Исроил қўшинлари нега Рафаҳдан кетди?
ЦАҲАЛ апрел ойининг илк ҳафтасида Ғазо жанубини тарк этган эди. Бироқ Исроил расмийлари Рафаҳда ҳарбий амалиёт барибир бўлишини айтмоқда. Хўш, бу вақтинчалик тарк этиш нима билан боғлиқ? Эроннинг Исроилга ҳарбий жавоби Ғазодаги вазиятга таъсир қиладими? Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида бу борадаги саволларга сиёсий таҳлилчи Бектош Бердиев жавоб берди.
— Исроил ўз ҳарбийларини Ғазодан қисман олиб чиққанидан сўнг ҳудудда ҳозирги вазият қандай?
— Ғазода жуда катта ҳуманитар инқироз вужудга келиб бўлди. Маълум даражада Исроил қўшинларининг олиб чиқилишида 2 та асосий омил рол ўйнади. Биринчиси – АҚШ ва Ғарб давлатларининг босими. Тўғри, санкциялар, ултиматумлар даражасидаги босимлар бўлгани йўқ, шунчаки ахборот босими ва қўлламасликни билдириб, танқид қилишлар кўп бўлди. Бундай ҳолатда Исроил ўз имижи устида ишлашига тўғри келади, иттифоқчилари билан ҳисоблашишга ҳам мажбур.
Иккинчиси – Исроил Ғазода доим ҳам ғалабали ҳаракат олиб бормади. Инфратузилмани вайрон қилгандир, 34 минг одам ўлдирилди, лекин стратегик ғалабага эришилмади. Стратегик ғалаба – ҲАМАСни бутунлай йўқ қилиш. Лекин буткул йўқотолмаслигини Исроил ҳам билади, ҲАМАС бу – Ғазо халқи демак.
Исроил Рафаҳдан чиқиб туришига сабаблардан бири – ҳарбий стратегиясини бошқатдан ўйлаб олиш. Исроилда ҳам йўқотишлар бор. Бу вақт давомида ҳарбий ҳаракатлар тактикасига маълум ўзгартиришлар киритади, Рафаҳни қайта ўрганиб чиқади, деб тахмин қилиш мумкин.
— Эроннинг Исроилга қилган жавоб ҳужуми Исроил ҳарбий стратегиясида ўзгаришларга сабаб бўлиши мумкинми?
— Исроил Яқин Шарқда катта салоҳиятга эга давлатлардан бири. Унинг Эронга зарба бериш эҳтимоли катта, чунки бунинг учун сиёсий, иқтисодий, ҳарбий-технологик имкониятларга эга. Фақат бу зарба қачон ва қандай бўлиши сўроқ остида турибди. Исроилнинг ракеталари бемалол Эронга етиб боради. Баъзи маълумотларга кўра, Исроилнинг Эронга нисбатан асосий даъвоси – унинг ҳарбий кучларига эмас, балки ядро дастурига қаратилган. Исроил ўзидаги ядро қуролини тан олмайди ва яшириб келади. Исроил Яқин Шарқда ҳеч бир мусулмон давлати ядро қуролига эга бўлишини истамайди. Кўряптики, Эронда бу борада етарлича илмий, технологик шароит яратилган ва яқин йилларда ядро қуролига эга бўлиши мумкин. Агар шундай бўлса, Исроил ўзини бемалол, хавфсиз ҳис қила олмайди ва хоҳлаган ишини қилишга ҳам тўсқинлик бўлади бу. Шу сабаб Исроил Эронга ҳужум қилса, бу Эронники каби оддий бўлмайди, катта талафотга олиб келувчи зарба беради.
— Эрон ракета ва дронлари Исроилга талафот етказа олмаган бўлса-да, дунёда Исроилга ҳеч ким ҳеч нарса деёлмайди, деган тафаккурнинг ўзгаришига олиб келмадими?
— Албатта, шундай фикрларни ўзгартирди. Эроннинг зарбалари Исроилга катта зарар етказмади, чунки Эрон вазиятни чигаллаштиришни истамайди. Жавоб бериши керак бўлгани учун зарба берди, Эрон бунинг оқибатини ўйлайдиган давлат. У Исроил билан асосан билвосита уруш олиб боради, яъни қайсидир ташкилот, гуруҳлар орқали.
Шу пайтгача Эрон Исроилга тўғридан тўғри хавф солмаган, агар шундай қилса катта урушга тортилишига олиб келишини билади. Шу сабаб тўғридан тўғри конфликтга бормасликка ҳаракат қилади. Лекин охирги вазиятлар алоҳида масала. Исроил томонидан Эроннинг консуллигига зарба берилиши унинг ғурурига тегди ва Эрон шу тариқа жавоб берди. Лекин Исроил томони зарба берса, бундай юмшоқ зарба билан чекланмайди, қаттиқ зарба беришга тайёр Исроил.
Вазиятга қарайдиган бўлсак, Исроил ҳарбий иттифоқчилар жиҳатдан ҳам устун, биринчи навбатда АҚШ ва Британия. АҚШ ва Британия катта урушларни истамаслиги мумкин, лекин Эронни жазолаш учун маълум бир ҳарбий операциялар ўтказа олади. Лекин Эрон ҳам жавоб беради. Шу сабаб ҳам улар Эрон ва Исроил ўртасида уруш келиб чиқишини хоҳламайди.
Бундан ташқари, Исроил юқори даражадаги, ҳатто ақлли технологияларга эга. Масалан, Эронда Муҳсин Фахризоданинг ўлдирилиши ҳам шундай технология билан бўлганди.
— Эрон ва Исроил муносабатининг Ғазога, Исроилнинг Рафаҳга кириш режасига таъсири қандай бўлади?
— Фикримча, Ғазодаги вазият ва Эрон билан муносабатлар ўртасида боғлиқлик кам. Ғазода асосан сунний мусулмонлар яшайди. Ғазо масаласи Исроилнинг олдиндан бўлган стратегияси, ҳозир Ғазонинг охирги эгалланмаган пункти – Рафаҳ. Рафаҳда 1,5 млн аҳоли тўпланган, у ерда ўлимлар сони ошиб кетса, Исроил имижи буткул қора бўлади. Шунинг учун бу нуқтада ўйлаброқ ҳаракат қиляпти. АҚШ ва Ғарб давлатлари Исроилни эҳтиётсизлик қилишда, тинч аҳоли кўп қурбон бўлаётганида айблади, араб давлатлари бутунлай Исроилга қарши чора кўришга чақиряпти, Туркия унга етказилаётган маҳсулотларни тўхтатишга қарор қилди. АҚШ реал босим қила олди. Мусулмон давлатларининг фикри эса Исроил учун доим ҳам қизиқ эмас.
Эрон ва Ғазо бир-бирига боғлиқ эмас. Эроннинг асосий қизиқиш нуқталари Ливан ва Сурия, чунки у ерда шиалар бор. Эроннинг асосий мақсади – Исроилни бутунлай йўқ қилиш, бу бўйича ҳарбий доктринаси ҳам бор. Исроил эса бир вақтнинг ўзида Ғазода ҳам, Эрон билан ҳам, Ливанда ҳам ҳарбий операциялар олиб бориши мумкин, чунки чексиз қўллов бор. Биринчи ўринда АҚШ, кейин Германия, Италия, Франция ҳам қурол-яроғ етказиб беряпти. Шу нуқтада икки хил стандарт бор: АҚШ ва Ғарб давлатлари ҳарбий амалиётни тўхтатишга чақиряпти, ҳуманитар ёрдам беряпти, лекин бир вақтнинг ўзида Исроилга қурол ҳам етказиб беряпти.
Нега қурол етказяпсиз, дейилса, Исроилнинг ўзини ўзи ҳимоя қилиши учун, дейди. Лекин бу давлатлар ҳимоя қилиш ва тажовуз қилишнинг фарқини билмасликда айбланяпти.
— Исроилнинг Рафаҳдаги операцияни тўхтатиб туриш қарори қанчалик узоқ муддатга мўлжалланган?
— Аслида Исроил учун ҲАМАС – бир восита. ҲАМАСни йўқ қилиш баҳонасида Ғазога кириш – асл мақсад. Ғазо ҳудуди Ўртаер денгизи бўйлаб чўзилган, катта бизнес ва стратегик лойиҳалар учун жуда қулай. Бу ердан Сувайш каналига муқобил йўл очмоқчи Исроил. Яъни ўзини муҳим логистика майдони сифатида намоён этмоқчи. Бу лойиҳа билан Қизил денгиздаги катта товарлар оқимини Ўртаер денгизи орқали олиб чиқмоқчи. Афсуски, бу лойиҳа Ғазога тўғри келган. Ҳужумлар қилиш, вайрон қилишдан мақсад – у ердаги аҳолини бу ердан кетишга ундаш. Ташлаб кетмаганда ҳам Исроил ҳудудни тўлиқ назоратига олиб, шу лойиҳаларни эркин амалга ошириш имкониятига эга бўлиш.
Шу нуқтайи назардан, Исроил яқин орада яна Рафаҳга киради. Урушни шу нуқтада қолдириш Исроил ҳукуматига ҳам, стратегиясига ҳам тўғри келмайди. Албатта, урушни давом эттиради. Исроилга халқаро босим, санкциялар қўлланмас экан, у хоҳлаган ишини қилади. Исроил расмий тарзда геноцидда айбланиши эҳтимоли ҳам паст, чунки АҚШдаги яҳудий лоббиси бунга йўл қўймайди. Исроил АҚШнинг бир штатидак гап. Исроил йўқ бўлди дегани АҚШ Яқин Шарқда мавжудликни йўқотди дегани. Яқин Шарқни назорат қилиш мусулмон дунёсини назорат қилиш, таъсир ўтказиш дегани, бунинг учун эса АҚШга Исроил керак.
— Демак, ҳаракатлар бошланиши узоқ куттирмайди, шундайми?
— Худди шундай. Биринчидан, Исроил ҳамма қўшинларини олиб чиққани йўқ, назорат учун маълум қисми қолдирилди. Энди Ғазо олдингидек бўлмайди, илгари қамал ҳолатида бўлса ҳам, ички сиёсат Исроил назоратидан холи эди. Энди қандай ҳукумат шакллантирилишидан қатъи назар, Исроил назоратида бўлади. Исроил ҲАМАСни йўқ қилдик дейиши мумкин, лекин ўша ердаги яқинлари ўлган болалар эртага ҳамасчи бўлиб етишади. Шунинг учун Исроил у ердаги жараёнларни назорат қилишга интилади, бунинг учун эса Ғазони тўлиқ эгаллаб, аҳолини ўз сиёсати асосида ушлашга ҳаракат қилади.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
22:51 / 22.11.2024
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
14:54 / 22.11.2024
Байден ХЖСнинг Нетаняҳуни ҳибсга олишга ордер беришига муносабат билдирди
21:00 / 21.11.2024
АҚШ–Хитой зиддияти ва Тайван омили: Трампдан нима кутиш мумкин?
17:37 / 21.11.2024