Жаҳон | 13:27 / 13.04.2024
9683
2 дақиқада ўқилади

Беларуслар немис поездидан 40 та милтиқни ўғирлаб кетди

Беларуслик жиноятчилар Қуйи Саксонияда поезддан милтиқ солинган қутиларни ўғирлаб кетди, деб ёзади Bild газетаси. Улар даркнетда қурол сотиш ниятида бўлган, аммо режалари немис полицияси томонидан фош этилди.

Фото: Bild

Беларуслик жиноятчилар Германияда юк поездидан 40 дона НАТО типидаги автоматларни ўғирлаб кетган ва уларни даркнетда сотиш ниятида бўлган. Бу ҳақда Bild газетаси 12 апрел, жума куни хабар берди. Нашр маълум қилишича, Хитойда ишлаб чиқарилган милтиқлар денгиз орқали Ҳамбург портига етказилган ва у ерда 16 март куни Бавариядаги қурол-яроғ омборига кетаётган юк поездига ортилган. 

Беларусдан махсус келган жиноятчилар Қуйи Саксония федерал ерида поезд қоровулсиз турган пайтни аниқлаб, қоронғи вақтда ташқи кўринишидан Американинг М16 қуролига ўхшаган ярим автоматик милтиқлар ўрнатилган қутиларни олиб чиқиб кетган. Улар ўлжаларини поездлар тўхташ жойи яқинидаги ерга кўмиб қўйган, деб ёзади Bild. 

Полиция ити яширилган қуролларни топди

Аммо махсус ўқитилган федерал полиция ити жиноят жойи яқинида ўғрилар ташлаб кетган қуролларни ҳидидан аниқлай олди. Милтиқ қутилари топилди, аммо бу вақтга келиб жиноятчилар ғойиб бўлди - улар ўлжани даркнетда сотиш учун жиноят содир этилганидан сўнг дарҳол Германияни тарк этиб, милтиқлар ҳали ҳам кўмилган жойда ётганига ишонган.

Бироқ полиция жиноятчиларни ортда қолдира олди. Улар бўш қутиларни яна кўмиб қўйди ва бир неча ҳафтадан сўнг ўғрилар қуролларни олиш учун қайтиб келганида қўлга олинди. 30 ва 45 ёшли икки беларуслик ушланган. Улар тергов изоляторига жойлаштирилди, бироқ кўрсатма беришдан бош тортди. 

Беларусликлар Германиядаги айнан қайси вагонда милтиқ борлигини қаердан аниқ билгани номаълум. Қурол йўқолганини фақат 20 март куни Нюрнбергдаги темирйўлчилардан бири пайқаган. Полициянинг таъкидлашича, ўғирланган қуроллар одамларни узоқ масофадан аниқ ўлдириш имконини берган.

Мавзуга оид