолчилар шохобчага чек билан қайтиб, ортиқча тўланган суммани қайтаришни талаб қилиш ҳуқуқига эга эканини маълум қилди.

Фото: Энергетика вазирлиги

Энергетика вазирлиги айрим метан ёқилғи қуйиш шохобчаларида газ белгиланган 3350 сўмлик лимитдан юқори нархда сотилаётганига изоҳ берди. 1 апрел куни интернетда баъзи АГТКШлар газни 3800 сўмдан сотаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Маълум бўлишича, бу ҳолат Фарғона шаҳридаги автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчасида кузатилгани аниқланган.

«Ўзэнергоинспекция»нинг Фарғона вилоят ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан ушбу АГТКШ масъулларига тушунтириш ишлари ўтказилган ва «метан» газнинг 3350 сўмдан сотилиши таъминланган.

Шунингдек, Сурхондарё ва Андижон вилоятларида иккита АГТКШда шундай ҳолат кузатилган бўлиб, улар ҳам «Ўзэнергоинспекция»нинг ҳудудий бошқармалари томонидан бартараф этилган.

«Агар сиз бугун бир кубометр сиқилган газ учун 3350 сўмдан зиёд миқдорда ҳақ тўлаган бўлсангиз, қўлингиздаги тўлов чекини ўша заправкага олиб бориб, ортиқча тўланган пулни талаб қилишга ҳаққингиз бор», — дея таъкидлади Энергетика вазирлиги матбуот котиби.

Эслатиб ўтамиз, 30 март куни Вазирлар Маҳкамаси енгил автомобиллар учун метаннинг энг баланд чакана нархини икки ойга узайтирган эди. Бир куб метр учун максимал нарх 3250 сўмдан 3350 сўмгача оширилган.

«Шу ўринда АГТКШ масъулларидан ушбу қарор талабларига қатъий риоя қилган ҳолда фаолият юритишларини, акс ҳолда мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ноқонуний фаолиятга нисбатан тегишли чоралар кўрилишини маълум қиламиз», — дейилади хабарда.

Агар АГТКШда табиий газ асоссиз равишда қиммат нархларда сотилаётганига гувоҳ бўлинса, қуйидаги манзилларга мурожаат қилиш сўралган:

  • Бош прокуратуранинг телеграм боти @EnergonazoratBot ва ишонч телефонига 71-232-10-07;
  • «Ўзэнергоинспекция»нинг телеграм боти @energoInspeksiya_bot ва ишонч телефонига 71-200-02-86;
  • Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг ишонч телефонига 71-207-47-00.

Мавзуга оид