Жамият | 12:43 / 08.04.2024
6665
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда йўл талашиб жанжаллашган ҳайдовчининг машинасидан психотроп дорилар топилди

Пойтахтнинг Яккасарой туманида йўл талашиб жанжаллашган ҳайдовчининг автомашинасида психотроп дори воситалари борлиги аниқланди.

Жорий йилнинг 23 март куни Тошкент шаҳар Яккасарой ва Сергели туманларини боғловчи янги қурилаётган кўприк ҳудудида жамоат тартибини сақлашга масъул Миллий гвардия ходимлари хизмат вазифасини бажараётган вақтда, соат 16:00 лар атрофида кўприк тагидаги кичик ҳалқа йўлида Spark ва Lacetti русумли автомашиналари ҳайдовчилари ўртасида йўл талашиш оқибатида келишмовчилик юзага келиб, жанжаллашаётганини кўриб қолган.

Миллий гвардия ходимлари ППХга хабар қилган ҳолда воқеа жойига етиб бориб фуқароларни тинчлантириш чораларини кўрган. Шу пайтда ППХ ходимларини узоқдан келаётганини кўрган Spark русумли автомашина ҳайдовчиси машинасининг олд қисмидан ўзига тегишли бўлган буюмларни олиб орқа юк хонасига жойлаштирган ҳолда воқеа жойидан кетишга ва яширинишга уринган.

Чақирувга асосан етиб келган ППХ ва Миллий гвардия ходимлари томонидан ушбу автомашина тўхтатилиб кўздан кечирилганда, автомашина орқа ўриндиғидан қора пакетга ўралган 10 дона “Зардех” ҳамда 10 та қутида “Регапен”, жами 154 дона оқ ва қизил рангли психотроп моддалари мавжудлиги аниқланган.

Яккасарой тумани ИИО ходимлари томонидан олиб борилган дастлабки суриштирув ишлари давомида Spark русумли автомашина ҳайдовчиси фуқаро Х.О. экани аниқланган. Ҳозирда ҳолат юзасидан суриштирув ишлари давом эттирилмоқда.

Мавзуга оид