Спорт | 18:01 / 13.04.2024
60080
2 дақиқада ўқилади

Баҳодир Жалолов 18 та нокаутли боксчига қарши жанг қилишдан бош тортди

Ўзбекистонлик боксчи бетоблиги туфайли баҳсдан воз кечганини маълум қилди.

Фото: Миллий олимпия қўмитаси

Оғир вазн тоифасида Олимпия ўйинлари чемпиони, ўзбекистонлик Баҳодир Жалолов (14-0, 14 КО) ва хорватиялик Агроном Смакичи (20-2, 18 КО) ўртасидаги жанг ўтказилмайди. Бу ҳақда Vesti.kz хабар берди.

Жалолов ва Смакичи ўртасидаги жанг 14 апрел куни Тошкентдаги «Ҳумо Арена»да IBA Champions Night туркумидаги бокс оқшоми доирасида бўлиб ўтиши керак эди. Бироқ Баҳодир бетоблигини айтиб, унда иштирок этишдан бош тортди.

«Афсуски, Бокудаги халқаро турнирда иштирок этаётиб, шамоллаб қолдим ва касалликдан азият чекдим. Ҳозир даволанмоқдаман. Шу боис, аҳволимни оғирлаштирмаслик учун жамоамиз жангни ўтказишдан бош тортишга қарор қилди. Умид қиламанки, тўғри тушунасиз», деб боксчи сўзларини келтирди Vesti.kz.

Шу билан бирга, Смакичи карддаги ўрнини сақлаб қолди - энди у профессионал фаолиятини бошлаган ўзбекистонлик яна бир боксчи Жаҳонгир Зокиров (1:0, 1 КО) билан баҳслашади.

Эслатиб ўтамиз, Тошкентдаги бокс оқшомида WBA йўналиши бўйича минимал вазн тоифасидаги биринчи рақамли боксчи Ҳасанбой Дўсматов (6-0, 5 КО) испаниялик Самуэл Кармонага (11-1, 4 КО) қарши рингга кўтарилади.

Мавзуга оид