Жаҳон | 14:15 / 06.04.2024
9385
3 дақиқада ўқилади

Орскда тўғон ёрилиши оқибатида бир неча киши ҳалок бўлди

Оренбург вилоятида фавқулодда ҳолат режими жорий этилди. Орск аҳолисини эвакуация қилиш бир дақиқа ҳам тўхтамаяпти, деб хабар берди Россия ФВВ. Камида уч киши ҳалок бўлган. 

Фото: РИА Новости

Оренбург вилоятининг иккинчи йирик шаҳри - Орскда тўғон ёрилганидан кейин сув шаҳарнинг асосан хусусий сектор жойлашган эски қисмига оқишда давом этмоқда. Россия ФВВ маълумотларига кўра, 6 апрел, шанба куни эрталаб Орскда 2400 дан ортиқ турар жой бинолари ва 3000 дан ортиқ томорқа сув остида қолган, 700 дан ортиқ киши, жумладан, 210 нафар бола эвакуация қилинган

«Аҳолини эвакуация қилиш бир дақиқага ҳам тўхтамаяпти. Қутқарувчилар сув кемалари ёрдамида одамларни олиб чиқмоқда», дейилади департаментнинг Telegram-каналида. 

Уч кишининг жасади топилди 

Фавқулодда хизматлар РИА «Новости»га хабар беришича, Орскнинг сув босган ҳудудини патрул қилиш чоғида уч кишининг жасади топилган. 

Орск - Оренбург вилоятидаги 200 мингга яқин аҳолига эга шаҳар. У Оренбургдан тахминан 300 км шарқда, Қозоғистон билан чегарада жойлашган. Урал дарёси ва унга қуйиладиган Ор дарёси шаҳар бўйлаб оқиб ўтади.

«Интерфакс» агентлиги аниқлик киритишича, Эски шаҳар микрорайони Орск шаҳрининг Советский туманида, Урал дарёсининг чап қирғоғида, Ор дарёси қўшилишидан шарқда жойлашган. Унда асосан бир, икки ва уч қаватли уйлар (1930-йиллардаги) ва замонавий коттежлар қурилган.

Оренбург вилоятидаги уйларнинг сув босиши 

Маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, Оренбург вилоятида 2,5 мингдан ортиқ уй ва 6900 га яқин томорқа ерлари сув остида қолган. Қутқарувчилар офат ҳудудидан 4200 дан ортиқ кишини, жумладан 1019 нафар болани эвакуация қилди. Қайд этилишича, 427 нафар фуқаро, жумладан, 132 нафар бола вақтинчалик жойлаштириш марказларига олиб кетилган.

«Тошқин энг юқори чўққисига чиқди. Бир қатор ҳудудларда, айниқса Орскда тўғон ёрилиши туфайли вазият оғир», - дея Оренбург вилояти губернатори Денис Паслернинг сўзларидан иқтибос келтирилган хабарда.

Челябинск вилоятида сув тошқини 

5 апрел оқшомида Челябинск вилоятининг Нагайбак туманида расмийлар сув тошқинлари фонида Фершампенуаз туман марказини фавқулодда эвакуация қилиш ҳақида эълон берди. Бу ҳақда Ura.ru интернет-нашри минтақавий «Всходы» газетасига таяниб хабар қилмоқда. 

«5 апрел куни вилоятда фавқулодда ҳолат режими эълон қилинди. Кўприклардан бирини сел оқизиб кетган, Париж қишлоғида газ қувури шикастланган. Брединский ва Варна туманларида ҳам фавқулодда ҳолат жорий этилган», - дейилади маълумотда.

Мавзуга оид