Жамият | 12:22 / 09.04.2024
17588
11 дақиқада ўқилади

“Сония фарқ қилганда ҳаётимиздан айрилардик” – машинани тез бошқариб ўлимдан қолган ҳайдовчи ҳикояси

“Тракторчи даҳшатдан қотиб қолган, ўша ҳолатда нима қилишини билмай қолган эди. Nexia жуда катта тезликда сурилиб борди ва тракторнинг орқа катта ғилдирагига урилди. Зарба шунчалик кучли бўлдики, яхши дам урилган ғилдирак машинани орқага қайтариб 10 метрча жойга ирғитиб юборди. Nexia ағдарилиб кетди”.

«Ҳаётий ҳикоялар» туркумидан бериб борилаётган ҳикояларнинг навбатдаги қаҳрамони бир пайтлар машинани жуда тез бошқариш оқибатида “авария”га учраб бир ўлимдан қолган инсон.

“Бир пайтлар машинам йўқлигида йўлларда “авария”ларга кўзим тушар ёки танишларимнинг бошига шу кун тушгани ҳақида эшитардим. Ўшанда бундай ҳодисаларга парво қилмасдим.

Биргина хато нафақат ҳайдовчининг, балки йўловчиларнинг, пиёдаларнинг ҳаётига зомин бўлишини ўйламасдим. Қачонки, ўзим “авария” содир этиб, бир ўлимдан қолганимдан сўнг кўзим очилди. Ўшандан кейин машинани эҳтиёт бўлиб бошқара бошладим.

Бугун яхши эслайман, 2000-йиллар бошлари, иқтисодий қийинчилик ҳукм сурган йиллар эди. Энди савдо билан шуғуллана бошлаганман, қозоғистонлик мижозларга қуруқ мева жўнатаман. Ишларим яхши бўлиб қўлим пул кўргач Nexia сотиб олишга қарор қилдим.

Ўша пайтда Асакадаги автозавод ишга тушган, у ерда Tico, Damas ва Nexia ишлаб чиқариларди. Одамларда унча пул йўқлиги учун ҳар учала машина автосалонларда турар, уларнинг пулини тўлаган заҳоти миниб чиқиб кетиш мумкин эди.

Tico ва Damas нархи бозор курси бўйича (у пайтларда Марказий банк ва бозор курси 2-3 баробар фарқ қиларди) 2 минг доллардан сал баланд, Nexia эса 3,5-4 минг доллар баҳоланса ҳам одамларда пул йўқ, кўпчилик олиб мина олмасди.

Тошкентга бориб автосалондан Nexia’нинг люкс вариантини сотиб олдим. Сўнг бир неча кун уни шаҳар кўчаларида миниб юрдим.

Авваллари “Уловнинг шайтони ёмон бўлади” дейишса ҳайрон бўлардим. Тошкентда машина миниб юриб шунга ўзим амин бўлдим. Мақтаниш учун Nexia’ни миниб ҳамма танишларникига бирма-бир бордим.

Шунингдек, машина бошқарувига ўтирганимда ичимда кимдир “газини бос” дерди. Янги Nexia билан Тошкентда бир ҳафтача юрган бўлсам жуда кўп марта қоидаларни буздим.

У пайтларда йўлларда, шаҳар кўчаларида қоидабузарликларни қайд этадиган камералар йўқ, ЙПХ ходимларининг сони кам, шу учун биров нима қиляпсан демасди.

Тез юриб бир неча марта бошқа машиналар билан тўқнашиб кетишимга оз қолди. Омадми, тақдирми билмадим, ҳар ҳолда Худо мени кўнгилсиз ҳодисалардан асради. Бироқ шунда ҳам ақлимни йиғмадим.

Янги машинани 10 кун ичида рўйхатдан ўтказишим, унга давлат рақами олишим кераклиги учун ўзим яшайдиган вилоятга қараб отландим. Шунда бир ҳамқишлоғим “қизим билан мени ҳам олиб кет” деб қолди, уларни миндириб йўлга тушдим.

Шаҳардан чиқиб Тошкент-Термиз йўлига тушиб олгач Nexia’ни жуда катта тезликда бошқара бошладим. Максимал тезлик соатига 100 км бўлган жойларда ҳам, аҳоли пунктларида ҳам спидометр соатига 130-140 км тезликда кетаётганимизни кўрсатиб турарди.

Ёнимда ўтириб кетаётган ҳамқишлоғим бир неча марта секинроқ юришимни сўради. Бироқ ўша пайтда унинг гаплари қулоғимга кирмас ва машина тезлигини баттар оширардим.

Шунда у бир неча марта “Ука, уловнинг шайтони бўлади. Бос, бос деб кетаверади. Шундан эҳтиёт бўл. Ҳар-ҳар замонда “Қувилган шайтоннинг ёмонлигидан Аллоҳдан паноҳ сўрайман деб такрорлаб қўявер”, деди.

Аввалига унинг бу гапларига эътибор бермадим. Бир неча бор такрорлайвергач ҳамқишлоғимнинг “насиҳати” ғашимга тега бошлади. Ўзида машина йўқ, мени кўра олмаяпти шекилли деб ўйлай бошладим ва тезликни пасайтирмадим.

Чиноздан ўтиб, Тошкент вилоятидан чиқдик ва Сирдарё вилоятига кирдик. У пайтларда М-39 йўлининг Қозоғистон ҳудудидан ўтган қисми очиқ эди, бир зумда у ердан ҳам ўтиб олдик.

Ҳайдовчилар тилида “17-пост” (совет даврида бу ерда 17-совхоз бўлгани учун у шундай ном олган) деб аталадиган ЙПХ масканидан ўтганимиздан сўнг Жиззахгача аҳоли пункти қарийб йўқ эди.

Энди машинани бемалол тез ҳайдайверса бўлади, ҳеч нарса хавф солмайди деб газ педалини янада қаттиқроқ босдим. Гапларини инобатга олмаганимдан сўнг ҳамроҳим индамай қўйди. Лекин кўринишидан жуда қаттиқ хавотирланиб кетаётгани билиниб турарди.

Инсон бир зумдан кейин нима бўлишини билмайди, хавф йўқ деб адашган эканман. Ёмон кўргилик мени айнан Жиззахгача бўлган йўлда кутаётган экан.

Тез кетиб борар эканмиз олдинда, йўлнинг ўнг томонида иккита тиркама тақиб олган трактор кўринди. У ўз йўлидан кетяпти, менинг йўлим очиқ-ку деб тезликни пасайтирмадим.

Тракторга етиб олишимизга қанча қолгани эсимда йўқ, анча яқинлашиб қолгандик бирданига у йўлнинг чап томонига қараб бурилди. Ўша ерда қайрилиб олиш жойи бор эди.

Демак трактор иккита тиркама билан чап йўлакдан бориб бурила олмаслигини билиб ўнг йўлакдан қайриляпти. Лекин ортга бир қараб қўймайдими?

Жон ҳолатда тормозни босдим. Ҳамроҳим икки қўллаб эшик тепасидаги тутқични ушлаб олди ва қизига “тутқични маҳкам ушла” деб бақирди.

Машина янгилиги учун тормози яхши ушлади. Бироқ Nexia’нинг оғирлиги уни суриб кетди. Трактор секин ҳаракатланиб рўпарамизга чиққан, тиркамалари ҳали ўнг томондан энди қайрила бошлаган эди.

Ўша ҳолда борсак аниқ тиркама остига кириб кетардик ва биронтамиз соғ қолмасдик. Тракторга яқинлашганимизда тракторчининг юзига кўзим тушди. У даҳшатдан қотиб қолган, ўша ҳолатда нима қилишини билмай қолган эди.

Nexia жуда катта тезликда сурилиб борди ва тракторнинг орқа катта ғилдирагига урилди. Зарба шунчалик кучли бўлдики, яхши дам урилган ғилдирак машинани орқага қайтариб 10 метрча жойга ирғитиб юборди. Nexia ағдарилиб кетди.

Агар тракторга бир неча сония кеч етиб борганимизда унинг ғилдирагига урилмасдик, аниқ тиркама остига кириб кетардик. Шу жойда уч кишининг ҳаётини бир неча сониялар ҳал қилди. Худога айтганимиз бор экан, жонимиз омон қолди.

Дарҳол ўткинчи машиналар тўхтай бошлади. Бизни Nexia ичидан суғуриб олишди. Ўшанда Худо бизга раҳм қилди шекилли, учаламиз ҳам жиддий жароҳат олмаган эдик.

Трактор ва тракторчига эса ҳеч нарса қилмаган, у ҳам бошқа ҳайдовчилар каби бизга ёрдам беришга уринарди. Кўп ўтмай ЙПХ ходимлари етиб келишди ва ҳодиса тафсилотлари юзасидан ёзув-чизув қилишди. Уларга бўлган ҳодисани айтиб бердим.

Ҳужжатларда мени тез ҳаракатланганим қайд этилмади. Аварияга тракторнинг иккинчи қатордан кескин қайрилгани сабаб бўлгани ёзилди. Трактор ва машинани жарима майдонига олиб кетишди.

Ҳамроҳим ва қизини ўткинчи машиналардан бири олиб кетди. Мен эса ҳужжатлар билан боғлиқ иш ва ЙПХ ходимларининг суриштируви туфайли қолдим.

Ўшанда ҳамқишлоғимга авария ҳақида ҳеч кимга индамасликни илтимос қилдим. Қаранг, бир ўлимдан қолдим, шунда ҳам кибр мени тарк этмаган ва хаёлимда “Авария қилганимни эшитишса одамлар нима деб ўйлайди?” деган фикр айланарди.

Охир-оқибат аварияга трактор ҳайдовчиси айбдор деб топилди. Унга менга етказилган зарарни қоплаш юклатилди. Лекин тракторчида умуман пул йўқ экан, даъвомдан кечдим.

Ҳали ҳам эсимдан чиқмайди, авария содир бўлар экан, бир зумда бутун ҳаётим кўз олдимдан ўтди. Ҳамроҳларимда қандай кечинмалар бўлгани менга қоронғи.

Кейинчалик ўша куни ёнимда бўлган ҳамқишлоғим шундай деди:

“Ўшанда сизни кибр бутунлай эгаллаб олганини, мен зўр ҳайдовчиман, машинам зўр юради деган ўйда бўлганингизни кўрдим. Бир неча марта гапирдим, бироқ ўша пайтда сизга насиҳат кор қилмасди. Ўша куни сездингизми йўқми, сизга насиҳатим кор қилмагач ичимда тинмай калима қайтариб турдим. Агар ўшанда ёнимда қизим бўлмаса ярим йўлда машинадан тушиб қолардим. Қизим билан йўлда сарсон бўлмайлик деб бундай қилмадим. Бироқ барибир қишлоққача сизнинг машинангизда кетиш тақдиримга ёзилмаган экан, бошқа транспорт билан етиб олдик”.

Бари расмиятчиликлар тугагач машинани бирёқлик қилиш ҳаракатига тушдим. Унинг кузови пачақланиб кетганди. Сирдарёлик усталарга айтсам жуда арзон нархлашди.

Шундан сўнг ўзимнинг вилоятимдан таниш усталарни чақирдим. Нархини келишдик, улар пулларни бериб машинани ортиб кетишди. Мен эса Тошкентга қараб жўнадим.

Авария ҳақида ҳеч ким, ҳатто ота-онам ҳам билишини хоҳламаётгандим. Шу сабабли уйга янги машина миниб боришим керак деб ўйладим. Тошкентдан яна янги Nexia харид қилиб дарҳол уйга жўнадим. Бу сафар анча эҳтиёт бўлиб юрдим.

Ҳамроҳим ваъда берганига қарамасдан қишлоққа бориб авария ҳақида кимларгадир гапирибди ва ҳодиса ҳақида ҳамма эшитибди. Бир томони одамларнинг гап-сўзи, иккинчи томондан отамнинг саволларига нима деб жавоб беришни ўйлардим.

Отам янги машинада борганимни кўриб ошиқча савол бермади. Чунки ҳаммасини билиб турарди. Ўшанда у анча насиҳат қилди:

“Ўғлим, машина ўз оти билан техника. У исталган пайтда панд бериши мумкин. Машинада ҳис қилиш, сезиш, фикрлаш, хулоса чиқариш деган хислатлар йўқ. Буларнинг барчаси уни бошқарувчи одамда бор. Демак, йўлларда хавфсиз юриш ҳам инсоннинг ўзига боғлиқ. Яна бир гап, қадимда ҳам яхши уловга эга бўлган одамларнинг айримлари кибрга берилишган. Ҳозир ҳам шундай. Ота-бобоси эшак аравадан бошқа улов кўрмаганлар машина олгач осмонга учгиси келяпти. Сен ҳам ўшалардан бўлма. Камтарроқ бўлавер”.

Бир томондан даҳшатли авария асоратлари, иккинчи томондан отамнинг гаплари менга қаттиқ таъсир қилди. Бошимдан ўтган ҳодисадан тўғри хулоса чиқардим.

Ўшандан кейин ҳатто шошилсам ҳам тез юрмайдиган бўлдим. Кейинчалик пулим кўпайиб қиммат машиналар миндим, бироқ зинҳор кибрга берилмадим.

Айтишади-ку, ҳаётнинг ўзи энг яхши устоз деб. Менга ҳам ҳаётнинг ўзи дарс берди. Ўшанда ўзим ва ҳамроҳларим тирик қолганимиз учун ҳанузгача Аллоҳга ҳамд айтаман, шукр қиламан.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид