Иқтисодиёт | 16:19 / 17.04.2024
7713
2 дақиқада ўқилади

Кўмир нархларини давлат томонидан тартибга солиш бекор қилиниши мумкин

Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан, 1 ой муддатда кўмирнинг улгуржи ва чакана нархларини бозор тамойиллари асосида шакллантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилиши белгиланди.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда кўмир нархларини бозор тамойиллари асосида шакллантиришга ўтиш режалаштирилмоқда. Бу – Вазирлар Маҳкамасининг энергоресурсларга янги тарифлар жорий этиш тўғрисидаги қарорида белгиланган.

Қарорга кўра, тегишли вазирлик ва идораларга 1 ой муддатда кўмирнинг улгуржи ва чакана нархларини бозор тамойиллари асосида шакллантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш топширилди.

Ҳозирда аҳоли, бюджет ташкилотлари ва иссиқлик электр станцияларига тўғридан тўғри шартномалар асосида етказиб бериладиган кўмир ижтимоий аҳамиятли товар ҳисобланади ва нархи давлат томонидан тартибга солинади.

Кўмирнинг улгуржи ва чакана нархлари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Идоралараро тариф комиссияси томонидан ҳар йили камида бир марта (1 июнга қадар) кўриб чиқилиб, тасдиқланади. Белгиланган чакана нархдаги кўмир аҳолига “Кўмир таъминот” АЖнинг кўмир омборлари орқали сотилади.

Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2023 йилда Ўзбекистонда 6,19 млн тонна кўмир қазиб олинган бўлиб, бу – 2022 йилга нисбатан 15,5 фоизга юқори. 2024 йилда кўмир қазиб олишни яна 22 фоизга ошириш режа қилинган.

Шунингдек, ўтган йили 204 млн долларлик кўмир импорт қилинган, бу бир йил олдингидан 67,8 фоизга кўп. Хусусан, 2023 йилда Қозоғистондан кўмир импорти 82,3 фоизга ошиб, 3,1 млн тоннага етган.

Мавзуга оид