Евроиттифоқ қишдан омборларда рекорд миқдорда сақланаётган газ билан чиқяпти
«Кўп ташвишларга қарамай, биз энергия хавфсизлиги ва бирдамлиги ҳамда тоза энергия баланси билан аввалгидан ҳам кучлироқмиз», деди Европа Иттифоқи энергетика комиссари Кадри Симсон.
Европа Иттифоқи мамлакатларидаги газ омборлари қишки иситиш мавсумининг тугаш санаси бўлган 31 март ҳолатига кўра, 58 фоиздан кўпроққа тўлган, бу «кузатишлар тарихидаги» рекорд кўрсаткичдир. Бу ҳақда ЕИнинг энергетика бўйича комиссари Кадри Симсоннинг 12 апрел, жума куни Европа Иттифоқи расмий сайтида чоп этилган баёнотида айтилади.
«Европа Россиянинг Украинага ноқонуний ҳужуми ортидан иккинчи қишдан чиқмоқда. Кўп ташвишларга қарамай, биз аввалгидан ҳам кучлироқмиз, энергия хавфсизлиги ва бирдамлиги ҳамда тоза энергия баланси билан», - деб ёзган комиссар. У бундай юқори сақлаш даражаси нафақат энергия таъминотини муваффақиятли диверсификация қилиш, балки «фуқаролар ва корхоналарнинг газга бўлган талабни камайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар, шунингдек, қайта тикланадиган энергияга инвестицияларнинг натижаси» эканига аниқлик киритди.
Кадри Симсон Европа Иттифоқи фуқаролари ва саноатни «украиналик дўстларни» қўллаб-қувватлашни давом эттиришга чақирди. «Европанинг энергия хавфсизлиги ва рақобатбардошлигини таъминлаш, нархларни пасайтириш ва тоза энергияга ўтишни рағбатлантириш устувор вазифалар бўлиб қолмоқда», — дейилади баёнотда. Симсон нархлар «урушдан олдинги даражага» қайтганини тасдиқлади ва «Европа келгуси қишки иситиш мавсуми учун газ таъминотини ишонч билан тўлдиришни бошлаши мумкин», деди. Шу билан бирга, у Европа Иттифоқининг энергетика инқирозини енгиш қобилияти ғурурланишга арзирли эканлигини таъкидлади.
REPowerEU мақсадлари ва натижалари
Европанинг Россияда қазиб олинадиган ёнилғига қарамлигини тугатиш учун мўлжалланган REPowerEU режаси Европа комиссияси томонидан 2022 йилнинг март ойида, Россиянинг Украинага тўлиқ миқёсли ҳужумидан сўнг дарҳол таклиф қилинган эди. 2022 йил давомида энергия соҳасида бир қатор фавқулодда қонунчилик чоралари қўлланди, улар Европа Иттифоқига аъзо давлатлар томонидан биргаликда амалга оширилди.
REPowerEU режаси қабул қилингандан сўнг, Россия газининг Европага импорт улуши 2021 йилдаги 45 фоиздан 2022 йилда 24 фоизга, 2023 йилда эса 15 фоизга камайди. Европаликлар сўнгги 18 ой ичида газга бўлган талабни қарийб 20 фоизга камайтириб, 107 миллиард куб метрдан кўпроқ газ тежаб қолди. 2022 ва 2023 йилларда энергия балансида қайта тикланувчи энергия манбалари улушининг ортиши 24 миллиард куб метр рус газини алмаштириш имконини берди. «Натижада, 2023 йилда энергетика секторидан ташламалар деярли чорак қисмга қисқарди, шу билан бирга, иқтисодиёт ўсишда давом этди», дейилади Кадри Симсон баёнотида.
Охирги бир ярим йил ичида ЕИда газ нархи тушиб кетди
«2022 йил август ойида Россиянинг энергия уруш сиёсати чўққисида 300 евро/МВт соатлик кўрсаткичдан ошиб кетганидан сўнг, газ нархи урушдан олдинги даражага тушди ва 2024 йил январидан бери доимий равишда 30 евро/МВт соатдан паст бўлиб турибди», деди Европа Иттифоқи комиссари.
Мавзуга оид
12:50 / 02.11.2024
Лавров Украинада уруш бошланганидан бери илк бор Евроиттифоққа боради
21:49 / 31.10.2024
Евроиттифоқ Хитойнинг Temu интернет-дўконини жаримага тортмоқчи
10:20 / 30.10.2024
Зангиотада газдан ноқонуний фойдаланган шахслар ушланди
15:54 / 29.10.2024