Жаҳон | 15:58 / 04.04.2024
17510
9 дақиқада ўқилади

Эрон генерал Зоҳидий ўлими учун Исроилга жавоб зарбаси берадими?

Теҳрондагилар Сурия пойтахти Дамашқ шаҳридаги консулхонасига йўлланган авиазарба учун «қатъий қасос» олишга ваъда берган. Бу вақтда айрим манбалар АҚШ разведкаси яқин вақтлар ичида Исроил ҳудудига ҳужум эҳтимолидан огоҳлантиргани ҳақида хабар тарқатган. Аммо экспертлар жиддий жавоб қайтарилишига ишонмаяпти. 

Фото: Louai Beshara / AFP / Scanpix / LETA

Эроннинг Дамашқдаги элчиси берган маълумотга кўра, зарба оқибатида 13 киши, жумладан Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг етти нафар аъзоси ҳамда олти нафар суриялик ҳалок бўлган.

Қурбонлар орасида — бригада генерали Муҳаммад Ризо Зоҳидий ҳам бор, у корпуснинг хориждаги амалиётларга масъул бўлган «Қудс» махсус бўлинмасидаги муҳим шахс бўлган.

Эрон ва Сурия ҳужумда Исроилни айблаган, исроилликлар эса изоҳ беришдан тийилмоқда.

«Бу нафақат Эрон давлатининг ўзига, балки Инқилоб гвардиясининг Ливандаги „Ҳизбуллоҳ“ ҳамда Сурияга қуроллар ва технологиялар етказиб беришни мувофиқлаштириш билан шуғулланувчи „Қудс“ кучлари раҳбариятига катта йўқотиш олиб келган ҳужум бўлди », — деган Лондон иқтисодиёт мактабида (LSE) халқаро муносабатлар бўйича профессор Фаваз Гергес.

Мазкур ҳужум Эрон ҳукуматидаги юқори мартабали шахсларнинг ғазабли реакциясини келтириб чиқарди, улар Исроилнинг ҳаракатларини жавобсиз қолдирмасликка ваъда беришган.

«Биз уларни бу жиноятни содир этгани ва шу каби ҳаракатларга йўл қўйгани учун афсуслантирамиз», — деган Эрон олий раҳнамоси Али Хоминаий.

Президент Иброҳим Раисий ҳужумни «жавобсиз қолмайдиган ноинсоний, тажовузкорлик ва жирканч акт» деб атаган, Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир-Абдулоҳиён суриялик ҳамкасби билан телефон мулоқотида ҳужумни барча халқаро мажбуриятлар ва конвенцияларнинг бузилиши деб атади.

Эрон президенти Иброҳим Раисий сешанба куни сўнгги ҳужум жавобсиз қолмаслигига ваъда берди

Ташқи ишларвазирлиги сайтидаги хабарда Амир-Абдуллоҳиён Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу «буткул руҳий мувозанатни йўқотгани»ни айтган.

Бундай муносабатлар Ғазодаги уруш фонида Исроил ҳамда Эроннинг иттифоқчилари ўртасидаги кескинлик янада кучайиши борасидаги хавотирларни уйғотган. Аммо, BBC билан суҳбатлашган экспертлар бугунги кунда Эроннинг жавоб қайтариш имкониятлари чекланганини айтишган.

«Эрон ўз ҳарбий салоҳияти, иқтисодий ва сиёсий ҳолатини инобатга олган ҳолда Исроил билан катта тўқнашувга қодир эмас, — деб ҳисоблайди Яқин Шарқ масалалари бўйича таҳлилчи Али Садрзода. — Аммо у ички аудитория ҳамда минтақадаги иттифоқчилар орасидаги обрўсини ҳимоя қилиш учун жавоб ўйлаб топиши керак бўлади».

Фавас Гергес ҳам бу фикрга қўшилади, унинг ҳисоблашича, «Исроил чиндан ҳам Эронни камситиб, бурнига мушт туширган» бўлса ҳам, Эрон Исроилга қарши тўғридан тўғри жавоб чораларини кўрмайди.

Гергеснинг ҳисоблашича, Эрон катта эҳтимол билан «стратегик сабр» намойиш этади, чунки унинг учун бошқа муҳимроқ мақсад бор — ядро бомбасини яратиш: «[Эрон] куч тўпламоқда, уранни бойитмоқда, ютуқларга эришмоқда. Ва Эрон учун асосий мукофот 50 та баллистик ракета учириб, 100 нафар исроилликни ўлдириш эмас, балки нафақат Исроилга, балки ҳатто АҚШга ҳам қарши стратегик тийиб туриш механизмига эга бўлишдир».

Ғазода Исроилнинг ҲАМАСга қарши уруши бошланганидан буён Сурия, Ироқ, Ливан ва Яманда Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган гуруҳлар Исроил объектларига ракета ва дронлар билан ҳужумлар қилиб келмоқда, аммо улар Исроил билан кенг кўламли уруш бошланмаслигига ҳаракат қилиб, ўзларини чеклашмоқда.

«Эроннинг қўғирчоқ гуруҳлари ҳатто Исроилнинг дипломатик миссияларига ҳужум қилишини ҳам тасаввур қилиш қийин», — деган Садрзода.

Шу билан бирга, у Эрон қўлловидаги ҳусийчилар катта эҳтимол билан Қизил денгиз ва Адан кўрфазидаги кемаларга, айниқса Исроил ёки АҚШга қандайдир алоқадорлиги бор кемаларга ҳужумларни давом эттиради, деб ҳисоблайди.

Эроннинг минтақадаги энг йирик кучи ҳисобланган «Ҳизбуллоҳ» Дамашқдаги ҳужум учун жавоб қайтариши мумкинми?

Эрон томонидан қўлланадиган «Ҳизбуллоҳ» мунтазам равишда Исроилнинг шимолий чегараларида отишма уюштириб туради

«Ҳизбуллоҳ» дунёдаги энг яхши қуролланган нодавлат ҳарбий тузилмалардан бири бўлиб, мустақил баҳоларга кўра, гуруҳ сафларидаги жангчилар сони 20 мингдан 50 минггача етади, улардан кўпчилиги яхши тайёргарликдан ўтган ҳамда Суриядаги фуқаролик уруши давомида чиниққан.

Бундан ташқари, Center for Strategic and International Studies маълумотига кўра, гуруҳ арсеналида 130 минг атрофида ракета ва снарядлар бор.

Бироқ BBC билан суҳбатлашган экспертлар мазкур гуруҳ Исроил билан қарама-қаршилик кўламини кенгайтира бошлаши даргумонлигини айтишган.

«„Ҳизбуллоҳ“ Исроил қопқонига тушиб қолишни истамайди, чунки Бинямин Нетаняҳу ва унинг ҳарбий кабинети урушни кенгайтиришга астойдил интилаётганини тушунади. Бинямин Нетаняҳунинг сиёсий келажаги Ғазодаги уруш давом этиши ҳамда шимолий фронтда „Ҳизбуллоҳ“ ва ҳатто Эроннинг ўзи билан кескинлик кучайишига боғлиқ», — деб ҳисоблайди Фаваз Гергес.

Али Садрзоданинг ҳисоблашича, Эрон катта эҳтимол билан Исроилга қарши уруш бошлашдан қочган ҳолда «рамзий» реакция кўрсатиш билан кифояланади.

«Эрон — рамзий ҳужумлар ўтказишга уста, бунақаси ўзининг энг муҳим ҳарбий қўмондони Қосим Сулаймоний ўлдирилишига жавобан қилинганди», — дейди Садрзода, эронликлар 2020 йил 8 январида АҚШнинг Ироқдаги «Ал-Асад» авиабазасига баллистик ракеталар билан йўллаган зарбасини назарда тутган ҳолда.

Эронлик генерал Қосим Сулаймоний 2020 йил январида Бағдод аэропорти ҳудудида автомобилига Америка дрони зарбаси берилиши оқибатида ҳалок бўлганди

Эроннинг бу қотиллик учун «қаттиқ қасос олиш»га берган ваъдасига қарамай, базада бўлган америкалик ҳарбий хизматчилардан бирортаси ҳалок бўлмаганди. Қолаверса, ўшанда америкалик ҳарбийлар олдиндан огоҳлантирилгани ҳақида хабар пайдо бўлганди.

Фаваз Гергеснинг фикрича, Эроннинг Дамашқдаги консуллигига қилинган ҳужум «Эрон мудофаасини бузиш, дунёга Эрон — қоғоздан ясалган йўлбарс эканини кўрсатиб қўйиш ва Эрон хавфсизлик аппаратининг белини синдиришга қаратилган стратегик эскалациядир».

«Аммо Эрон томонидан тўғридан тўғри вайронкор жавобни кўрмаймиз», — дея хулоса қилган у.

Виржиниядаги жамоат ва халқаро алоқалар мактабида давлат бошқаруви соҳасидаги тадқиқотчи Юсуф Азизийнинг ҳисоблашича, Теҳронда Эрон Исроил тажовузини тийиб туриш учун ядровий державага айланиши керак деб ҳисоблайдиганлар ҳамда ҳарбий кайфиятдаги «қирғийлар», тўғридан тўғри Исроил ва унинг ҳарбий объектларига ҳужум қилиш зарурлигига ишонадиган тоифа ўртасида парда ортидаги кураш давом этади.

Бу вақтда айрим манбалар АҚШ Бош разведка бошқармаси Эрон кейинги 48 соат ичида Исроилга ҳужум қилиши мумкинлигидан огоҳлантиргани ҳақида ёзган.

Эрон Ливан, Ироқ ёки Ямандаги прокси гуруҳлар орқали эмас, ўз ҳудудидан учирилган пилотсиз парвоз қурилмалари галаси ва қанотли ракеталар билан Исроил ҳудудидаги стратегик объектларга комбинацион зарба беришни мўлжалламоқда, деб хабар берган Исроилнинг 12-телеканали.

Исроил эса Эрондан келаётган таҳдидлар фонида захирадаги қўшимча ҳарбийларни армияга чақира бошлаган. Исроил мудофаа вазири Йоав Галант мамлакат шимолий ғарбида жойлашган Ҳайфа шаҳридаги ҳарбий машқларда қатнашиб, мудофаа кучлари тўсатдан берилган зарбаларга нечоғлик тайёрлигини текширувдан ўтказган.

‎Агар Исроилга зарба Эрон проксиларидан эмас, Эрон ҳудудидан амалга ошириладиган бўлса, бу Исроил қуролли кучлари томонидан жиддий жавоб қайтарилишига сабаб бўлади, деб ёзади Times of Israel. 

Авиазарба оқибатида Эроннинг Дамашқдаги элчихонаси олдидаги консуллиги биноси вайрон бўлган

Агар йирик ҳарбий ҳаракатлар эҳтимоли кам бўлса, Эрон яна нима қила олади?

«Биз Эрон кибермакондан Исроилдан қасос олиш учун фойдаланиши мумкинлигини истисно қилмаймиз - ёки ахборот технологияларига киберҳужумлар уюштириш, уни ишдан чиқариш, маълумотларни ўғирлаш ва сиздириш ёки ҳеч бўлмаганда оператив технологияларни чалғитишга уриниш учун», — дейди BBC билан суҳбатда Исроилдаги Киберсиёсат тадқиқотлари институти вакили Тал Павел.

«Биз биламизки, Эрон ва Исроил ўртасида ўн беш йилдан буён яширин киберуруш кетмоқда. Шундай экан, бу ҳолатда бу шунчаки навбатдаги босқич бўлиши мумкин», — дея қўшимча қилган у.

Мамлакат қандай чора кўришга қарор қилиши Эрон ҳукумати, жумладан олий диний раҳнамога боғлиқ. Ҳозирча Эрон ТИВ расмий вакили Носир Кананий Дамашқ бўйлаб зарба йўллаган «агрессорлар»га қарши қатъий жавоб қайтариш ҳуқуқини Теҳрон ўзида қолдиришини маълум қилган.

Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид