Ўзбекистон | 14:31 / 03.04.2024
9273
2 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги йирик бозорларни кўп қаватли қилиб қайта қуриш таклиф этилди

Фото: Gazeta.uz

Президент ер ўта чекланган шароитда бор инфратузилмани вертикал ўстириш орқали саноат ва савдони ривожлантириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратди.

«Масалан, йирик бозорларни қават-қават усулда кенгайтириш, Юнусобод кичик саноат зонасидаги биноларни 3-4 қават қилиб қайта қуриш ҳисобига қўшимча майдонларни ҳосил қилиш имкониятлари кўрсатиб ўтилди», – дейилади президент матбуот хизмати хабарида. 

Вазирлар Маҳкамасига унумли фойдаланилмаётган давлат объектларини хатловдан ўтказиб, уларнинг ўрнида саноат ва хизматларда юқори даромадли иш ўрни яратадиган лойиҳаларни жойлаштириш дастурини тасдиқлаш топширилди.

Ижтимоий соҳада хусусий шериклик лойиҳаларини кўпайтириш орқали ҳам иш ўринларини яратиш мумкинлиги таъкидланди.

Масалан, тумандаги 7-сонли шаҳар шифохонаси учун 200 ўринли янги бино қуриш чўзилиб келяпти. Янги бино ишга тушса, ундан бўшайдиган 4,7 гектарда хусусий шериклик асосида кореялик инвесторлар 160 миллион долларлик 420 ўринли замонавий кўп тармоқли клиника қуриш ташаббусини берган.

Мутасаддиларга шаҳар шифохонаси қурилишини жадаллаштиришга кўрсатма берилди.

  • Бундан олдинроқ президент Тошкент шаҳрининг Амир Темур шоҳкўчасидаги саккизта давлат идорасининг эски биноларини реконструкция қилиш ва савдо объектлари, офис ва ерости автотураргоҳига эга меҳмонхоналар қуриш учун тадбиркорларга беришни таклиф этгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид