Жаҳон | 19:39 / 11.04.2024
6320
2 дақиқада ўқилади

Ҳакерлар юзга яқин мамлакатда iPhone фойдаланувчиларига ҳужум қилди

Улар жосуслик дастурлари ёрдамида мақсадли ҳужум қилишни бошлагани таъкидланмоқда.

Фото: Reuters

92 мамлакатдаги iPhone фойдаланувчилари Apple компаниясидан ҳакерлик ҳужумлари таҳдиди ҳақида билдиришнома олди. Бу ҳақда Reuters ёзди.

Смартфон эгаларига юборилган билдиришномада айтилишича, Apple жосусларнинг мақсадли дастурий ҳужумини аниқлаган. Ҳужумчилар маълум смартфонларни масофадан туриб бузишга ҳаракат қилган. Ҳужумнинг мақсади тасодифий фойдаланувчилар эмас, балки уларнинг фаолиятига қараб маълум одамлар бўлган, деб таъкидламоқда Apple.

Ҳиндистонлик фойдаланувчилар айнан шундай огоҳлантириш олгани аниқ. Бошқа давлатлар рўйхати ошкор этилмаган. Вазият ўзбекистонлик iPhone эгаларига ҳам таъсир кўрсатгани ҳақида маълумот йўқ.

Apple веб-сайтида қайд этилишича, 2021 йилдан буён 150 дан ортиқ мамлакат фойдаланувчилари шунга ўхшаш билдиришнома олган. Жосуслик дастурлари таҳдиди журналистлар, фаоллар, сиёсатчилар ва дипломатларга қаратилгани таъкидланмоқда. Ўз навбатида ҳужум кимлар ёки қайси давлат вакиллари томонидан уюштирилганига ойдинлик киритилмаган.

«Apple ҳужумлар ёки тегишли таҳдидлар ҳақида билдиришномаларни бирор бир аниқ тажовузкорлар ёки географик ҳудудлар билан боғламайди», деб таъкидламоқда компания.

Apple фойдаланувчиларни жосуслик ҳужуми ҳақида бир неча усул билан огоҳлантиришини қўшимча қилди. Билдиришнома электрон почта ва iMessage орқали юборилади ва Apple ID аккаунтга кирган пайтда саҳифанинг юқори қисмида ҳам кўрсатилади.

Қурилмаларни ҳимоя қилиш учун фойдаланувчилар қулфлаш режимини ёқиши мумкин. Шунингдек, мутахассислардан ёрдам сўраш тавсия этилади. Вазиятнинг олдини олиш учун тизимнинг максимал хавфсизлигини таъминлаш, мураккаб пароллар ва икки факторли аутентификациядан фойдаланиш, шу билан бирга iOS тизимини мунтазам янгилаб туриш керак.

Мавзуга оид