«Ҳозироқ кетинг». Оренбург ва Россиянинг бошқа ҳудудларида сув тошқини туфайли нималар бўлмоқда?
5 апрел куни кечқурун Оренбург области Орск шаҳрида тўғон бузилди — шаҳарнинг чап соҳил қисмида минглаб уйларни сув босди, аҳоли эвакуацияси бошланди. Кейинги кун эса яна бир тўғон бузилиши оқибатида ўнг соҳилда ҳам сув тошқинлари юзага келди. Сув Оренбурггача етиб келган, Россиянинг бошқа ҳудудлари ҳам жабрланган — бу жойларда ҳам эвакуация ўтказилмоқда. BBC рус хизмати регионларда сув тошқини билан боғлиқ сўнгги маълумотларни жамлади.
Орскда икки тўғон бузилиши
Россия ФВВ аномал сув тошқинлари туфайли Россиянинг 39 регионида 10 мингдан ортиқ уйни сув босгани ҳақида маълум қилган. Аммо энг оғир вазият — Оренбург областида кузатилмоқда, бу ерда Орскдаги икки тўғон бузилган.
Орскдаги тўғон қурилиши 2010 йилда бошланган, объект 2014 йилда фойдаланишга топширилган. Тўғон шаҳарни айнан кучли сув тошқинларидан ҳимоялаш учун керак эди, бу ерда олдин ҳам уйлар сув остида қолганди. «Агентство» нашри аниқлик киритишича, тўғон қурилиши 910 миллион рублга тушган. Орскнинг ўша вақтдаги раҳбари Виктор Франц тўғон «бундан буён сув тошқинлари вақтида сув босиши хавфини бутунлай аритиши»ни маълум қилганди.
«Бу йилги сув тошқини — тўғон мустаҳкамлиги учун илк ва жиддий синовдир», — дея ёзганди шаҳарнинг ҳозирги мэри Василий Козупица тўғон бузилишидан икки кун олдин.
Кучли сув тошқини туфайли биринчи тўғон бузилиши 5 апрел куни кечқурун Урал дарёсининг чап соҳилида рўй берди — Орскнинг Эски шаҳар ҳудуди сув остида қолди. Тўғон бузилишигача ушбу ҳудуддан уч мингга яқин киши кўчирилганди, 6 апрел тонгига келиб яна 700 дан ортиқ киши хавфсиз ҳудудларга кўчирилди. Икки мингдан ортиқ уй сув остида қолганди. 6 апрел куни Орск мэри шаҳарни сув икки-уч ҳафтагача тарк этмаслигини маълум қилди.
Шанба куни Тергов қўмитаси Орскдаги тўғон қурилишида хавфсизлик қоидалари бузилиши ва ишга совуққонлик билан қараш моддалари бўйича жиноий иш очди. Маҳаллий прокуратура тўғон ёрилиши «гидротехник иншоотни белгиланган ҳолатда сақлашга қаратилган чора-тадбирлар ўз вақтида амалга оширилмагани» туфайли содир бўлганини билдирган.
Шаҳар расмийлари Урал дарёсида сув сатҳи тўғоннинг лойиҳавий даражасидан 4 метрга кўтарилганини маълум қилишган: тўғон дарёдаги сув сатҳи 5,5 метр бўлишига мўлжалланган, сув эса тошқин туфайли 9,6 метргача кўтарилган.
Орск аҳолиси вакиллари одамлар зудлик билан дўконлардаги ичимлик сувларини йиғиштириб кетганини айтишган, аммо расмийлар Орскда ичимлик суви муаммоси йўқлигини билдирган.
6 апрел куни кечқурун ҳам сув кўпайишда давом этди, шаҳар атрофидаги яна бир неча посёлкани сув босиши хавфи ҳақида хабарлар тарқалди. Биринчи тўғон бузилишидан қарийб бир кун ўтиб иккинчи тўғон ҳам бузилиб кетган. Бу сафар Урал дарёсининг ўнг соҳилини сув боса бошлаган — бундан Рабочий ва Никел посёлкалари жабрланган, зудлик билан аҳолини эвакуация қилиш ишлари бошланган.
Шундан кейин Владимир Путин ФВВ раҳбари Александр Куренковга тезда Оренбург областига етиб боришни буюрди.
Оренбург губернатори 6 апрел куни кечқурун сув тошқинларини ҳудуд тарихидаги энг кучлиси деб атади. «Биз табиий офат билан курашни давом эттирмоқдамиз. Сув қачондан пасая бошлаши икки-уч кун ўтганидан кейин маълум бўлади», — дея ёзган Денис Паслер.
Сув Оренбурггача етиб борди
ФВВ раҳбари Куренков 7 апрел тонгида Орскка учиб келди ва ҳудуддаги вазиятни оғир деб атади.
Бу вақтда сув Орскдан аллақачон Оренбургга қадар етиб келганди — шаҳар атрофидаги мингдан ортиқ ҳовлиларни сув босди. «Бир кун ичида Оренбург яқинидан ўтган Урал дарёсида сув яна 28 сантиметрга кўтарилди», — дея хабар берган шаҳар мэрияси. Оренбург мэри Сергей Салмин Урал бўйларида яшовчи одамлар ўз ихтиёри билан эвакуация бўлишини талаб этди.
Салминнинг сўзларига кўра, 7 апрел тонгида региондаги вазият оғирлигича қолаётганди: «Сув кўтарилмоқда ва яқин кунлар ичида фақат кўтарилади. Урал ва Сакмара ёқасидаги текисликларда яқин вақтлар ичида электр энергияси узилишлари давом этади. Агар шундай бўлса, зудлик билан эвакуация бўлиш керак».
ФВВ раҳбари Орскда 4,5 мингдан ортиқ турар жой ҳамда шунча томорқани сув босгани, бу ҳудудлардан 4 мингдан ортиқ киши эвакуация қилинганини маълум қилган.
Куренков Оренбургдаги тошқинни федерал характердаги фавқулодда ҳолат деб эълон қилган, регион ҳокимияти эса сув тошқини етказган зарарни 21 млрд рублга баҳолаган.
Аммо сув билан боғлиқ вазият ҳали яхшиланмаяпти. Росгидромет 8 апрел куни сув тошқини «хавфли нуқтага» етгани, пик 10 апрелга кутилаётганини маълум қилди. Оренбург шаҳри ва Оренбург райони ҳам сув тошқини ҳудудида қолган.
Расмийлар сув тошқини билан боғлиқ вазият барқарорлашини фақат апрелнинг иккинчи ярмида кутиш мумкинлигини айтишган.
«Ҳозироқ кетинг»
8 апрел кунигача Оренбург шаҳри расмийлари бир неча бор аҳолидан эвакуация бўлишни сўради ва буни сўрашда давом этмоқда, чунки региондаги вазият яхшиланмаяпти ва сув тошқини областнинг тобора кўпроқ ҳудудларини қамраб олмоқда.
7 апрел куни кечқурун Орскда яна бир дарё — Елшанка дарёси ўз қирғоқларидан тоша бошлади, деб хабар қилган шаҳар мэри. «Ҳурматли орскликлар, вазиятга масъулият билан ёндашинг, зарур буюмларингизни, ҳужжатларингизни олинг ва хавфсиз жойларга эвакуация бўлинг», — деганди ўшанда у.
8 апрел тонгида Оренбург областида 10 мингдан ортиқ турар жой ҳамда 18 мингдан ортиқ томорқа ерлари сув остида қолгани хабар қилинди.
Орскка ичимлик сув ва ноннинг қўшимча партиялари етказиб келина бошлаган. Орск билан қўшни Новотроицкда ҳам эвакуация бошланган. Бундан ташқари, ТАСС мухбири хабар беришича, Орскда навбатдаги тўғон бузилиши рўй берган — Лесоторговий посёлкаси ҳудудида. У ерда ҳам сув хусусий уйларга кира бошлаган.
Оренбург мэри Сергей Салмин шаҳардаги вазият ёмонлашгандан ёмонлашаётганини маълум қилган, унинг сўзларига кўра, сув тошқини яқин уч кун вақтида ўз чўққисига чиқади.
«Сув тунда келиши мумкин, сиз ўз ҳаётингизни, яқинларингизнинг ҳаётини хавф остида қолдирмоқдасиз! Тошиш ҳудудида бўлган ҳар бир киши ўз уйини тарк этиши шарт. Эвакуацияни ортга сурманг! Яқин икки кун ичида вазият янада ёмонлашади. Мутахассислар прогнозларига кўра, сув сатҳи хавфли даражадан ошиб кетади. Буни кутиб ўтирманг! Ҳозирнинг ўзида кетинг», — дея ёзган Салмин ва полиция ҳамда қутқарувчилар эвакуация чоғида талончилик ҳолатларига қарши курашиш учун сув босган ҳудудларда навбатчилик қилишини қўшимча қилган.
Бошқа регионлар
Бундай ҳолат фақатгина Оренбург областида кузатилаётгани йўқ — кучли сув тошқинлари бошқа регионларда ҳам эвакуацияга сабаб бўлмоқда.
Курган областида сув тошқинлари туфайли 500 дан ортиқ киши хавфсиз жойларга кўчирилган. 5 апрел куни регион раҳбари Вадим Шумков областдаги 50 дан ортиқ аҳоли яшаш манзиллари ҳамда ўнлаб боғдорчилик майдонлари тошқин ҳудудида қолиши мумкинлигини маълум қилганди. Курган областидаги сув тошқинлари Қозоғистондаги вазият билан ҳам боғлиқ, у ерда Акимат шаҳрида сув омборидан сув чиқариш ҳажми оширилган, деб хабар қилган губернатор. Регионда юқори шайли режими жорий этилган.
Самара областида ҳам эвакуация ўтказилмоқда — 800 дан ортиқ киши хавфсиз жойларга олиб кетилган. Регионда 300 дан ортиқ турар жойни сув босган. Бу ерда сув тошқини 4 апрел куни бошланганди. «Ҳаво ҳарорати кўтарилиши ва қор тезлик билан эриши натижасида Катта Иргиз дарёсида сув сатҳи кўтарилган, у ерда 316 та турар жой ҳамда томорқа сув остида қолган», — дейилади ФВВнинг ҳудудий бошқармаси хабарида.
Тюмен области ФВБ ҳам Тобол ва Ишим дарёларида сув сатҳи кўтарилиши оқибатида қатор районларда сув тошқинлари рўй бериши хавфидан огоҳлантирган. Росгидромет 20 апрелга бориб Ишим дарёсида сув сатҳи хавфли даражага чиқишини прогноз қилмоқда. ФВВ области аҳолисини сув уйларига кириб келишини кутмасдан, ҳудудни тарк этишга чақирган. Ишим шаҳри ва шу номли дарё бўйидаги посёлкалар асосий хавф зонасида. Регионда фавқулодда ҳолат режими жорий этилган.
Мавзуга оид
20:51 / 03.11.2024
Испания қироли ва қироличаси Валенсияда лойбўрон қилинди
15:59 / 03.11.2024
Испанияда асрнинг энг вайронкор тошқини. Тўрт кун ўтиб яна нималар маълум?
17:54 / 31.10.2024
Испаниядаги сув тошқини оқибатлари — фотосуратлар
16:20 / 30.10.2024