Ню-Йоркда Доналд Трамп устидан жиноий суд жараёни бошланди
Трамп АҚШ тарихида жиноий ҳуқуқбузарликда айбланган биринчи собиқ президент бўлди.
15 апрел куни Ню-Йоркда АҚШ собиқ президентига нисбатан биринчи жиноий суд бошланди.
Бу йил яна Республикачилар партиясидан президентликка даъвогарлик қилаётган Доналд Трамп 2016 йилги сайлов кампанияси учун йиғилган маблағларни ноқонуний сарфлагани ва ҳужжатларни сохталаштиргани учун судланмоқда, иш бўйича жами 34 эпизод бор, деб хабар берди CNN.
Гап, хусусан, Трамп билан яқин муносабатда бўлганини даъво қилган собиқ порно актриса Сторми Дэниелсга сайлов фондларидан 130 минг доллар тўланиши ҳақида кетмоқда. Дэниелс сайловолди кампанияси пайтида Трамп билан муносабатини фош этиш билан таҳдид қилган. Айблов хулосасига кўра, 130 минг доллар унинг сукут сақлаши учун тўланган.
Судда айблов гувоҳи сифатида кўрсатма берадиган Трампнинг собиқ адвокати Майкл Коэн кўрсатмаларига кўра, Дэниелсга тўланган пул ҳуқуқий хизмат харажатлари сифатида расмийлаштирилган. Тергов Трамп сайлов фонди пулларини ноқонуний ишлатган ва уни яширишга уринган, деб ҳисоблайди.
Айбловлар тасдиқланса, ҳукм 20 йилгача қамоқ жазосини ўз ичига олиши мумкин, гарчи бундай жазо тайинланиши даргумон. Шартли жазо ҳам берилиши мумкин. Трамп ўзининг тўлиқ айбсизлигини таъкидлаб, бошқа нарсалар қатори, Коэн илгари ёлғон гувоҳлик бергани учун судлангани ва ишончсиз гувоҳ эканини таъкидламоқда.
У, шунингдек, 2016 йилги президентлик сайлови натижаларини бекор қилишга уринишда иштирок этганлик ва махфий ҳужжатлар билан ноқонуний муомала қилганлик учун федерал жиноий жавобгарликка тортилади. Жоржия прокуратураси уни штатдаги сайлов натижаларини ўзгартиришга уринишда айбламоқда.
Бу суд жараёнларининг барчаси бу йилги президентлик сайлови олдидан бошланиши кутилган эди. Бироқ улар Олий суднинг мамлакат собиқ президентини жиноий жавобгарликка тортилишдан дахлсизлиги бор-йўқлиги ҳақидаги қароригача қолдирилди. Жоржияда суд жараёни қачон бошланиши ҳам номаълум.
Трамп суд жараёнини президентлик сайловига аралашиш деб билади.