Магистратура босқичига чет тили сертификати талаби қўйилгани сабаб ОТМлар молиявий зарар кўрган – ҳисобот
Олий таълим вазирлиги ҳисоботига кўра, 2021 йилдан давлат ОТМларининг магистратура босқичига ўқишга кириш учун чет тили сертификатининг мажбурий қилиб қўйилиши квоталарнинг очиқ қолишига, оқибатда молиявий мустақил ОТМларнинг зарар кўришига сабаб бўлган.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги 2021 йилда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарорини тартибга солиш таъсирини баҳолашдан ўтказиш бўйича ҳисоботини эълон қилди.
Президент қарори билан 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларининг магистратура мутахассисликларига ҳамда олий таълимдан кейинги таълим ихтисосликларига танловларда миллий ёки унга мос даражадаги халқаро сертификатга эга шахслар иштирок этиши тартиби жорий этилганди.
Бунда филология йўналишлари бўйича камида C1 даражадаги миллий ёки унга мос даражадаги халқаро сертификат, нофилологик йўналишлари бўйича эса B2 даражадаги миллий ёки унга мос даражадаги халқаро сертификат талаб этилиши белгиланди.
Таҳлилга кўра, бу талаб сабаб квоталар очиқ қолиши кузатилган ва молиявий мустақил ОТМлар зарар кўрган.
Мазкур талаб ўрнатилиши натижасида ўтган йиллар давомида айрим мутахассисликларда қабул квоталари очиқ қолмоқда. Жумладан, 2021 йилда 20,7 фоиз квота очиқ қолган бўлса, 2022 йилда 80,2 фоиз, 2023 йилда 62,6 фоиз квота очиқ қолган.
Шунингдек, 2021 йилда магистратура учун 78,8 минг талабгор ҳужжат топширган бўлса, 2022 йилда 5,2 минг, 2023 йилда 6,3 минг талабгор ҳужжат топширган ёки талабгорлар сони сўнгги учинчи йилда 12,5 бараварга камайган.
“Қабул квоталарининг тўлмаслиги молиявий мустақиллик берилган олий таълим ташкилотларининг молиявий ҳолатига таъсир этмоқда.
Мазкур тартибнинг жорий этилиши фуқароларга ҳам молиявий харажатлар келтириб чиқармоқда. Жумладан, талабгор таълим ташкилотига ўқишга кириш учун миллий ёки халқаро сертификат олишга имтиҳонга тегишли тўловларни амалга оширади", дейилади ҳисоботда.
Қайд этилишича, талабгорлар чет тили сертификати талабини бажара олмаслиги оқибатида очиқ қолган квоталар сабаб ОТМлар 2021 йилда 18,6 млрд сўм, 2022 йилда 101,8 млрд сўм, 2023 йилда эса 85,8 млрд сўм зарар кўрган.
Шунингдек, ҳисоботга кўра, мамлакатда хорижий тилларни ўрганиш кўрсаткичи ошган. 2022 йилда чет тили сертификати билан ОТМларнинг бакалавриатига ҳужжат топширган абитуриентларнинг 87,5 фоизи талабаликка қабул қилинган.
Бироқ ҳисоботда чет тили сертификатининг мажбурий қилинганлиги ОТМларнинг магистратура босқичидаги таълим сифатига қандай таъсир қилгани ҳақида маълумот мавжуд эмас.
“Барча нофилологик магистратура мутахассисликларига ҳужжат топширишда талаб этиладиган тил билиш сертификатига эга бўлишнинг соҳа хусусиятига мувофиқлаштириш мақсадга мувофиқ”, дейилади ҳисоботда.
Мавзуга оид
18:38 / 13.08.2024
Магистратура бўйича мандат 20 августгача эълон қилиниши кутиляпти
07:34 / 23.07.2024
Германияда ўзбекистонлик қиз немис тили бўйича Бутунжаҳон олимпиадасида ғолиб бўлди
12:43 / 20.06.2024
Магистратура ва докторантура учун талаб қилинадиган чет тили сертификатлари рўйхати тасдиқланди
11:49 / 25.05.2024