Жаҳон | 18:51 / 12.04.2024
3857
2 дақиқада ўқилади

МДҲ ТИВ раҳбарлари журналистларнинг хавфсиз фаолиятини таъминлаш бўйича баёнот қабул қилди 

Бундан ташқари, ҳарбий хавфсизликни таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизими учун кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш соҳасидаги тадқиқотлар бўйича МДҲ асосий ташкилотлари тўғрисида баёнот қабул қилинди. 

Фото: ТАСС

Минскда бўлиб ўтаётган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) Ташқи ишлар вазирлари (ТИВ) кенгаши йиғилиши иштирокчилари журналистларнинг касбий фаолияти учун хавфсиз шароитларни таъминлаш ва уларнинг ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш бўйича қўшма баёнотни қабул қилди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди. 

Шунингдек, Озарбойжон, Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон дипломатик идоралари раҳбарлари ва вакиллари Озарбойжоннинг Ганжа шаҳрини 2025 йилда, Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрини эса 2026 йилда МДҲ спорт пойтахти деб эълон қилиш тўғрисида баёнот қабул қилди. 

Бундан ташқари, ҳарбий хавфсизликни таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизими учун кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш соҳасидаги тадқиқотлар бўйича МДҲ асосий ташкилотлари тўғрисида баёнот қабул қилинди. 

Ташқи сиёсат идоралари вакиллари МДҲ доирасида ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги кўп даражали маслаҳатлашувлар режаси ва ташқи сиёсат идоралари ўртасидаги шериклик алоқаларини фаоллаштириш бўйича ҳаракатлар дастури амалга оширилишини маълум қилди. 

Шу билан бирга, МДҲга БМТ Бош Ассамблеясида кузатувчи мақоми берилганининг 30 йиллиги муносабати билан ҳам баёнот қабул қилинди. 

Ташқи ишлар вазирликлари вакиллари Ҳамдўстлик давлатлари раҳбарларининг кўриб чиқиши учун «1941-1945 йиллардаги Улуғ Ватан урушидаги Ғалабанинг 80 йиллиги» ягона юбилей медалини таъсис этиш тўғрисидаги қарорни ва МДҲга аъзо давлатларга юборилган делегацияларнинг ҳуқуқий мақоми тўғрисидаги Конвенция лойиҳасини маъқулладилар. 

Мавзуга оид