Ўзбекистон | 12:09 / 03.04.2024
23346
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Умурзоқов Тошкент шаҳри ҳокими этиб тасдиқланди

У бир йилдан буён Тошкент шаҳри ҳокими «в. б» сифатида ишлаб келаётганди.

Фото: Президент матбуот хизмати

3 апрел куни Шавкат Умурзоқов Тошкент шаҳри ҳокими этиб тасдиқланди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигидаги йиғилишда маълум қилинган.

Сессияда ташкилий масала кўриб чиқилган. Президент Тошкент шаҳри ҳокими лавозимига ҳоким вазифасини бажариб келаётган Шавкат Бўронович Умурзоқов номзодини тавсия этган.

Шаҳар ҳокимини тайинлаш масаласи овозга қўйилган. Овоз бериш натижаларига кўра, Шавкат Умурзоқов Тошкент шаҳри ҳокими этиб тасдиқланган. 

Давлат раҳбари халқ вакиллари билдирган бу юксак ишонч янги ҳокимдан катта масъулият, тинимсиз меҳнат ва фидойиликни талаб қилишини таъкидлади. 

Янги ҳоким ўз ўринбосарлари, туман ҳокимлари, сектор ва банк раҳбарлари, «маҳалла еттилиги» билан пойтахт аҳолиси учун муносиб шароит яратиш, инвестиция олиб келиб, янги-янги юқори даромадли иш ўринларини кўпайтириш, шаҳарни янада обод қилиш, бир сўз билан айтганда, одамлар рози бўлиши учун янгича ёндашув асосида катта марраларни олиб, қаттиқ ишлаши кераклиги кўрсатиб ўтилган.

Шавкат Умурзоқов 1979 йилда туғилган, муқаддам прокуратура тизимида ишлаган, 2011 йил июнидан 2013 йил сентябрига қадар Тошкент вилояти прокуратурасининг иқтисодий жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бўлими бошлиғи бўлган, 2013–2018 йилларда Ўзбекистон бош прокуратурасида Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган.

2018 йил июнидан 2023 йил мартига қадар «Ўзавтосаноат» АЖ раиси бўлиб ишлаган.

2018 йил апрелидан Тошкент шаҳрига ҳокимлик қилган Жаҳонгир Ортиқхўжаев 2023 йил январида ишдан бўшатилгач, бир муддат шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи бўлиб турганди, 2023 йил мартида эса Шавкат Умурзоқов пойтахт ҳокими вазифасини бажарувчи сифатида иш бошлаганди.

Мавзуга оид