Жаҳон | 12:38 / 04.04.2024
4865
3 дақиқада ўқилади

ЕИ Эроннинг Дамашқдаги консуллиги яқинига қилинган ҳаво ҳужумини қоралади

Сурия пойтахти Дамашқдаги Эрон консуллиги яқинига берилган ҳаво ҳужумида Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг икки генерали ҳалок бўлди. 

Фото: MAHER AL MOUNES/AFP

Европа Иттифоқи Эроннинг Дамашқдаги элчихонаси мажмуасига берилган авиазарбани қоралади. Унинг оқибатида, сўнгги маълумотларга кўра, 16 киши ҳалок бўлди. «Ушбу ўта кескин минтақавий вазиятда вазминлик кўрсатиш жуда муҳим», деб ёзди Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича вакили Питер Стано 3 апрел, чоршанба куни. 

«Дипломатик ва консуллик муассасалари ва ходимларининг дахлсизлиги тамойиллари халқаро ҳуқуққа мувофиқ ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳурмат қилиниши керак», — деди у. 

Сурия пойтахтидаги Эрон консуллиги яқинига қилинган ҳаво ҳужуми 

Аввалроқ Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК)нинг икки генерали Муҳаммад Ризо Зоҳидий ва Муҳаммад Ҳоди Хожа Раҳимий Сурия пойтахти Дамашқдаги Эрон консуллиги яқинига уюштирилган ҳаво ҳужумида ҳалок бўлганди. Улардан ташқари корпуснинг яна беш зобити ҳалок бўлган. 

Зоҳидий 2006 йилдан 2009 йилгача корпус қуруқликдаги қўшинлари қўмондони бўлган, 2017 йилдан буён корпус операцияларига раҳбарлик қилган. Сурия инсон ҳуқуқлари бўйича кузатув кенгашининг хабар беришича, умумий ҳисобда зарба оқибатида ўн бир киши ҳалок бўлган ва яна бир неча киши жароҳатланган. Маҳаллий ОАВ маълумотига кўра, ҳужум консуллик биносига туташ бинога амалга оширилган. Натижада бино бутунлай вайрон бўлган. 

Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиённинг айтишича, Теҳрон ҳужум учун Исроилни жавобгар деб билади. Эроннинг Дамашқдаги консуллигига зарба бериш «барча халқаро конвенцияларни бузишдир», деди Абдуллоҳиён. Исроил ҳарбийлари бу хабарларга изоҳ бермаслигини айтди. 
 
Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 32 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид