Ўзбекистон | 18:58 / 09.04.2024
8371
3 дақиқада ўқилади
Реклама

Навоий кон-металлургия комбинати: Транспорт соҳаси янги тараққиёт босқичида

Навоий кон-металлургия комбинатида қимматбаҳо металлар ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга қаратилган аниқ чора-тадбирлар амалга оширилаётганлиги натижасида жаҳон олтин ишлаб чиқарувчи компаниялари орасида юқори ўринларни забт этмоқда. Корхона маъдан қазиб олишдан  тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган ягона тизимни мужассам этган саноат кластеридир. Бу, ерости бойликларини муваффақиятли ўзлаштириш, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш имконини яратмоқда.

Фото: “НКМК” АЖ Матбуот хизмати

Бу ютуқларда 10 минг нафарга яқин ишчи-хизматчи меҳнат қилаётган,  4 мингдан зиёд замонавий кон техникаларига эга транспорт соҳаси алоҳида ўрин эгаллайди. Маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва таннархини камайтириш мақсадида, замонавий кон техникалари харид қилиниб, иш унумдорлиги оширилмоқда. 

Жорий йилда корхонага юк кўтариш қуввати 254 тонна бўлган 10 та “Komatsu 860E-1K” русумли оғир юк ташувчи автоағдаргичлар олиб келиниши режалаштирилган эди. Ҳозирга қадар 4 таси олиб келиниб, улардан биринчиси мутахассисларимиз томонидан Марказий кон бошқармасининг Автомобил транспорти бошқармасида йиғилди, - дейди “НКМК” АЖ Автомобил транспорти бўлими бошлиғи Машраб Исроилов. -  “Мурунтов” конида иш бошлаётган мазкур автоағдаргич Марказий Осиёда фойдаланишга топширилган шу русумдаги илк кончилик техникасидир. Бу, нафақат комбинатимиз, балки Ўзбекистон Республикаси тоғ-кон саноатида ҳам янги саҳифа очилаётганидан далолат беради.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, мазкур кон техникалари юк сиғими, вақтни тежаш, иш унумдорлиги, маблағларни иқтисод қилиш, ҳайдовчига яратилган шароитлар бўйича афзаллик ва қулайликларга эга.

Кўп йиллик фаолиятим давомида турли русумдаги кон техникаларини бошқарганман. Лекин улар орасида “Komatsu 860E-1K” русумли автоағдаргич умуман бошқача экан. Бу техника воситаси замонавий,  люкс кабинали, бошқарув тўлиқ рақамлаштирилган, барча қулайликлар яратилган. Фақат асраб-авайлаб, маҳорат билан бошқариб, ишлаш керак, - дейди автоағдаргич ҳайдовчиси Зоҳиджон Элмуродов. Унинг иш унумдорлиги конда мавжуд автоағдаргичларга нисбатан 15 фоизга ортиқ бўлиб, ёқилғини 5 фоизгача тежаш, сарф-харажатларни қисқартириш имконига эга. Агар автоағдаргичда носозликлар пайдо бўлса, улар автоматик равишда аниқланади ва махсус экранда намоён бўлади. Шунингдек, автоағдаргичнинг атроф-муҳитга зарарли таъсири нисбатан кам.

Бугун комбинат барча соҳаларда илгарилаб бормоқда. Ишлаб чиқариш суръатини янада оширишда юқори иқтисодий самарадорликка эга замонавий кон техникалари алоҳида аҳамиятга эга. Шу боис, бу борада жаҳоннинг энг замонавий кончилик техника воситаларини ишлаб чиқарадиган етакчи компаниялари билан  ҳамкорликни янада кенгайтириш мўлжалланмоқда.

Мавзуга оид