Жаҳон | 14:50 / 06.04.2024
13632
6 дақиқада ўқилади

Ғазодаги етимлар сони, Путинга қарши махсус трибунал ва тожикистонликларга виза жорий этган Туркия — кун дайжести

Шу соатгача дунёда содир бўлган аҳамиятли воқеа-ҳодисалар, янгиликлар ва баёнотларнинг қисқача шарҳи билан анъанавий тарзда таништириб боришда давом этамиз.

Ғазодаги вазият

Ғазода Исроилнинг тиним билмас ҳужумлари натижасида ҳар соатда 4 та бола ўлмоқда.

Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, урушнинг 181-кунига келиб, қамал қилинган эксклавда қурбон бўлганлар сони 33 минг 91 кишига етган. 75 минг 750 киши яраланган.

Сўнгги сутка ичида Исроил қўшинлари 5 та оммавий қирғин уюштирган ва унда 54 киши ҳалок бўлиб, 82 нафар одам яраланган. Ғазода очликдан жон берган инсонларнинг сони 33 нафарга етган.

Исроилнинг Ғазо секторига ҳужуми натижасида ўлдирилганларнинг 44 фоизи вояга етмаган болалар. Ҳужумлар бошланган 2023 йилнинг 7 октябридан буён Ғазода 14 минг 350 бола ҳалок бўлган. Бу Исроил ҳар соатда 4 та боланинг ҳаётига зомин бўлаётганини англатади.

Ғазо секторида айни пайтда 7 мингдан зиёд аёллар ва болалар бедарак йўқолган ҳисобланади. Уларнинг катта қисми вайрон бўлган уйларнинг харобалари остида бўлиши мумкин.

БМТнинг болалар фонди UNICEF маълумотларига кўра, 7 октябрдан буён Ғазодаги 17 мингдан ортиқ бола ота-оналаридан биридан ёки ҳар иккисидан айрилиб, етим қолган.

Путин учун махсус трибунал?

Европа Иттифоқи 2024 йилнинг сўнгига қадар Россия президенти Владимир Путин ва Россиянинг бошқа «ҳукмрон шахслари» учун махсус трибунал тузилишини анонс қилди. Бу ҳақда адлия бўйича еврокомиссар Дидье Рейндерс Deutsche Welle каналига берган интервюсида айтиб ўтган.

Рейндерснинг сўзларига кўра, айни пайтда Ғарбда «турли халқаро акторлар билан» бу суд жараёни ҳақида мунозаралар бўлиб ўтмоқда ва «икки асосий вариант кўриб чиқилмоқда: кўптомонлама келишув асосида халқаро трибунал ёки Украина ва Европа Кенгаши ўртасидаги иккитомонлама келишув асосида соддалаштирилган ечим кўриб чиқилмоқда».

2 апрел сешанба куни Ҳаагада «Украина учун адолатни тиклаш» конференцияси бўлиб ўтган. Тадбирнинг асосий якуни Россиянинг Украинага қарши жиноятлари учун махсус трибунал тузишни 44 давлат имзолагани бўлди. Имзолаганлар орасида Молдова ва Гуржистон ҳам бўлган. Декларацияда Владимир Путинни ҳибсга олиш учун ордер берган халқаро суднинг роли алоҳида қайд этилган.

НАТОнинг Украинага таклифи

НАТОдагилар Россияга оккупация қилинган ҳудудларни топшириш эвазига Украинани алянсга қабул қилиш масаласини муҳокама қила бошланган. Бундай вариант ҳарбий блок ҳарбийлари томонидан рад этилмаяпти ва ҳаттоки ноформал муҳокама ҳам қилинмоқда, деб ёзади Италиянинг La Republica нашри.

Газетанинг маълумотларига кўра, бундай сценарий ҳозирча экспертлар томонидан кўриб чиқилмоқда, бироқ у сиёсий нуқтайи назардан баҳоланмаяпти. Ғояга кўра, жорий ҳарбий можарони Иккинчи жаҳон урушидан сўнг Германия ҳудуди СССР ва Ғарб томонидан бўлиб олингани каби ҳал қилишдир.

Бироқ, ҳозирга келиб, Украинадаги уруш билан боғлиқ барча қарорлар шу йилнинг ноябрида АҚШ президенти сайлови ўтиб олгунча музлатиб қўйилган. Россия ҳам овоз бериш натижаларини кутмоқда ва Жо Байден билан музокара олиб боришни истамаяпти.

Украинанинг ўз ҳудудларидан воз кечиш ғояси Доналд Трамп сайланадиган бўлса янада кучайиши мумкин. Чунки Трамп бунгача ҳам урушни тугатиш учун Украина ўз ҳудудларидан воз кечишга мажбурлигини таъкидлаган.

Украина президенти Володимир Зеленский бундай гап-сўзларни «адолатсиз» деб атаган. Унинг сўзларига кўра, Киев алянс аъзосига айланмоқчи, бироқ «НАТОга аъзолик эвазига ерларимизни топшириш — адолатсиз мулоқот, бу сунъий провокация», деган у.

НАТО етакчилари Украина мағлубиятга учраш хавфи остида турган бўлса-да, июл ойида ўтажак саммитда Киевни алянс аъзолигига таклиф этмоқчи эмас, деб ёзади The New York Times. Хусусан, Украинанинг айни дамдаги аъзолигига АҚШ ва Германия қарши чиқмоқда.

Украинага ёрдам

Жанубий Корея 2024 йилдан бошлаб Украинага ёрдам сифатида 2,3 млрд доллар ажратадиган бўлди. Бу ҳақда Жанубий Корея ташқи ишлар вазири Чо Тэ Юл хабар қилган.

Бундан ташқари, Жанубий Корея НАТО фонди орқали урушда ярадор бўлган украиналик ҳарбийларни реабилитация қилиш марказлари иши учун 12 млн доллар ажратади.

Россияда тўғон ёрилди

Россиянинг Оренбург областига Сардоба сув омборининг куни тушди — тўғон ёрилиб, минглаб уйлар сув остида ғарқ бўлиш таҳдиди остида қолган. Област ҳокимиятининг маълум қилишича, Эски шаҳар ҳудудидаги кўтарма тўғон ўпирилиши натижасида сув оқиб чиқа бошлаган.

Оренбург областининг Орск шаҳрида сув босиши мумкин бўлган зоналарда аҳоли турар жойларидан эвакуация қилинган. Сув босиши мумкин бўлган зонада 4 мингдан зиёд хусусий уй-жойлар бор, уларда 10 мингга яқин инсон истиқомат қилади. Улар вақтинчалик яшаш жойларига кўчирилади. Ўзи мустақил кўча олмайдиганлар учун автобуслар ташкил қилинган.

Туркия Тожикистонга визани тиклади

Кўрсатувимиз сўнгида яна бир муҳим хабар. Туркия Тожикистон фуқаролари учун визасиз режимни бекор қилди. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг бу ҳақдаги фармони расмий газетада эълон қилинган.

Бунга сабаб ИШИД аъзоси бўлган тожикистонликларнинг Москвада теракт уюштиргани бўлиши мумкин. Эслатиб ўтамиз, теракт уюштирганликда гумон қилиб ушланганларнинг икки нафари Москвага Туркиядан учиб боришган.

Туркияга оид яна бир муҳим хабар. Туркия ички ишлар вазири Али Ерлиқаяга кўра, 8 нафар шахс Туркия ҳудудида бўлиб турган шахслар ва компаниялар тўғрисидаги маълумотларни Исроил разведкасига сиздирганликда гумонланиб ушланган.

Мавзуга оид