Жаҳон | 09:34 / 12.04.2024
8726
4 дақиқада ўқилади

АҚШ Хитой ва Туркиядан Эронни вазиятни кескинлаштирмасликка кўндиришни сўради

Вашингтон Дамашқдаги Эрон консуллигига ҳужумга Теҳроннинг эҳтимолий жавоби Яқин Шарқда можаро кучайишига олиб келишидан хавотирда.

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Хитой, Туркия ва Саудия Арабистони ташқи ишлар вазирлари билан телефон орқали суҳбатда уларни Эронни Яқин Шарқдаги можарони авж олдиришдан тийилиш зарурлигига ишонтиришга чақирди. Бу ҳақда 11 апрел, пайшанба куни журналистларга Давлат департаменти матбуот хизмати раҳбари Мэттю Миллер маълум қилди. У Эроннинг Дамашқдаги консуллигига қилинган ҳужумга эҳтимолий жавоби туфайли минтақадаги вазият кескинлашиши «ҳеч кимнинг манфаатига тўғри келмаслигини» таъкидлади ва бу муаммони ҳал қилиш учун Вашингтон дипломатик каналлар ва европалик ҳамкорлар билан ўзаро ҳамкорлик қилишини қўшимча қилди.

Дамашқдаги Эрон консуллигига ҳаво ҳужуми 

1 апрел куни Сурия пойтахти Дамашқдаги Эрон консуллиги яқинида амалга оширилган ҳаво ҳужумида 16 киши ҳалок бўлди. Улар орасида Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг икки генерали Муҳаммад Ризо Зоҳидий ва Муҳаммад Ҳоди Хожа Раҳимий ҳам бор. Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён Теҳрон зарба учун Исроилни жавобгар деб ҳисоблашини билдириб, воқеани «барча халқаро конвенцияларни бузиш» деб атади. 

7 апрел куни Уммонга ташрифи чоғида Эрон ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Вашингтонга мактуб йўллаб, унда консулликка қилинган ҳужумга жавоб муқаррарлигини таъкидлади. Унинг маълум қилишича, Теҳрон бунга «минтақавий воситачилар»ни жалб қилишни режалаштирмоқда, шу билан бирга, жавоб чоралари «назорат қилинади» ва минтақада кескинлашувга олиб келмайди.

Ўз навбатида, Исроил ташқи ишлар вазири Исраэл Кац 10 апрел куни Эрон Исроилга ўз ҳудудидан ҳужум қилса, ЦАҲАЛ Эрон ҳудудига зарбалар билан жавоб беришини айтди. Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу 11 апрел куни ҳужум қаердан бўлишидан қатъи назар, у жавобсиз қолмаслиги ҳақида огоҳлантирди.

Аввалроқ Blomberg АҚШ ва унинг иттифоқчилари Эроннинг Исроилга қарши жавоб зарбасини муқаррар деб ҳисоблаётгани ҳақида хабар берган эди. Агентлик маълумотларига кўра, яқин кунларда аниқ бошқариладиган ракеталар ёрдамида эҳтимолий ҳужум содир бўлиши мумкин. 

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 33 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид