Жаҳон | 14:29 / 16.04.2024
6738
3 дақиқада ўқилади

Болдуиннинг филмини суратга олиш пайтидаги қотиллик: реквизитчига 1,5 йил берилди

Ню-Мексико суди актёр Алек Болдуиннинг қуролини ўқ билан тўлдирган реквизитчини операторнинг ўлимида айбдор деб топди.

Алек Болдуин Фото: Instagram / alecbaldwininsta

27 ёшли реквизит устаси Ханна Гутерес-Рид Ҳолливуднинг «Занг» филми суратга олиш майдонида актёр Алек Болдуиннинг қўлига ҳақиқий ўқлар билан тўлдирилган тўппонча тушиб қолгани ва оператор Галина Хатчинс ўлимига сабаб бўлган отишмада айбдор деб топилди. 15 апрел, душанба куни Ню-Мексико суди уни эҳтиётсизлик оқибатида одам ўлдиришда айбдор деб топди ва 18 ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилди. 

«Агар сиз бўлмаганингизда, мисс Хатчинс тирик бўлган бўларди. Эрининг шериги, боланинг онаси бўларди», деб таъкидлади судя Гутерес-Ридга. Ҳакамлар ҳайъати аёлни март ойи бошида қотилликда айбдор деб топди. Прокурорлар таъкидлашича, у ўз вазифасига бепарволик билан ёндашган ва суратга олиш майдончасидаги 20 дан ортиқ қуролни тўғри сақламаган. Ўз навбатида, адвокатлар хавфсизлик қоидалари суратга олиш гуруҳининг бошқа аъзолари томонидан ҳам бузилгани ва вазиятлар аянчли бирикмаси операторнинг ўлимига сабаб бўлганини таъкидлаб, шартли жазо тайинлашни сўради. 

«Занг» филми суратга олиш майдонидаги ҳақиқий ўқлар 

«Занг» филми суратга олиш майдончасидаги фожиа 2021 йил 21 октябрда юз берган. Саҳналардан бирида филмнинг бош актёри ва продюсери Алек Болдуин 45 калибрли колтдан отиши керак эди, аммо маълум бўлишича, реквизит қуролида сохта эмас, балки ҳақиқий ўқлар бўлган. Болдуин 42 ёшли оператор, украиналик Галина Хатчинсонни отиб юборди. У шифохонада олган тан жароҳатлари туфайли вафот этган. Филм режиссёри Жоэл Соуза ҳам яраланган. Тергов жараёнида суратга олиш тўхтатилди. 

Отишма жойига ўқ-дорилар қандай тушиб қолгани ҳозирча аниқ эмас. Воқеа туфайли Алек Болдуин ҳам одам ўлдиришда айбланган. Унинг суд жараёни 10 июлга белгиланган. Болдуиннинг ўзи қуролни оператор ишлаётган камерага қаратиб, тепкини босганини рад этади. Бироқ, ФТБ мутахассислари ва қурол бўйича мустақил экспертларнинг таъкидлашича, тепки босилмаса, ўқ узилмайди.

Мавзуга оид