Ўзбекистон | 17:55 / 03.04.2024
3104
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда Бутунжаҳон аутизмдан хабардорлик куни муносабати билан акция ўтказилди

Йилда бир марта – 2 апрел куни нишонланадиган Бутунжаҳон аутизмдан хабардорлик куни одамлар ўртасида аутистик спектрнинг бузилиши (АСБ), хабардорликни ошириш, АСБ бўлган беморлар, уларнинг оилалари ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ёрдам беришга қаратилган ташаббус ҳисобланади.

Тошкентдаги Наврўз истироҳат боғида Бутунжаҳон аутизмдан хабардорлик кунига бағишланган акция бўлиб ўтди. “Нейроинклюзив дунёда тенг имкониятлар” мавзусида ўтказилган мазкур тадбир кенг жамоатчилик эътиборини болаларда учрайдиган аутизм муаммосига қаратиш, хасталикка эрта ташхис қўйиш мақсадида ташкил қилинди.

Тадбирга 20 га яқин ёмғир болалари ва уларнинг ота-оналари қамраб олинди. Улар кулолчилик студиясида лойдан турли хил маҳсулотлар ясашди, гипс фигураларини декоратив бўяш машғулотларида қатнашди. Шунингдек, мутахассислар билан биргаликда мевали коктейлларни тайёрлашди. Болаларнинг ота-оналари нейропсихолог ва дефектологлардан бепул маслаҳатлар олди.

Бутунжаҳон аутизмдан хабардорлик куни 2008 йилдан буён ҳар йили 2 апрел санасида нишонланади. У Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 2007 йил 18 декабрдаги резолюсияси билан ташкил этилган бўлиб, дунёнинг барча минтақаларида аутизмли болалар мавжудлиги хавотирини англатиш мақсадида йўлга қўйилган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоб-китобларига кўра, аутизмга чалинган болалар сони ҳар йили 13 фоизга ошмоқда. 1980 йилларда мутахассислар ҳар 1000 кишига битта ҳолатни қайд этган бўлса, бугунги кунда аутизмнинг тарқалиши юздан битта ҳолатга тўғри келмоқда. Ўзбекистонда бу синдром илк марта 2010 йилда қайд этилган бўлиб, ушбу хасталикка чалиниш ҳолатлари мамлакатда ҳам йилдан йилга ортмоқда.

Нейропсихолог Шаҳноза Усмонованинг таъкидлашича, аутизм наслдан наслга ўтадиган хасталик эмас, унинг келиб чиқиш сабаблари ҳалигача тўлиқ аниқланмаган. Синдром боланинг ижтимоий ҳаётга мослаша олмаслиги билан намоён бўлади. Унга чалинган болалар реалликни бошқача кўради, бошқача эшитади. Уларнинг хатти-ҳаракатларида ғайритабиийлик сезилади, гап-сўзларида ноаниқлик бўлади. Асаб тизимидаги бузилишлар туфайли бола ён-атрофдаги воқеаларга мутлақо бефарқ ёки унинг акси ўлароқ ўта таъсирчан бўлиб қолади. Исмини айтиб чақирганда қарамайди. Онасининг юз ҳаракатларига ҳеч қандай эмоция билдирмайди.

Логопед-дефектолог Динора Тошпўлатованинг сўзларига кўра, аутизмни даволаш учун болаларнинг гапириш қобилиятини яхшилаш мақсадида логопед билан машғулотлар олиб бориш, бола билан турли хил ўйинлар ўйнаш, компютерда сўзларни ёзиб ўргатиш, сўзлашиш учун расмли карточкалардан фойдаланиш талаб этилади.

Фарзандларини акцияга олиб келган ота-оналарнинг фикрича, бу каби тадбирлар болаларнинг ижтимоий кўникмаларини ошириш, уларнинг дунёсини бошқаларга танитиш ва тушунтириш платформаси вазифасини ўтайди. Ҳамжиҳатликдаги амалий машғулотлар болаларга ўзларининг физик ва ижодий қобилиятларини ривожлантириш имкониятини тақдим қилади, шу билан бирга, ўз-ўзини ифода этишига ва тенгдошлари билан мулоқот қилишини осонлаштиришга ёрдам беради.

Мавзуга оид