Ўзбекистон | 21:55 / 18.04.2024
7868
5 дақиқада ўқилади

18 апрелнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган воқеалар ва ҳодисалар

Президентнинг Тожикистонга ташрифи, пасаяётган кўчмас мулк бозори, Самарқандда чўкиб кетган гўдаклар, Қашқадарёда авария иштирокчисига айланган ЙПХ ходими — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан танишинг. 

Президентнинг Тожикистонга ташрифи

Оғабек Собиров, Муножат Йўлчиева, Озодбек Назарбеков ва Юлдуз Усмонова «Тожикистон халқ ҳофизи» бўлди. Шунингдек, Ўзбекистон миллий академик драма театри директори Ёдгор Саъдиевга «Тожикистон халқ артисти» фахрий унвони топширилди.

Тожикистон Республикаси президенти Имомали Раҳмон фармони билан ўзбекистонлик санъаткорлар фахрий унвонлар билан тақдирланди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев фармони билан тожикистонлик маданият ва санъат ходимлари ҳам тақдирланди.

Душанбе шаҳридаги Миллат саройида ўзбекистонлик санъаткорларга мукофотларни топшириш маросими бўлиб ўтди.

Қайд этиб ўтиш керак, Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг Душанбега ташрифи давомида Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида иттифоқчилик муносабатлари ўрнатилди.

Олий даражадаги музокаралар якунида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги тарихий шартномани имзолади.

Бундан ташқари, давлат раҳбарлари ҳузурида икки томонлама ҳужжатларни алмашиш маросими бўлиб ўтди.

Ташриф давомида Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг деярли барча йўналишларини қамраб олувчи 28 та ҳужжат имзоланган. 

Энергия ресурслари ислоҳоти

Ўзбекистонда юридик шахслар учун табиий газ ва электр энергияси учун 100 фоиз олдиндан тўлов тизими қайтарилади.

2024 йил 1 июлдан бошлаб юридик шахслар электр энергияси ва табиий газ учун 100 фоиз олдиндан тўловни амалга ошириши шарт. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг энергия тарифлари тўғрисидаги қарорида айтилган.

Ушбу тартиб 2017 йилнинг июлидан 2019 йилнинг февралигача амалда бўлган, шундан сўнг аванс миқдори 50 фоизгача камайтирилган эди. 

Кун рақами

Тошкент шаҳрида март ойида кўчмас мулк бозори 20,7 фоизга пасайди

Феврал ойида кўчмас мулк бозорида фаоллик бироз ўсишидан сўнг, март ойида сезиларли пасайиш қайд этилди. Пойтахтнинг ижара бозоридаги фаоллик янада камайган.

Ҳудудлар бўйича кўчмас мулк бозоридаги фаолликнинг энг катта пасайиши Наманган ва Фарғона вилоятларида 27 ва 28 фоизга, Қорақалпоғистон Республикасида эса 26 фоизга қайд этилди. 

Самолётга эртароқ қайддан ўтилади

Uzbekistan Airways халқаро авиақатновларга рўйхатдан ўтиш вақтини ўзгартирди: энди халқаро авиақатновларга рўйхатдан ўтиш вақти парвозга 40 дақиқа эмас, 1 соат қолганда тугатилади.

Uzbekistan Airways миллий авиакомпанияси янги қоиданинг жорий этилишига сабаб қилиб, Тошкент халқаро аэропортида авиақатновлар сони ошгани ва йўловчилар оқими кўпайганини келтирмоқда. Энди четга учаётганлар аэропортга эртароқ боришига тўғри келади. 

Самарқандда яна бир фестивал

Шу йилнинг 13–14 май кунлари Самарқанд шаҳридаги «Silk Road Samarkand» халқаро сайёҳлик мажмуасида «Хотин-қизларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ҳуқуқ ҳамда имкониятларини кенгайтириш масалаларига минтақавий ёндашув» мавзусида Осиё Хотин-қизлари форуми ўтказилади.

Маълум қилинишича, мазкур форумни ўтказиш ташаббуси Ўзбекистон президенти томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида минтақа мамлакатлари етакчи аёлларининг бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларнинг давлат ва жамият бошқаруви ҳамда иқтисодиётдаги иштирокини янада кенгайтириш борасида тажриба алмашиш мақсадида илгари сурилган. 

Депутат ўзгараётган тарифлар ҳақида

Депутат Бобур Бекмуродов энергетика соҳасида молиявий очиқликни таъминлашга чақирди.

Қонунчилик палатаси депутати, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раҳбари Бобур Бекмуродов ўз Telegram-каналида 1 майдан эътиборан аҳоли учун электр энергияси ва табиий газ тарифлари ўзгариши ҳамда ижтимоий нормалар киритилишига муносабат билдирди.

Бекмуродов бойлар ўз харажатлари учун давлатдан дотация олмаслиги керак, деди. У тариф ислоҳоти жараёнида табиий газ етиб бормаган ҳудудлардаги шароитларни ҳисобга олиш, энергетикага ажратилаётган маблағларнинг очиқлигини таъминлашга чақирди. 

Дарғом каналида нобуд бўлган гўдаклар

Самарқанддаги каналдан икки боланинг жасади топилди. Уларнинг онаси ҳам қидирилмоқда

Самарқандлик 24 ёшли аёл икки ёш боласи билан 15 апрел куни йўқолган. 16 апрел куни Дарғом каналининг Тойлоқ тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи қисмидан аёлнинг фарзандлари — 4 ёшли қизалоқ ва 1 ёшли ўғил боланинг жасади топилган.

Ҳозирда аёлни қидириш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур ҳолат юзасидан Тойлоқ туман прокуратураси томонидан 16 апрел куни Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

ЙПХ ходими «авария» иштирокчиси

Қашқадарё вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси йўл-патрул хизмати бўлими командири ўринбосари «Lacetti» автомашинасида Яккабоғ туманида йўл-транспорт ҳодисаси содир этгани маълум қилинмоқда. У фуқарога тегишли Nexia-2 автомашинаси билан чорраҳада тўқншаиб кетган.

11 апрел куни содир бўлгани айтилаётган ҳодисада ҳеч ким жароҳатланмаган. Ҳолат юзасидан прокуратура текширув ҳаракатлари олиб бормоқда.

Мавзуга оид