Жаҳон | 18:26 / 10.04.2024
19493
2 дақиқада ўқилади

Метеорологлар кетма-кет ўнинчи ой глобал ҳарорат рекордини қайд этди

2024 йилнинг март ойи Ер юзида кузатувлар давридаги (1991 йилдан бошлаб) энг иссиқ март бўлди. Ойлик ҳарорат рекордлари сурункасига 10 ойдан бери янгиланяпти.

2024 йил март ойи бутун дунё бўйлаб кузатувлар тарихидаги энг иссиқ март бўлди. Метеорологлар кетма-кет ўнинчи ой ҳарорат рекордини қайд этмоқда. Бу ҳақда Copernicus Европа иқлим хизмати хабар берди.

Қайд қилинишича, март ойида сайёра юзасида ўртача ҳарорат Цельсий бўйича 14,14 даражани ташкил этган — бу 1991 йилдан 2020 йилгача бўлган март ойларидаги ўртача кўрсаткичдан 0,73 даражага юқори. Бундан ташқари, бу 2016 йил март ойи, яъни аввалги рекорд қайд этилган даврга нисбатан ҳам 0,1 даражага кўп.

Охирги 12 ой давомидаги (2023 йил апрелидан 2024 йилнинг мартигача) глобал ўртача ҳарорат ҳам тарихдаги энг юқори кўрсаткичга чиқди. Ҳарорат 1850−1900 йиллардаги саноатгача бўлган даврга нисбатан 1,58 даража юқори бўлди.

«2024 йил март ойида ҳаво ва денгиз юзаси ҳарорати бўйича қатор иқлим рекордлари кузатилмоқда… Ҳаво исиб боришини тўхтатиш учун иссиқхона газларининг эмиссиясини тез суръатда камайтириш зарур», деди Copernicus директори ўринбосари Саманта Бёржес.

Европадан ташқари Шимолий Америка, Гренландия, Шарқий Россия, Марказий Америка, Жанубий Американинг бир қисми, Африканинг кўп қисмлари, Австралиянинг жануби ва Антарктиданинг айрим қисмларида ўртачадан юқори ҳарорат қайд этилган.

Мавзуга оид