Жаҳон | 21:53 / 15.04.2024
10368
2 дақиқада ўқилади

Исроилга ҳужумлар туфайли бир қанча давлат ташқи ишлар вазирлиги Эрон элчиларини чақирди

Эрон элчиларига минтақада вазиятнинг кескинлашувига йўл қўйиб бўлмаслиги маълум қилинган. 

Фото: Getty Images

Германия, Белгия ва бошқа мамлакатлар ташқи ишлар вазирликлари Эрон элчиларини чақириб, Теҳроннинг Исроилга берган зарбаларини қоралашини маълум қилишди. 

«Ушбу ҳужум мисли кўрилмаган эскалациянинг давомидир (...) Биз уни кескин қоралаймиз», деди Белгия Ташқи ишлар вазири Ҳажа Лабиб. 

Унинг илтимосига кўра, Эроннинг Белгиядаги элчиси чақирилиб, унга ҳар қандай ҳолатда ҳам минтақадаги кескинлашувнинг олдини олиш кераклиги айтилган. 

Эрон элчиси чақирилганини Чехия ташқи ишлар вазири Ян Липавский ҳам эълон қилди. «Бугун мен Эрон элчисига қўнғироқ қилишга қарор қилдим. Чехия дипломатияси Исроилга ҳужум қилиш орқали барча чегараларни кесиб ўтганини Эронга маълум қилди», деб ёзди Липавский. 

Ўз навбатида, Ғарб матбуоти Германия ташқи ишлар вазирлиги Эрон элчисини Исроилга берилган зарбалардан норозилигини билдириш учун чақирганини хабар қилди. 

14 апрел куни Эрон элчилари Британия, Нидерландия ва Иордания томонидан ҳам чақирилган. Британия департаменти Эронни нафақат ҳужум учун, балки Иордания ва Ироқ ҳаво ҳудудини бузганликда ҳам қоралаганини маълум қилган. 

Бундан ташқари, Франция ташқи ишлар вазири Стефан Сежурне 14 апрел куни Ташқи ишлар вазирлигидан Эрон элчисини чақиришни сўраган. 

Шу билан бирга, 14 апрел куни Эрон Ташқи ишлар вазирлигига Буюк Британия, Франция ва Германия элчилари чақирилган. Уларга Эроннинг Исроилга жавоб зарбалари бериш масаласи бўйича ўз давлатларининг «позицияси масъулиятсиз» экани маълум қилинган. 

14 апрелга ўтар кечаси Эрон Исроилга қарши кўплаб ракета ва дронлар билан зарба берди. Исроил Мудофаа кучлари хабарига кўра, Эрон томонидан Исроилга бир кечада учирилган 300 га яқин ҳаво нишонларининг қарийб 99 фоизи Исроил ҳаво мудофааси томонидан уриб туширилган.

Мавзуга оид