Ўзбекистон | 11:13 / 06.04.2024
13774
4 дақиқада ўқилади

Тошкентда оғир ҳолатдаги беморлар учун ҳоспис қурилиши 5 йилга кечикяпти – онколог шаҳар ҳокимлигига мурожаат билан чиқди

Онколог шифокор Яҳё Зияев Фейсбук ижтимоий тармоғида Тошкент шаҳар ҳокимлигига мурожаат билан чиқди. Шифокор Тошкентда қуриб битказилиши 2019 йилга мўлжалланган ҳоспис қурилишининг ҳали ҳам тугамаганидан, шу сабаб оғир ҳолатдаги ёши катта беморларнинг аҳволини енгиллаштириш имкони бўлмаётганидан норози.

“Ўзбекистон учун минтақалараро хоспис 2019 йили қуриб битказилиши керак эди - 5 йилга кечикяпти! Тўғриси, бу мамлакатда ўзимнинг компетенциямдаги бирор нарсани яҳши томонга ўзгартириш мумкинлиги бўйича хафсалам пир бўлиб бормоқда. Э бор-эээ, менга керакми шу деган фикрга етиб келмоқдаман”, деб ёзади Яҳё Зияев.

Фото: Газета.uz

Унинг қайд этишича, 2023 йил ноябрь ойидаги Олий Мажлисда бўлиб ўтган учрашувда Тошкент шаҳар хокимлиги 2024 йил апрелга ишларни битиришга ваъда берган.

Мана, апрель келди. Қани ваъдага вафо? Бир ҳафта олдин боргандик Рустам билан (онколог шифокор Рустам Норбоев). Хеч нарса бошланмаган эди. Кейинги хафта душанба куни бошланади деб айтишди. Хай, майли, кечикиб қилиб беришса ҳам ютуғимизку деб негативга олмадим”, деб ёзади шифокор.

Шифокорнинг маълумот беришича, қурилиши кечикаётган ҳоспис навбатдаги қанақадир бино эмас, у Ўзбекистондаги барча хоспислар учун методологик марказ бўлиши керак.

Бу дегани бутун Ўзбекистондаги хаётини охирги дамларини ўтказаётган инсонларга қулайлик яратиш, азоб уқубатларига малҳам беришнинг алгоритм ва механизмлари ишлаб чиқилиб, амалга татбиқ қилинади.

Фото: Газета.uz

Бутунжаҳон хоспис ва паллиатив ёрдам ассоциацияси бошлиғи Стивен Коннор Ўзбекистонга май ойида келиши режалаштирилган. У билан хамкорликда Ўзбекистонда паллиатив ва хоспис ёрдамини ривожлантиришга қарор қабул қилганмиз. Музокараларни ноябрь ойидан олиб борганман. Барака топкур, йўқ инфраструктурага нимани ривожлантирамиз?

Гап ҳам қолмади, шунчаки ғазаб ва нафрат! Қарор қабул қилувчилар – оғриқ ва азобда ўлиш қанчалик қийинлигини тасаввур қиласизми? Бундай холатда хеч қандай ёрдам қила олмаслик, умидсизлик нималигини тушунасизми?” деб ёзади Яҳё Зияев.

Фото: Газета.uz

Маълумот учун: 2017 йилда қабул қилинган аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштиришга оид президент қарорида вилоят онкология муассасалари тузилмасида паллиатив ёрдам бериш бўйича бўлимлар, шунингдек, Тошкент, Фарғона, Самарқанд ва Урганч шаҳарларида тўртта минтақалараро хоспислар ташкил этилиши қайд этилган.

Gazeta.uz нашрининг ёзишича, дастлаб 2019 йилда Тошкент шаҳрида катталар учун ҳоспис очилиши режалаштирилган эди. Фуқаролар соғлиғини муҳофаза қилиш қўмитаси қароридан маълум бўлишича, қурилиш 35 миллиард сўмга баҳоланган. Лойиҳа қиймати Тошкент ҳокимлиги ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси, бош лойиҳачи «Lokomotiv Project» МЧЖ ва пудратчи «Comfort Engineering Group» МЧЖ ўртасида тузилган шартномада белгиланган.

Кечикишлар билан ҳоспис қурилиш ишларини 2024 йилнинг биринчи чорагида тугатишга ваъда берилган. Лекин бу муддат ҳам ўтиб кетди.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йилги давлат дастурига кўра, 2024 йилнинг охиригача Тошкент, Нукус шаҳарлари ва Ўзбекистоннинг барча вилоят марказларида талабдан келиб чиқиб, оғир гематологик, онкологик ва клиник иммунологик касалликлари бор беморларга паллиатив ёрдам кўрсатувчи камида битта ҳоспис ташкил этилиши белгиланган.

Мавзуга оид