Ўзбекистон | 23:39 / 03.04.2024
15295
1 дақиқада ўқилади

Халқ банки пенсионерларга ўтказилган маблағлар техник хато туфайли қайтариб олинганини маълум қилди

Банк бундай муаммо пенсионерларнинг 3 фоизида кузатилганини ва маблағлар қайтариб берилишини таъкидламоқда.

Айрим пенсионерларнинг банк карталарига ўтказилган пенсия пул маблағлари билан боғлиқ муаммо юзага келган. Жумладан, картага ўтказилган маблағлар яна қайтариб олингани кузатилган. Халқ банки бунга муносабат билдирди.

Қайд қилинишича, Халқ банки тизимида пенсия маблағларининг юкланиши жараёнида техник носозлик юзага келган. Оқибатда, баъзи пенсионерларнинг банк карталарига ўтказилган маблағлар бекор қилинган. Мазкур ҳолат пенсия олувчиларнинг 3 фоизида кузатилган.

Таъкидланишича, ҳозир ушбу хатолик бартараф этилиб, пул маблағлари яна карта эгаларига қайтарилмоқда.

Халқ банкининг эслатишича, барча пенсия олувчиларга, шу жумладан, юқоридаги муаммога дуч келган мижозларга пенсия маблағлари ойнинг 5-санасигача ўтказиб берилади.

Мавзуга оид