Жаҳон | 08:01 / 02.04.2024
18120
4 дақиқада ўқилади

Reuters: Эрон Россияни эҳтимолий йирик теракт ҳақида огоҳлантирган

Теҳрон Москвани «Крокус Сити Холл»даги терактдан бир неча кун олдин экстремистлар томонидан РФда тайёрланаётган ҳужум ҳақида огоҳлантирган.

Фото: Игорь Иванко/ Коммерсантъ

Эрон Россияни «Крокус Сити Холл»даги терактдан бир неча кун олдин экстремистлар томонидан Россия Федерациясида тайёрланаётган йирик ҳужум ҳақида огоҳлантирган. Бу ҳақда Reuters 1 апрел, душанба куни учта манбага таяниб хабар берди.

«Россиядаги ҳужумдан бир неча кун олдин Теҳрон Москва билан Россияда содир бўлиши мумкин бўлган йирик теракт ҳақида Эрондаги портлашларга алоқадорликда гумон қилиниб, ҳибсга олинганларни сўроқ қилиш вақтида олинган маълумотни бўлишди», — дея манбалардан биридан иқтибос келтирган Reuters агентлиги. 

Бошқа агентлик суҳбатдошининг аниқлик киритишича, Эрон режалаштирилаётган теракт вақти ва жойи ҳақида аниқ маълумот бермаган. «Уларга (ИШИД аъзолари) Россияда кенг кўламли операцияга тайёргарлик кўриш топширилган. Эронда қўлга олинган террорчилардан бири гуруҳнинг баъзи аъзолари аллақачон Россияга жўнаб кетганини айтди», - дейди Reuters манбаси. 

«Эрон кўп йиллар давомида террорчилик хуружлари қурбони бўлгани сабабли, Эрон ҳукумати ҳибсга олинган террорчилардан олинган маълумотлар асосида Москвани огоҳлантириш мажбуриятини бажарди», — дея тасдиқлади агентликнинг учинчи разведка манбаси. 

Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков Теҳрон томонидан узатилган маълумотлар ҳақида сўралганда, Reuters агентлигига «бу ҳақда ҳеч нарса билмаслигини» айтди. 

Ғарб давлатлари ҳам Кремлни теракт ҳақида огоҳлантирган

АҚШнинг Россиядаги элчихонаси 7 март куни «экстремистлар яқин келажакда Москвада одамлар йиғиладиган катта йиғинларга, жумладан, концертларга ҳужум қилишни режалаштираётгани» ҳақида хабар бериб, ўз фуқароларини бундай жойларга бормасликка чақирди. «Крокус Сити Холл»даги терактдан сўнг, «ФСБ» директори Александр Бортников АҚШ разведка хизматлари Россия томонини яқинлашиб келаётган ҳужум ҳақида огоҳлантирганини тан олди, аммо бу ўша пайтда тасдиқланмаган «умумий характердаги маълумот» бўлганини айтди. 

«Крокус»га ҳужумдан уч кун олдин Россия раҳбарияти Россияда терактлар содир этилиши эҳтимоли ҳақидаги баёнотларни «провокацион» деб атади. «Буларнинг барчаси очиқдан-очиқ шантаж ва жамиятимизни қўрқитиш ва беқарорлаштириш ниятига ўхшайди», деди давлат раҳбари «ФСБ» йиғилишида.

ИШИДнинг Эрон ва Россиядаги террорчилик ҳужумлари

Эрондаги теракт 3 январ куни Кирмон шаҳридаги масжид яқинида содир бўлди, унинг ҳудудида Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) собиқ қўмондони, 2020 йилда АҚШ нишонга олган зарбада ўлдирилган генерал Қосим Сулаймоний дафн этилган. Унинг ўлими тўрт йиллиги кунида кўп одамлар йиғилган масжид яқинида 15 дақиқалик интервал билан иккита портлаш содир бўлди. Ҳужум оқибатида 100 га яқин одам ҳалок бўлди. Ўшанда ҳужум учун жавобгарликни ИШИДнинг Афғонистондаги бўлими ўз зиммасига олди. Улар Москва вилоятидаги теракт учун ҳам жавобгарликни зиммасига олган.

Москва яқинидаги Красногорскда «Крокус Сити Холл» биносига ҳужум 22 март куни кечқурун содир бўлди. Қуролланган одамлар бинога бостириб кириб, автоматлардан ўт очган, бир неча портлашлар эшитилган ва ёнғин бошланган. Сўнгги маълумотларга кўра, теракт оқибатида 144 киши ҳалок бўлган, яна 551 киши жароҳатланган. Россия раҳбарияти терактга Украинанинг алоқадорлиги тахмин қилинмоқда. Киев, шунингдек, ғарб давлатлари, жумладан АҚШ ва Германия бу айбловларни рад этади.

Мавзуга оид