Ўзбекистон | 15:06 / 13.04.2024
11028
2 дақиқада ўқилади

Воҳа вилоятларида кучли ёғингарчиликлар туфайли сел ҳодисалари кузатилмоқда

Аввалроқ Ўзгидромет 13-14 апрел кунлари Ўзбекистоннинг марказий вилоятларида кучли ёғингарчиликлар содир бўлиши ҳақида прогноз қилганди.

Фото: Kun.uz

Қашқадарё, Самарқанд ва Жиззах вилоятларининг бир қанча ҳудудларида кеча тунда ва бугун эрталаб ёғиб ўтаётган кучли ёмғирлар туфайли сел ҳодисалари кузатилмоқда.

Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари сел ҳодисалари тасвирланган видеоларни ижтимоий тармоқларга жойламоқда.

Жумладан, 2024 йил 12 апрел куни Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида кучли сел оқиб ўтган.

Бугун, 13 апрел куни тонгда бошланган кучли ёмғир туфайли Самарқанд вилоятининг Нуробод ва Ургут туманидаги сойлардан сел оқмоқда. Самарқанд шаҳрининг бир нечта кўчасини сув босган.

Жумладан, Нуробод тумани Сарикўл, Анжирли ва Жом қишлоқларидан ўтган сойда сел келган. Шунингдек, сел А-378 Самарқанд-Ғузор йўлининг бир қисмини сув босишига сабаб бўлган.

Самарқанд шаҳрида халқ тилида “Макаронка” деб аталувчи кўчани яна сув босган ва йўл автомобиллар ҳаракати учун тўсилиб қолган.

Жиззах вилоятининг Бахмал, Ғаллаорол, Шароф Рашидов туманларида сел ҳодисаси кузатилган. Шароф Рашидов тумани Бешовул қишлоғида оққан сел Жигули машинасини қум-шағалга тўлдирган.

Сел ҳодисалари аҳолига зарар етказгани ҳақида хабар берилмади. Сув асосан сойларда оқмоқда.

Маълумот учун, аввалроқ Ўзгидромет 13-14 апрел кунлари Ўзбекистоннинг марказий вилоятларида кучли ёғингарчиликлар содир бўлиши ҳақида прогноз қилганди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги эса сел ҳодисаси кузатилган пайтда аҳоли қандай чоралар кўриши бўйича тавсиялар берганди.

Мавзуга оид