Жаҳон | 22:40 / 13.04.2024
10474
2 дақиқада ўқилади

Запорижжя атом электр станциясининг барча реакторлари тўхтатилди

АЭХА реакторларни маълум муддат шу ҳолатда сақлашни тавсия қилган.

Фото: Getty Images

Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА) Россия томонидан ишғол қилинган Запорижжя атом электр станциясининг тўртинчи энергетика блоки совуқ ўчириш режимига ўтказилганини маълум қилди. Бу барча 6 та реактор тўхтатилганини англатади.

Бу ҳолат 2022 йил охиридан бери биринчи марта юз бермоқда. Тўртинчи энергия блоки 13 апрел куни эрталаб ушбу иш режимига ўтган.

АЭХА бош директори Рафаэл Гроссининг қайд этишича, ташкилот реакторларни маълум муддат шу ҳолатда сақлашни тавсия қилган, бироқ тўртинчи энергоблокни тўхтатиш станциянинг аксарият ходимлари истиқомат қиладиган Энергодар шаҳри қишки иситиш мавсумини якунлаганидан кейин бошланган.

Запорижжя АЭС 2022 йил сентябридан бери Украина тармоғига электр энергияси етказиб бермаяпти, бироқ маҳаллий аҳолини иссиқлик энергияси билан таъминлаш ва суюқ радиоактив чиқиндилардан буғни тозалаш учун реакторлардан бирини иссиқ ўчириш режимида ушлаб турибди, дейилади АЭХА баёнотида.

Баёнотда таъкидланишича, совуқ ўчириш ҳолатида, агар иссиқликни бартараф этилмаса, шошилинч чоралар талаб қилинишидан олдин бир неча кунлик вақт бор.

Бундан ташқари, ушбу режимда станция камроқ сув истеъмол қилади. Каховка ГЭС тўғони вайрон қилингандан кейин сув етарли эмас эди.

Мавзуга оид