Жаҳон | 16:01 / 10.04.2024
7649
3 дақиқада ўқилади

Лилия Чанишеванинг жазо муддати 9,5 йилгача оширилди

Суд Навалнийнинг Уфадаги штаби собиқ раҳбарининг жазо муддатини икки йилга оширди. 2023 йилнинг ёзида Чанишева етти ярим йилга озодликдан маҳрум этилди.

Фото: РИА Новости

Бошқирдистон Олий суди «экстремистик» фаолиятда айбланаётган Алексей Навалнийнинг Уфадаги штаби собиқ раҳбари Лилия Чанишевага нисбатан жазони кучайтирди. 9 апрел, сешанба куни Коррупцияга қарши курашиш жамғармаси (ФБК) директори Иван Ждановнинг маълум қилишича, умумий режимдаги колониядаги жазо муддати етти ярим йилдан тўққиз ярим йилгача оширилган.

Иш бўйича иккинчи айбланувчи, уфалик фаол Рустем Мулюковга нисбатан чиқарилган ҳукм ўзгаришсиз қолдирилди – икки ярим йиллик қамоқ жазоси, деб ёзади SotaVision. Суд мажлиси ёпиқ эшиклар ортида ўтди.

Прокуратура март ойи бошида Чанишевага нисбатан жазони кучайтиришни талаб қилган. Прокурорлар аввалги ҳукмни жуда енгил деб ҳисоблаб, уни 10 йилга озодликдан маҳрум этишни сўраган. Шу билан бирга, «экстремистик фаолиятга оммавий чақириқлар»да айбланган Мулюковнинг иши янги суд муҳокамасига юборилди. 

Лилия Чанишеванинг иши 

2023 йил июн ойида Лилия Чанишева Уфанинг Киров туман суди томонидан «экстремистик ҳамжамият яратиш», «экстремизмга даъват қилиш», шунингдек, «шахс ва фуқароларнинг эркинликларига тажовуз қилувчи ННТ тузиш» айбловлари билан 7,5 йилга озодликдан маҳрум этилган эди. Прокурор Чанишевани 12 йилга озодликдан маҳрум қилишни сўради. 

Ёпиқ суд мажлисида сўнгги сўз билан чиқиш қилган Чанишева ўзининг жиноий ишини сиёсий деб атади ҳамда уни Россия президенти Владимир Путин ва Бошқирдистон раҳбари Радий Хабиров томонидан таъқиб қилиниши билан боғлади. «Улар узоқ вақтдан бери ҳар қандай норозиликни йўқ қилишни, одамлар ва ҳукумат ўртасида душманлик муҳитини яратмоқчи бўлганидан ягона мақсад - 2024 йилда ҳокимиятни сақлаб қолиш. Лекин улар - коррупция, паст маош ва пенсиялар, пасайиб бораётган иқтисодиёт ва кўтарилган нархлар. Улар - уруш», деди у. 

2017-2021 йилларда Алексей Навалнийнинг Уфа штабини бошқарган Чанишева 2021 йилнинг кузида Навалний ва унинг шерикларига қарши қўзғатилган «экстремистик» жамоа тузиш бўйича жиноий ишда биринчи бўлиб ушланган эди. У 2021 йил ноябр ойида ҳибсга олинган ва Россия Федерацияси Жиноят кодексининг учта моддаси билан айбланган. 

Мавзуга оид